Линклар

Афғонистонга оид халқаро анжуман бошланди


Бугун Ҳаага шаҳрида Афғонистон масаласига бағишланган бир кунлик халқаро анжуман иш бошлади.

Анжуман очилишида чиқиш қилган президент Ҳамид Карзай терроризмни бартараф этиш учун Афғонистон ўз қўшниларининг ишончли ҳамкорлигига муҳтож эканини таъкидлади.

Бундан ташқари Карзай Оқ уй маъмуриятининг Афғонистонга оид янги стратегиясини олқишлади:

- Барак Обама етакчилигидаги АҚШ янги маъмуриятининг Афғонистонда терроризмга қарши кураш уринишларини янада кучайтирганидан бениҳоя мамнунмиз ва АҚШнинг биз дуч келаётган муаммоларга қарши курашга қайтадан етакчилик қилишига умид қилиб қоламиз. Ишончим комил, президент Барак Обама саъй-ҳаракатлари билан Европа ва минтақадаги ҳамкорларимиз ҳам анча жонланадилар, деди Ҳамид Карзай.

Мазкур анжуманда чиқиш қилган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Афғонистонда зўравонликлардан воз кечган толибон жангарилари билан ярашиш лозимлигини таъкидлади.

Ҳаагадаги анжуманда 90дан ортиқ давлатдан келган 700га яқин расмий иштирок этмоқда. Анжуман иштирокчилари орасида Покистон ва Эрон расмийлари ҳам бор.
XS
SM
MD
LG