Линклар

logo-print

Лаҳорда академия жангарилар нишонига олинди


Лаҳордаги полиция академиясига қилинган ҳужум оқибатида полициянинг 20га яқин ходими нобуд бўлди.

Лаҳордаги полиция академиясига қилинган ҳужум оқибатида полициянинг 20га яқин ходими нобуд бўлди.

Покистон хавфсизлик кучлари бугун эрта тонгда жангарилар томонидан босиб олинган Лаҳордаги полиция академиясида қайта назорат ўрнатди.

Покистон хавфсизлик кучларининг юзга яқин ходими академия биносини қуршовга олиб, саккиз соат давомида бинога яширинган жангариларга қарши амалиётлар олиб борди.

Амалиётлар ниҳоясига етгани эълон қилинган бўлсада, ҳозирча талафотлар тўғрисида расмий маълумот ошкор қилинмади.

Полиция ва маҳаллий ахборот агентликлари хабарига кўра, қуролланган номаълум шахсларнинг Лаҳордаги полиция академиясига ҳужум қилиши оқибатида полициянинг 20га яқин ходими нобуд бўлган, 80га яқини тан жароҳат олган.

Жангарилар ҳужумидан омон қолган полициячи Покистон телевидениесига мана бундай деди:

-Эрталаб чамаси соат етти яримларда барчамиз академия ҳовлисида тўпланиб турган эдик. Шу пайт тўрт ёки беш жангари девордан ошиб ўтиб, даставвал полиция ходимларига қўл гранатаси улоқтирди. Кейин улар барчани автоматдан ўққа тута бошлади.

Жон сақлаш мақсадида ҳамма ҳар ёнга чопиб кетди. Мен билан яна уч киши қочиб қутулишга муваффақ бўлдик. Маҳаллий шифокорлар бизга ёрдам кўрсатиб, барчамизни шу ерга олиб келди,-деди покистонлик полициячи.

Шифохонага олиб келинган Муҳаммад Осиф исмли бошқа бир полициячи жангарилар ҳужум қилган пайт академияда жами 700га яқин полициячи бўлганини айтади.

Лаҳордаги полиция бошқармаси вакилининг таъкидича, ҳужум уюштирган жангариларнинг аксари полиция кийимида бўлган.

Бугунги воқеадан қарийиб бир ой муқаддам қуролланган номаълум шахслар айнан Лаҳор шаҳрида Шри-Ланка спортчиларига ҳужум уюштирган эди.

Ўшанда полициянинг олти ходими ва бир ҳайдовчи нобуд бўлиб, бир неча спортчи тан жароҳати олган. Ҳужум уюштирган жангарилар эса қочишга муваффақ бўлган.

Полиция академиясига уюштирилган ҳужум учун масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.

Айни пайтда покистонлик журналист ва ҳуқуқ фаоли Раҳмон Озодлик радиосига покистонликлар "Мамлакатда экстремизмнинг авж олиб бораётганидан даҳшатга тушмоқда ва ҳужум уюштирган жангариларнинг ким эканини яхши биладилар", деган фикрларни билдирди.

-Бу каби ҳуружлар ортида ким турганини ҳамма билади. Жангариларни қурол билан таъминлаб уларни бутун жаҳон бўйлаб ҳужум уюштиришга юбораётган Ал-Қоида, Толибон ва Покистондаги ташкилотлар ўртасида алоқа борлигини ҳамма билади,-дейди покистонлик ҳуқуқ фаоли.

Айрим оммавий ахборот воситалари вилояти ҳокими Солмон Тасирга таяниб полиция академиясига саккиз ёки ўн нафар жангари ҳужум уюштирганини билдирди.

Ҳуқуқ фаоли Раҳмоннинг фикрича, жангариларнинг ҳеч иккиланмасдан 700 кишилик полиция академиясига ҳужум уюштириши Покистон хавфсизлик кучларнинг жангарилардан келаётган таҳдидларни бартараф қила олиш имкониятларини шубҳа остига қўйган.

Айни пайтда Покистон Ички ишлар вазири Раҳмон Малик ҳукумат кучлари мамлакатни ҳимоя қила олиш салоҳиятига эга, деб баёнот берди.

-Бу терроризмнинг янги тўлқинидир, бироқ миллатимиз қўрқмаса ҳам бўлаверади, чунки армиямиз, пиёда қўшинларимиз ва хавфсизлик кучларимиз сафида ишончли ва қобилиятли одамларимиз бор. Иншаоллоҳ, биз бундай таҳдидларни бартараф эта оламиз,-деди Покистон Ички ишлар вазири.
XS
SM
MD
LG