Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:20

Ўзбекистон исломий ҳаракати яна нишонда


Наманганлик Тоҳир Йўлдош етакчилигидаги Ўзбекистон исломий ҳаракати халқаро майдонда Ал-Қоидага алоқадор террор гуруҳи сифатида эътироф этилган.
Наманганлик Тоҳир Йўлдош етакчилигидаги Ўзбекистон исломий ҳаракати халқаро майдонда Ал-Қоидага алоқадор террор гуруҳи сифатида эътироф этилган.

Тожикистон шимолидаги Сўғд вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари томонидан Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоси деган айб билан қўлга олинганлар сони яна биттага кўпайди.

Cўғд вилоят ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, 2008 йил охирида Исфара туманида милиция вакилларига қуролли ҳужум қилганликда гумонланиб Тожикистон фуқароси Сайфулло Охунов ҳибсга олинди.

“Ўтказилган суриштирув ва тергов ишлари натижаларига кўра Сайфулло Охунов Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоси бўлиб чиқди”, дейилади расмий хабарда.

Сўғд вилоят прокуратураси матбуот маркази раҳбари Исоқхўжа Тошхўжаевнинг айтишича, Охунов ҳаракатнинг вилоятдаги масъул шахсларидан бири бўлган.

- Сайфулло Охунов вилоятда Ўзбекистон исломий ҳаракати гуруҳининг молиявий масалалари билан шуғулланган. Бундан ташқари, у жиноий гуруҳ сафида вилоят ҳудудида террорчилик ҳаракатлари содир этиш, мамлакат сиёсий вазиятини издан чиқариш, одамларга нисбатан суиқасд уюштириш тадбирларида иштирок этган, дейди Исоқхўжа Тошхўжаев.

Вилоят прокуратураси матбуот маркази раҳбарига кўра, исфаралик Сайфулло Охунов 2004 йилда Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолигига қабул қилинган. Ўтган йиллар давомида у вилоят ҳудудида қатор оғир жиноятлар содир этган.

Охуновга нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг “террорчилик” ва “жиноий гуруҳ тузиш” моддалари бўйича жиноят иши очилган. Сайфулло Охунов ЎИҲнинг Сўғддаги раҳбарларидан бири дея гумонланиб, аввалроқ ҳибсга олинмиш Анвар Қаюмовнинг ўнг қўли ҳисобланган.

Милиция мулозимларига кўра, айни пайтда Сайфулло Охуновнинг яна икки ёрдамчиси қидирилмоқда. Тергов манфаатларидан келиб чиққан ҳолда исмлари ошкор этилмаётган икки исфараликнинг айни пайтда Россия ҳудудида экани тахмин қилинмоқда.

Расмий маълумотларга мувофиқ, шу пайтгача Сўғд вилоятида ЎИҲнинг 38 нафар аъзоси қамоққа олинган, ҳаракатнинг яна 20 дан ортиқ аъзосига қидирув эълон қилинган.

Сўғд вилояти Миллий хавфсизлик бошқармаси зобити Абдулло Назаров фикрича, вилоят ҳудудида террорчилик ҳаракатини содир қилаётган Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари халқаро террорчи ҳисобланади:

- Мен шуни қатъий таъкидлаб ўтаманки, вилоят ҳудудида террорчилик ҳаракати содир қилган одамлар оддий террорчилар эмас, балки халқаро террорчилардир. Улар нафақат Тожикистонда, балки Ўзбекистонда ва Қирғизистонда ҳам террорчилик фаолияти билан шуғулланмоқдалар, дейди Абдулло Назаров.

Аммо сўғдлик кузатувчи Абдусамат Султонов республикада ЎИҲ фаолияти ҳақида кўп гапирилаётгани билан шу пайтгача уларга нисбатан қўйилган айблар аниқ фактлар билан тасдиқланмаганини айтади.

- Неча йилдирки, жумҳуриятда ЎИҲ ҳақида катта шов-шувлар кўтарилмоқда, қанчадан-қанча тожикистонлик қамалиб кетди. ЎИҲ ёки Туркистон исломий ҳаракати дейсизми…

Аслини олганингизда¸ бизнинг мамлакатимиз учун бу ташкилот бир ёт-бегона нарса. Ахир ёш тожикларнинг ЎИҲга нима алоқаси бор? Шу пайтгача қўлга олинганларнинг аксарияти тожиклар-ку, дейди Абдусамат Султонов.

Таҳлилчи Содиқ Муҳаббатов эса Тожикистонда диндорларга тазйиқ ўтказиш қўшни Ўзбекистонда бошланган кампаниянинг давоми бўлиб қолаётганини айтади.

- Масалан, у ерда барча исломийларни бараварига қамай бошлашди. Бу билан ЎИҲ, Ҳизбут-Таҳрир ёки ваҳҳобийлик каби оқимлар заифлашмади, аксинча¸ улар тарафдорлари кўпайиб бормоқда. Бугун Тожикистонда ҳам худди шундай вазият вужудга келмоқда.

Назаримда, анъанавий Ислом уламоларига кенг йул очиб бериш керак. Чунки бизда ҳақиқий Исломни тушунтириб берадиган уламолар учун катта минбар йуқ, дейди Содиқ Муҳаббатов.

Сўғд вилоят судида ҳозирга қадар ўтказилган маҳкама мажлисларида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг аъзолари деб гумон қилинган шахслар ўз айбларига иқрор бўлмаганлар.

Судланганлар яқинларининг айтишларича, дастлабки тергов чоғида уларга айбловлар қийноқ воситасида тан олдирилган. Бу ҳақда ЎИҲга аъзоликда айбланиб 19 йилга қамалган Аббос Мираҳмедовнинг яқинларидан бири Озодликка гапириб берганди:

- Бу одамлар 19 йил у ёқда турсин, 19 кун ҳам қамоқ жазосига лойиқ эмасди. Маҳкама жараёнида уларнинг бирорта гуноҳи исботланмади.

Ажабланарлиси шундаки, улар бир-бирларини танимайдилар ҳам. Ҳеч қаерни портлатишмаган, қуроллари ҳам бўлмаган. Айбловлар эса¸ дастлабки тергов давомида қаттиқ қийноқлар натижасида қўлга киритилган.

Судланган йигитлар уларга жисмоний азоб берган одамларнинг фамилияларигача айтишди.

Уларни тинмай калтаклашган, ҳатто электр токи билан қийноққа солишган. Лекин бу гапларнинг бирортаси суд томонидан инобатга олинмади, деганди узоқ муддатга қамалган Аббос Мираҳмедовнинг яқинларидан бири.
XS
SM
MD
LG