Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:40

Ғояга қарши ғоя изланмоқда


Президент Имомали Раҳмон сўзлари шиор ўлароқ ёзилган бу лавҳани ўзбекчага "Ҳанафия исломнинг мўътадил мазҳабларидан бири бўлиб, у тожик миллати ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди" дея ўгириш мумкин.
Президент Имомали Раҳмон сўзлари шиор ўлароқ ёзилган бу лавҳани ўзбекчага "Ҳанафия исломнинг мўътадил мазҳабларидан бири бўлиб, у тожик миллати ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди" дея ўгириш мумкин.

Тожикистондаги давлат идоралари ҳамда таълим муассасаларида Имом Аъзам ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб ўтказилаётган анжуманлар бошида бевосита давлат мулозимларининг ўзлари турибди.

2009 йил Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ташаббуси билан Имом Аъзам йили деб эълон қилинганидан сўнг мамлакатдаги турли корхона ва муассасаларда буюк фақиҳ Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий конференциялар қарийб кунора ўтказиб келинмоқда.

2-курс талабаси Алимамад ўқийдиган педагогика университетида апрел ойи бошларида шундай тадбир бўлиб ўтиши режалаштирган экан.

- Имом Аъзамнинг ҳаёти ва фаолияти, у киши қандай ишлар қилгани ҳақидаги маълумотларни ўрганиб тайёргарлик кўраяпмиз, дейди Алимамад.

“Бундай анжуманнинг сизларга қанчалик аҳамияти бор?” деб сўраймиз суҳбатдошимиздан.

- Ўз мазҳабимиз ва имомимизни ўрганиш мен учун ўта аҳамиятли, дея жавоб берди Алимамад.

Имом Аъзам ҳаёти ва фаолияти ҳамда унинг Ислом динида тутган ўрни борасида айни дамда республика масжидларига қатнаётган ёшу қарига баравар таълим берилмоқда.

Душанбелик Зайниддин Хурсановга кўра, барча давлат ташкилотлари масъулларининг ҳанафийлар имоми ҳақида олиб бораётган тарғиботлари масжидларнинг бегона мазҳаблар ва оқимлардан тозаланишига кўмаклашган.

- Аввал масжидимизга ҳар хил оқим вакиллари, салафийлар келишарди. Кўп ёшлар мана шунга эргашиб қолишган эди. Ҳозир шулар тушуниб қолишган. Бундай тадбирлар адашган ёшларга тўғри йўлни кўрсатади, дейди Имом Аъзамга бағишланган тадбирларнинг аҳамияти ҳақда фикр билдирган Зайниддин Хурсанов.

Душанбе шаҳар марказидаги Сариосиё масжиди имоми Ҳабибулло домла дунёдаги бир миллиарддан ошиқ мусулмонларнинг тенг ярми эргашадиган Имом Аъзам мазҳаби Марказий Осиё халқлари учун тинчлик гарови саналишини айтади.

- Марказий Осиёда яшовчи ўзбек, қирғиз, қозоқ, туркман ва тожик фуқароларини бирлаштирадиган мазҳаб бу. Шунинг учун барча мусулмонлар асрлар оша бир ақидада, бир шаклда Оллоҳ таолога тоату ибодат қилиб келишмоқда, дейди масжид имоми Ҳабибулло.

Тожикистон демократик партияси раис ўринбосари Раҳматулло Валиев фикрича, тожикистонлик мусулмонлар ўзлари эргашаётган мазҳаб ва унинг раҳбари ҳақида аниқ ва тўла маълумотга эга бўлсалар яхши, аммо...

- Диний тадбирлар дин уламолари ва диний ташкилотлар томонидан амалга оширилиши лозим. Аммо ҳукумат диний масалаларнинг барчасини ўзи тартибга солаяпти, яъни “дин ва давлат бир-биридан ажратилган” принципига амал қилинмаяпти. Бу жорий қонунларимизга зиддир.

Шу кунларда буюк имомга бағишлаб ўтказилаётган тадбирларда ҳам минбарда фақат расмий ҳукумат вакилларини кўрамиз. Ваҳоланки, Тожикистонда таниқли дин уламолари, Имом Аъзам ҳақида жуда яхши маълумотларга эга олимларимиз бор. Аммо уларга ҳукумат мулозимлари имконият бермайди. Нима давлатнинг бундан бошқа муаммоси йўқми? дейди Раҳматулло Валиев.

Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, илмий конфренцияларда ҳукумат Имом Аъзамнинг фақат давлат сиёсатига керакли таълимотлари билан чекланмоқда.

Раҳматулло Валиев фикрича, дунёга демократик ва дунёвий мамлакат сифатида танилган Тожикистон ҳанафия мазҳабини давлат идеологиясига айлантиришга уринаётганининг икки сабаби бор:

- Биринчидан, Тожикистон ҳукумати жамиятимизда мавжуд диний оқимлар ва барча диний тадбирлар ўз назорати остига олишни истайди.

Ҳукумат шу йўл билан бошқа мусулмон давлатлардан молиявий ёрдамлар олиш имконига эга бўлади, дейди Тожикистон демократик партия расмийси.

Аммо Тожикистон президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар маркази раис ўринбосари Сайфулло Сафаров Валиевнинг иддаоларини рад этади.

- Тожикистонда мавжуд диний ташкилотлар ва яқинда ташкил топган ислом маркази ҳали жуда заиф. Биз диний ишлар, расм-русумлар билан ишимиз йўқ. Аммо биз давлатда мавжуд имкониятларни ишга солиб, миллатимизга маънавий жиҳатдан таълим беришимиз керак.

Бироқ, афсуски, бунинг учун диндорларимизда етарли диний илм йўқ. Улар кўпинча хурофот билан чекланишади. Шунинг учун бу бўшлиқни тўлдиришни ҳукумат ўз зиммасига олган, деди стратегик тадқиқотлар марказ расмийси.
XS
SM
MD
LG