Линклар

Толибон Лаҳор ҳужуми учун маъсул


Покистондаги толибон ҳаракати етакчиси Байтуллоҳ Маъсуд душанба куни Лаҳор шаҳрида полиция академиясига уюштирилган ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Қуролланган шахсларнинг полиция академиясига қилган ҳужуми оқибатида полициянинг саккиз ходими нобуд бўлди, ўндан зиёди тан жароҳати олди. Бир неча соат давом этган амалиётларда хавфсизлик кучлари тўрт жангарини отиб ўлдирди ва яна тўрт нафарини асир олди.

Покистон Ички ишлар вазири Раҳмон Малик полиция академиясига ҳужум қилган жангариларнинг Байтуллоҳ Маъсудга алоқаси борлиги ва уларнинг барчаси Жанубий Вазиристондаги ҳарбий лагерлардан келганини маълум қилди.

Байтуллоҳ Маъсуд сўнгги йиллар давомида Покистон бўйлаб бир неча ҳужумлар содир этган Теҳрики-Толибон гуруҳига етакчилик қилади.

АҚШ ҳукумати Байтуллоҳ Маъсуд боши учун 5 миллион доллар мукофот пули эълон қилган.
XS
SM
MD
LG