Линклар

Солиқ тўламаганлар яна кечирилади


Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев фикрича, сўнгги икки-уч йил ичида қирғиз расмийлари ва тадбиркорлар бир-бирини тушуна бошлаган.

Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев фикрича, сўнгги икки-уч йил ичида қирғиз расмийлари ва тадбиркорлар бир-бирини тушуна бошлаган.

Қирғиз расмийлари 30 март куни иқтисодий бўҳрон шароитида маҳаллий тадбиркорларга енгиллик яратиш, мамлакатда молиявий амнистия ўтказиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Қирғизистон Бош вазири Игор Чудиновнинг айтишича, бундан аввалги яширин иқтисод ва яширилган солиқлар амнистиясининг муваффақиятсиз якунланганига мамлакатда бу борадаги қонунчилик базасининг мавжуд эмаслиги сабаб бўлган.

Бош вазир айни пайтда бу борада махсус қонун лойиҳаси тайёрланаётгани ва бу лойиҳа жамоатчилик ҳамда тадбиркорлар муҳокамасига қўйилишини билдирди.

Қирғиз ҳукумати навбатдаги амнистия муваффақиятли бўлиши учун тадбиркорларнинг ва жамоатчиликнинг ҳар бир таклифи инобатга олинишини ҳамда бу борадаги халқаро тажриба чуқур ўрганилишини маълум қилди.

Айни пайтда президент Қурманбек Бакиев тадбиркорларни ҳимоялаш мақсадида ҳукуматга Қирғизистонда авж олиб бораётган рейдерлик, яъни ўзгалар мулкини ўзлаштириб олишга қарши қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш мажбуриятини юклади.

2008 йилги кўрсаткичлар бўйича халқаро ташкилотлар Қирғизистонни бизнес олиб бориш учун қулай бўлган ўлкалар қаторига киритган эди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакили Оливер Дескамп ҳам кейинги икки-уч йил ичида Қирғизистонда тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратилганини эътироф этади:

- Қирғизистонда қийин бир вазиятда инвестициялар учун қулай шароит яратиш, тадбиркорларга кўмак кўрсатиш чора-тадбирларини кўраётирсизлар. Бу орқали сармоялар тўхтамай келиши учун муҳит яратаяпсиз. Бу энг тўғри йўл.

Тадбиркорлар фаолиятини асоссиз текширишнинг деярли тўхтатилиши, лизенция олиш тартибининг осонлаштирилиши бу мамлакатда бизнес олиб боришни анча енгиллаштирди, деди Оливер Дескамп.

Айни пайтда¸ Жаҳон банкининг Doing Business халқаро рейтингида Қирғизистон янги корхоналарни қисқа муддатда рўйхатдан ўтказиш, лицензия бериш ва сармоядорларни ҳимоя қилиш бўйича ўсишга эришгани таъкидланади. Шунингдек, қирғиз ҳукумати 2011 йилгача бу рейтингдаги йигирматаликдан ўрин олишга ҳаракат қилмоқда.

Бироқ президент Бакиев фикрича, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича мамлакатда ҳамма имкониятлар ишга солинган эмас. Президент иқтисодий инқироз вазиятида Қирғизистонга келаётган сармоялар оқими камайиши ва ҳукумат фақат маҳаллий тадбиркорларга таяна олиши ҳақида гапирди:

- 2009 йилда ривожланаётган давлатларга ётқизилаётган тўғридан-тўғри хорижий сармоялар миқдори кескин тарзда - тахминан учдан бирга камаяди. Шунинг учун ҳукумат тадбиркорларни қўллаб- қувватлаши учун барча имкониятларни ишга солиши зарур.

Сўнгги икки-уч йил ичида ҳукумат ва тадбиркорлар бир-бирини тушуна бошлади, бир-бирига ишона бошлади. Мана шу ишончни мустаҳкамлаш керак, деди президент Бакиев.

Бироқ мустақил кузатувчилар ва иқтисодчилар фикрича, иқтисодий инқирознинг Қирғизистонга таъсирини камайтириш фақат тадбиркорларга шароитлар яратиб берилишигагина боғлиқ эмас.

- Инфляция даражаси 28 фоизни ташкил этди. Бу расмий маълумот. Амалда эса инфляция кўрсаткичи бундан ҳам баландроқ. Чунки инфляция даражаси 350 турдаги маҳсулот кўрсаткичи бўйича ҳисобланади. Қирғизистонда эса инфляция даражасини аниқлаш учун ана шу рўйхатдаги 30 кўрсаткичдан фойдаланилади.

Инфляция даражасининг ўсиши эса иқтисодий тараққиётни ортга сурмоқда. Шунинг учун ҳукумат, энг аввало, инфляцияни жиловлаши керак, дейди сиёсатчи Темир Сариев.

Айни пайтда¸ қирғиз иқтисодчиларининг айримлари жаҳон молиявий инқирозидан Қирғизистон каби ривожланаётган давлатлар катта фойда кўриши мумкин, деган фикрни айтмоқдалар. Иқтисод фанлари доктори Жусуп Пиримбоев ҳам ана шундай фикрловчилардан бири.

- “Инқироз бошланди”, деб қўл қовуштириб ўтириш тўғри эмас. Инқироз даврида кимдир пул йўқотади, кимдир бойиб кетади. Қирғизистон ҳукумати мана шу ҳақиқатни англаб етса-да, негадир суст ҳаракат қилмоқда.

Мисол тариқасида айтишим мумкин: бугунги инқироз шароитида Қирғизистон учун арзон ёнилғи заҳира қилиб олиш имконияти пайдо бўлди. Бу заҳирани қишлоқ хўжалигига йўналтириш лозим эди.

Чунки Жаҳон банки экспертлари тахминига кўра, буғдой нархининг 100 фоизга қимматлаши кутилмоқда. Арзон ёнилғи эвазига Қирғизистонда таннархи 7 сўм атрофида бўлган буғдой етиштириш мумкин.

Инқироз шароитида бу каби имкониятлар жуда кўп. Лекин бу имкониятлардан ҳукумат негадир фойдалана билмаяпти, деди Жусуп Пиримбоев.
XS
SM
MD
LG