Линклар

logo-print

Раҳбар аразласа, халққа зиён


Президент Каримов ва Раҳмон муносабатларидаги кескинликнинг қачон ва қандай юмшаши ҳозирча катта савол бўлиб қолмоқда.

Президент Каримов ва Раҳмон муносабатларидаги кескинликнинг қачон ва қандай юмшаши ҳозирча катта савол бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари ўртасидаги совуқчилик¸ икки қўшни давлат аҳолисининг борди-келдиси ва ўзаро савдо-сотиғи йўлидаги тўсиқларни кучайтиргандан кучайтирмоқда.

Тожикистон статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йил уч ойи мобайнида республиканинг чет ўлкалар, жумладан, қўшни давлатлар билан товар айланмаси 2008 йилга нисбатан 17 фоизга қисқарган.

Тожикистон божхона қўмитаси Сўғд вилоят бошқармаси раҳбари Хайрулло Раҳимов сўнгги пайтларда Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро мол айирбошлаш кескин камайганига муайян сабаблар борлигини айтади.

- Ўзбекистон жорий йил бошида автотранспорт учун белгиланган транзит тўловларини кескин оширди. Мутахассисларимизнинг ҳисоб-китобига кўра, бу божхона тўловлари Европа давлатлари даражасида. Шунинг учун ҳам Ўзбекистондан кирадиган импорт ҳажми камайиб бормоқда, дейди Хайрулло Раҳимов.

Вилоят божхонаси бошқармасидан олинган маълумотларга мувофиқ, 2008 йили вилоятга Ўзбекистондан 4 миллион долларлик мол импорт қилинган. 2007 йили эса бу кўрсаткич 15 миллион долларни ташкил этган эди.

Жорий йил 3 ойи давомида Ўзбекистондан олиб кирилаётган товарлар қиймати атиги 65 минг долларни ташкил этди. Тожикистоннинг Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон жумҳуриятлари билан товар айирбошлаш кўрсаткичи эса ошган.

Айни пайтда Сўғд вилоят божхона бошқармаси раҳбари Хайрулло Раҳимов контрабанда йўли билан Ўзбекистондан ўтадиган моллар миқдори ҳам озайганини қайд этади.

Аммо маҳаллий таҳлилчилар божхоначининг ўзбек-тожик чегарасида контрабанда моллари миқдори камайгани ҳақдаги фикрларига қўшилмайдилар.

Уларга кўра, Сўғд вилоятига қўшни мамлакат молларининг асосий қисми ноқонуний йўл билан кириб келади.

Маҳаллий кузатувчи Бахтиёр Валиевнинг айтишича, Ўзбекистоннинг Бекобод, Олмалиқ, Ховос, Бешариқ, Қўқон, Ургут, Жиззах туманларида жойлашган чегара-ўтказиш постларида ҳар куни минглаб тонна ноқонуний юклар чегарачи ва божхоначиларнинг кўз олдида олиб ўтилади.

- Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида товар айирбошлаш, савдо алоқалари расман яхши йўлга қўйилмаган. Бу эса чегараларда турган божхоначи, милиция, чегара вакилларига жуда қўл келаяпти. Улар бундан манфаатдор бўлаяпти.

Бунга гувоҳ бўлиш учун чегарага бориб, бир оз муддат туришнинг ўзи кифоя.

Кечалари Камазлару Мазлар лиқ тўла юклар билан Ўзбекистондан ўтиб келади. Кундуз куни бўлса катта-катта аравалар, Дамасларда юклар ўтади. Бирортаси қонуний эмас, дейди Бахтиёр Валиев.

Тожикистонлик кузатувчи Турсунали Алиевнинг айтишича, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ўртасида муносабатларининг тобора совуқлашиб бораётгани икки давлат ўртасидаги легал савдо-сотиқнинг ривожланишига тўсиқ бўлиб, контрабанда кучайишига шароит яратмоқда.

- Давлат раҳбарлари ҳар йили учрашишади, бир-бирларига илиқ гапларни айтишади. Охир-оқибат эса икки давлат ўртасида ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Аксинча¸ йил сайин совуқ муносабат кучайиб бормоқда. Оддий халқ эса азобда.

Шунинг учун, жаноб раҳбарлар, бирор-бир муаммони ҳал қилмайдиган, халқ учун манфаат келтирмаётган учрашувларнинг нима кераги бор? Шундай учрашингларки, халқ бундан баҳраманд бўлсин, давлатлар ўртасидаги алоқалар ривожлансин, дейди Турсунали Алиев.
XS
SM
MD
LG