Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:50

Дўппи кийдим, шиппакларим...


Афтидан¸ Ўзбекистон расмийлари энди оқ дўппининг ўзи эмас¸ балки уни кийганлар бошидаги ўй ва хаëллардан ташвишга туша бошлаган кўринади.
Афтидан¸ Ўзбекистон расмийлари энди оқ дўппининг ўзи эмас¸ балки уни кийганлар бошидаги ўй ва хаëллардан ташвишга туша бошлаган кўринади.

Андижонда оқ дўппига қарши кураш бошланди. Милиция ходимлари март ўртасидан буён дўппифурушлардан сотувга оқ дўппи чиқармасликни талаб қилмоқда - оқ дўппи мамлакат хавфсизлигига таҳдид сифатида кўрилмоқда.

30 март куни оқ дўппига қарши кураш тўғрисида ёзар экан, аслида www.uznews.net сайти мутлақо янги ҳодиса тўғрисида хабар қилгани йўқ.

Андижонлик пенсионер ўқитувчи ҳам худди шу фикрни айтди.

- Радио¸ телевидение ва бошқаларда “Тўрт гуллик дўппимиз бор. Бу нарсалар бизнинг уст-бошларимиз эмас. Бу бошқа миллатники. Биз ўзимизнинг дўппимиз билан фахрланишимиз керак” деган нарсалар бўлиб туради¸ дейди андижонлик пенсионер.

Бу суҳбатдошимизнинг айтишича, оқ дўппи, аслида, ўзбекистонлик учун табиий кийим, у ёзи иссиқ бўлган Ўзбекистонда қуёш нуридан ҳимоя воситасидир.

- Масалан¸ қора дўппига қараганда оқ дўппи қуëш нурини қайтаради. Биз кичкиналигимизда юрган¸ юрмаган ëш гўдакларга ҳам оқ дўппи кийдирилар эди¸ дейди андижонлик пенсионер.

Бошқа бир андижонлик - Нақшбандия тариқатидаги диндорнинг айтишича, анъанавий ўзбекча дўппининг атрофига салла ўраб бўлмайди ва шунинг учун ҳам, одатда, юмшоқ оқ дўппи кийилади.

- Кўчада ўзим оқ дўппи билан юрибман. Кўчада ë салла кийиб юраман¸ ë оқ дўппи кийиб юраман. Дўппи салланинг ичида бўладида. Саллани олиб қўйсам оқ дўппида бўламан¸ дейди бу суҳбатдошимиз.

Лекин дастлабки суҳбатдошимиз ҳам, кейингиси ҳам оқ дўппи ҳаж қилиш имкони пайдо бўлган кейинги 10-15 йилда кенг урф бўлганинини айтишди.

- Янги мустақиллик даврида ҳожилар¸ уларнинг қариндош-уруғлари ва бошқалар муқаддас ердан келган деб кийиб юришарди¸ дейди бу суҳбатдошимиз.

Ўрганаётганимиз мавзу юзасидан гурунгимизга андижонлик дўппидўз Саиджаҳон Зайнобиддиновни ҳам тортдик.

- Ҳар бир ҳажга борган одам уйга қайтганида таниш-билишига қандайдир совға олиб келиш урф бўлди. У ëқда энг арзон нарса оқ дўппи билан тасбеҳ. Ҳаж қилиб қайтиб келган одамнинг олдига зиëрат қилиб кирганларга биттадан тасбеҳ ëки биттадан дўппи берилади¸ дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Очиғи, оқ дўппи масаласи, боя айтганимиздай бугун пайдо бўлгани йўқ.

Оқ дўппи кийганлар маъмурлар кўзига экстремистлар бўлиб кўринади, оқ дўппига қарши курашнинг ортидаги сабаб ана ўша ташвишдир, деган фикр кўп билдирилган.

Бугунги уч суҳбатдошимиз: мактаб ўқитувчиси ҳам, сўфий ҳам, дўппидўз ҳам битта фикрни айтди: одамлар оқ дўппини арзонлиги учун кияди.

- Ўзимизнинг дўппилар қиммат. Оқ дўпппи арзон. Тез-тез ювиб янгилаб кийиб юраверасиз. Энди масалан¸ Чуст дўппилар анча қиммат. Кўпчилик оқ дўппи арзонгина деб кийиб олишаяпти.

Озодлик: Ўртача¸ оқ дўппи неча пул ва ўзимизнинг дўппи неча пул?

- Оқ дўппининг ўртачаси йўқ. Арзон. Тахминан 1000-1500 сўм. Боринг кўп бўлса 2000 сўм. Бир доллар билан икки долларнинг ўртасида. Чуст дўппилари 5000 дан бошлаб 500 минггача бор.

Озодлик: Битта дўппи 500 минг сўм турадими?

- Шунақа дўпппилар ҳам бор. Лекин ўртача дўппи¸ тахминан¸ 20 минг сўм туради.

Демак, битта сифати ўртача ўзбекча дўппининг пулига 20-30та оқ дўппи сотиб олиш мумкин.

Кези келганда, бирров ўзбекнинг бошқа кийимларига ҳам эътиборингизни қаратмоқчиман: мустақиллик йилларида ўзбек маҳалла гузарига резина шиппакдаям чиқаверадиган бўлиб қолди.

Мустақиллик йилларида ўзбек маҳалла гузарига спорт иштондаям чиқаверадиган бўлиб қолди.

Гузарга шиппакда, спорт иштонда чиқишга ўзбек ор қиларди 20 йил муқаддам.

Энди ор қилмаяпти.

Чунки шиппак 1 долларгина, спорт иштон 2 долларгина, оқ дўппи 1,5 долларгина туради.

Қимматроқ кийимга аҳолининг қалин қатламида пул йўқ.

Афтидан, маъмурлар оқ дўппига қарши курашни тескари томондан бошлаб юборган кўринади?

Қолаверса, дейди суҳбатдошларимиздан бири – андижонлик пенсионер ўқитувчи,

- Кийим билан одам ўзгариб қолмайди. Масалан¸ костюм-шим кийиб¸ галстук тақиб нима хоҳласа шуни қилиб юрганлар бор¸ оқ дўппи кийиб қилаëтганлар ҳам бор¸ иккаласини киймасдан жуда яхши юрган одамлар бор. Кийимни эмас¸ одамнинг дунëқарашини¸ қалбини ўзгартириш керак. ҳаëтни¸ иқтисодни ўнглаш керак¸ дейди андижонлик пенсионер ўқитувчи.
XS
SM
MD
LG