Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:47

Тошкент коррупцияга қарши курашмоқчи


Ўзбекистонликлар¸ ҳамма иш сиздан угина¸биздан бугина қабилида битиши ўзига хос миллий анъанага айланганини айтадилар.
Ўзбекистонликлар¸ ҳамма иш сиздан угина¸биздан бугина қабилида битиши ўзига хос миллий анъанага айланганини айтадилар.

Ўзбекистонда¸ оддий халқ ишончига кўра¸ бирор ишни порасиз ҳал қилиб бўлмайди. Коррупция муаммосини тан олувчи ҳукумат назарида эса¸ бу муаммо учун бутун жамият маъсул.

Ўзбекистонда авж олган коррупцияга қарши курашиш учун 31 март куни Тошкентда БМТнинг наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг Марказий Осиёдаги ҳудудий ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари бир стол атрофига йиғилдилар.

Бу анжуман Ўзбекистон Бош прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказиляпти. Бош Прокуратура матбуот хизмати бошлиғи Светлана Ортиқованинг Озодликка айтишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи барча вазирликлардан, миллий хавфсизлик хизматидан ҳам вакиллар иштирок этмоқда.Бу кенгайтирилган учрашувдан асосий мақсад:

- Тасаввур қилинг¸ бутун ҳамжамиятни безовта қиладиган нарса бу коррупция. Шунинг учун ҳам БМТ томонидан коррупцияга қарши конвенция қабул қилинган. Ўтган йили Ўзбекистон ҳам бир қатор қонунларни қабул қилиб¸ шу конвенцияни ратификация қилди.
Энди ҳозир давлат¸ парламент¸ ҳукумат¸ ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларнинг олдида “Биз конвенцияда кўрсатилган нормаларни ўз миллий қонунчилигимизга ва амалиëтган қандай тадбиқ этамиз?” деган савол кўндаланг бўлиб турибди¸ дейди Светлана Ортиқова.

Унинг сўзларига кўра, коррупцияга қарши курашиш мақсадида вазирликлар ва қўмиталар вакиллари асосида 16 кишидан иборат ишчи гуруҳи ташкил қилинган. Лекин Ўзбекистон Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг айтишича, бу анжуманлар ва сабоқлар Ўзбекистон вазиятида ҳеч қандай ижобий самара бермайди. Чунки:

- Коррупция деган нарсани¸ содда қилиб айтганда¸ ўғирлик деса бўлади. Қаердан келиб чиқади¸ қандай бўлади деган нарса эса ҳозирги сиëсий системага бориб тақалади.

Қизиқ нарса бор. Масалан¸ бутун дунë бўйича коррупцияни солиштирганингизда¸ демократик давлатларда камроқ¸ аксинча тоталитар усулдаги давлатларда коррупция юқорироқ.

Демократик давлатларда¸ биринчи навбатда¸ сўз эркинлиги бор. Ўғирлик бўлган воқеа ëки ўғирликка тааллуқли тегишли бўлган шахсларнинг номи оммавий ахборот воситаларида¸ албатта¸ ëритилади. Ана шу нарса коррупцияга тўсқинлик қилади.

Нима учун? Чунки агар коррупцияга давлат тепасидаги одамлар аралашган бўлса¸ ўзини ўзи текширади. Шунинг учун бу коррупцияга йўл очиб беради. Ҳамма нарса ўша ердан бошланади¸ дейди Искандар Худойберганов.

Унинг сўзларига кўра, бугун давлат амалдорлари олаётган маош билан улар яшаётган шароитни ва улар қураётган миллион долларлик уйлар солиштирилганда, бу саволга жавоб ўз-ўзидан пайдо бўлади. Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиб бўлмайди, зеро:

- Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишга сиëсий шароит йўқ. Айнан коррупция учун шароит яратилган¸ дейди Искандар Худойберганов.

Тошкентлик Шавкат Усмонов ҳам Ўзбекистонда коррупция ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида авж олганини айтади:

- Коррупция¸ биринчи навбатда¸ қонунни ҳимоя қилувчи органларнинг ўзи қонунни оëқости қилишидан бошланади. Қонунни бекорга бузмайдику. Бирон бир нарсадан илинжи борки¸ кимгадир ëн босадики¸ қонунни бузади.

Шу даражада қонунбузарлик борки¸ менинг берган аризамдаги саволларга уч-тўрт ойдан бери ҳатто қонун палатасининг раиси ҳам¸ Сенати ҳам¸ Омбудсмени ҳам тайинли жавоб бера олишмаяпти¸ дейди Шавкат Усмонов.

Унинг сўзларига кўра, суд-прокуратура тизими ҳам бундан мустасно эмас:

- Прокуратура соҳасига кирсангиз ҳам қўлингизга қарайди. Бирор бир масала билан мурожаат қиладиган бўлсангиз¸ суд ҳам¸ прокуратура ҳам қонундан ҳам¸ давлатдан ҳам қўрқмайди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари қонунни бузаяптими¸ коррупцияга кенг йўл очилган дейишга бизнинг ҳаққимиз бор¸ дейди Шавкат Усмонов.

Фарғоналик инсон ҳуқуқи фаоли Араббой Қодировнинг айтишича, мансаб курсиларининг сотилиши ҳозир сир бўлмай қолди. Буни ҳамма билади. Кимнинг пули кўп бўлса, каттароқ мансабга ўтиради:

- Ўртачароқ¸ кичикроқ туман ҳокимлиги курсисини 50 минг деб эшитганман. Бу нарса оддий бир ҳол. Нимагаки ўқитувчилар орасида савияси пастроқ ëки олий маълумотли савияси пастроқ¸ қўлида бир нимаси борлар амалга ўтираяпти. Мактаб директори¸ боғча мудири бўлаяпти. Бу халқнинг ўртасида ҳеч қандай сир эмас¸ дейди Араббой Қодиров.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати бошлиғи Светлана Ортиқова мамлакатда коррупциянинг борлигини инкор қилмайди ва унга қарши бутун жамият курашиши лозимлигини таъкидлайди.

- Коррупция жиноятчиликка ўхшаш батамом бартараф этиб бўлмайдиган ҳол. Бу нафақат Ўзбекистонда¸ балки бошқа давлатларда ҳам мавжуд. Шу ҳолатларни қанчалик кам қилсак¸ унга қарши курашишда бир ëқадан бош чиқарсак¸ имкон даражада¸ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан¸ коррупцияга қарши курашамиз¸ дейди Светлана Ортиқова.
XS
SM
MD
LG