Линклар

logo-print

"Товламачи" яна биттага кўпайди


Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган инсон ҳуқуқлари гуруҳи бўлмиш Эзгулик аъзоларига¸ кузатувчиларга кўра¸ кейинги пайтларда ҳукумат босими кучаймоқда.

Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган инсон ҳуқуқлари гуруҳи бўлмиш Эзгулик аъзоларига¸ кузатувчиларга кўра¸ кейинги пайтларда ҳукумат босими кучаймоқда.

Ҳамкасбларининг билдиришича¸ Эзгулик инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззахдаги фаоли Саидрасул Хушбеков товламачиликда айбланиб, 16 кундан буён тергов изоляторида сақланмоқда.

Саидрасул Хушбековнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ маълумотларни ўрганиш учун Жиззах вилоят Пахтакор тумани Ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилдик.

Озодлик: Саидрасул Хушбеков деган одам ҳибсга олинган экан. У қачон қўлга олинган?

ИИБ ходими: 16 мартда санкция берилган.

Озодлик: Ўша куни ҳибсга олинганми?

ИИБ ходими: Ҳа.

Озодлик: Қайси модда бўйича айбланаяпти?

ИИБ ходими: Товламачилик.

Эзгулик жамиятининг Жиззах вилояти бўлимидан олинган маълумотга қараганда, Саидрасул Хушбеков собиқ милиция зобити. Милициядан ишдан кетгач, Саидрасул Хушбеков бир ярим йилдан буён Эзгулик жамиятида фаолият кўрсатган.

Марказий Осиё янгиликлар хизматининг хабар қилишича, Саидрасул Хушбеков 600 АҚШ долларини товламачилик йўли билан олаётган пайти қўлга олинган.

Эзгулик жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари Абай Байбулатов Саидрасул Хушбеков собиқ банк ходимидан пул олаётган пайтида ушланганини айтади.

- Мен Саидрасул Хушбековнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ ҳолатни назорат қилиб бораяпман. Ҳозирча бирорта ҳуқуқ бузилиш ҳолати йўқ. Милиция уни қийнамаяпти. Ҳозирча тергов ҳам меъёрида кетаяпти. Биз бу ишни кузатиб бораяпмиз, дейди ҳуқуқ фаоли.

Абай Байбулатов Саидрасул Хушбеков ҳибсга олинишидан бир ой аввал Эзгулик жамиятидан ишдан бўшаганини ҳам гап орасида қистириб ўтди.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев фикрича, Саидрасул Хушбековнинг ҳибсга олиниши билан Эзгулик жамиятига бўлаётган тазйиқлар ўртасида узвий боғлиқлик бўлиши мумкин.

- Бу ерда қандайдир бир ўйин бўлаяпти. Воқеалар ривожланиши бир-бирига занжир бўлиб боғланиб кетаяпти. Эзгулик жамиятининг Тошкентдаги офисига куч ишлатар тузилмалар, яъни прокуратура ва ички ишлардан одамлар келиши билан боғлиқ воқеалар...

Энди эса бунинг орқасидан Саидрасул Хушбековнинг қўлга олинишида қандайдир узвий боғлиқлик бор. Бунга Эзгуликка бўлаëтган тазйиқларнинг давоми деб қараш мумкин. Мана, Эзгуликда ҳам шунақалар бор, деб кўрсатмоқчи-да. Бу атайлабдан қилинаяпти, дейди Бахтиёр Ҳамроев.

Саидрасул Хушбековнинг ҳибсга олинишида масаланинг яна бир жиҳати эътиборни тортади – сўнгги пайтларда Ўзбекистонда мухолифатчи ва ҳуқуқ фаоллари айнан товламачиликда айбланиб, ҳибсга олинаётгани кузатилади.

Марғилонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева ҳам дастлаб товламачиликда айбланиб, ҳибсга олинган ва кейинчалик унга нисбатан Жиноят кодексининг 16 та моддаси бўйича айблов эълон қилинганди.

Хоразмлик ҳуқуқ фаоли 72 ёшли Исоқ Абдуллаевга қўйилган 18 модданинг биттаси товламачилик бўлса, жиззахлик журналист Улуғбек Ҳайдаров, мухолифатчи ва ҳуқуқ фаоли 60 ёшли Норбой Холжигитов, шунингдек, сирдарёлик ҳуқуқ фаоллари Алишер Кароматов билан Аъзам Фармонов ҳам товламачиликда айбланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Бу рўйхатдагилар сони жуда кўп бўлиб, ўтган йили ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов ҳам шу рўйхатга қўшилди. Аъзам Турғунов товламачиликда айбланиб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Жорий йилнинг 22 февралида эса мустақил журналист Дилмурод Саййид ҳам товламачиликда айбланиб, ҳибсга олинди. Айни пайтда Самарқанд вилоят прокуратураси Дилмурод Саййид иши бўйича тергов-суриштирув ишларини олиб бораяпти.
XS
SM
MD
LG