Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:28

Доллар анқовлар кунида ўйлаб топилган


Доллар белгиси ўйлаб топилгани айтиладиган 1 апрел куни дунëнинг аксар давлатида бошқа кунлардан фарқли кун ҳисобланади.
Доллар белгиси ўйлаб топилгани айтиладиган 1 апрел куни дунëнинг аксар давлатида бошқа кунлардан фарқли кун ҳисобланади.

Биринчи апрел дунёнинг кўп мамлакатларида ҳазил-мутойиба, вақтичоғлик куни, баъзи давлатларда эса анқовлар ва аҳмоқлар куни сифатида нишонланади.

Лекин 1 апрел куни оламшумул кашфиётлар қилингани, шу куни дунё тарихида қолган буюк одамлар таваллуд топгани, қолаверса матбуот ва санъат соҳасида янгиликлар яратилгани тўғрисида камроқ маълумотга эгамиз.

Календар.ру интернет нашрининг хабар беришича, Франция ХVI асргача Янги йилни 1 апрел куни нишонлаган. Бу кунни францияликлар ҳазил-ҳузил ва шод-хуррамлик билан ўтказганлар.

1562 йилда Рим папаси Григорий XIII насроний олами учун ягона тақвим жорий этди ва бу тақвимга мувофиқ, янги йил 1 январдан нишонлана бошланди. Бироқ айрим французлар янги тақвимга бўйсунишни истамай, янги йилни 1 апрелда нишонлайверганлар. Қолган аҳоли эса уларни “аҳмоқлар” деб атаб, улар ҳақида турли ҳазил ва латифалар ўйлаб топганлар.

Тарихий китобларда айтилишича, қадимги Римда 17 феврал “Анқовлар куни” сифатида нишонланган. Ҳиндистонда эса 31 март алдоқчилар куни сифатида нишонланган экан.

1 апрел тарих саҳифаларига фақат ҳазилкашлар, аҳмоқлар ёки анқовлар куни сифатидагина ёзилган эмас. Бу куни жуда кўп тарихий воқеалар ҳам содир бўлган экан.

Масалан, 1 апрел қанотли жонзотларни ҳимоя қилиш куни сифатида ҳам нишонланади. Бу борадаги халқаро конвенция 1906 йилнинг 1 апрелида қабул қилинган.

Белгиялик эмигрант Шарл ван де Пол 1890 йилнинг 1 апрелида Америка Қўшма Штатларида биринчи троллейбус учун патент олган.

1 апрел доллар белгиси ўйлаб топилган кундир. Уни АҚШнинг Ню-Орлеан шаҳрида яшаган бизнесмен Оливер Поллок (1778 йилда) ўйлаб топган.

Бундан ташқари, 1 апрел Беларусда математиклар куни сифатида нишонланади.

1 апрел куни дунёга донғи кетган олимлар ва ёзувчилар таваллуд топган. Мана уларнинг айримлари:

1578 йил 1 апрелида Англияда замонавий эмбриология ва физиология илми асосчиси Вилям Гарвей туғилди.

1776 йилнинг 1 апрелида француз математиги ва механиги Софи Жермен таваллуд топган. Бу аёл мустақил тарзда математика илмини ўрганиб, бир қатор математик формулаларни кашф этган.

1809 йилнинг 1 апрелида рус ёзувчиси Николай Гогол дунёга келган. Қизиғи шундаки, унинг қаламига мансуб “Ўлик жонлар” ва “Ревизор” асарлари ҳам 1 апрел куни нашрдан чиққан.

1815 йилнинг 1 апрелида тарқоқ немис миллатини бирлаштирган Германиянинг биринчи рейхканцлери Отто фон Бисмарк таваллуд топган.

Орадан юз йил ўтиб, 1915 йилнинг 1 апрелида эса дунёда биринчи марта француз учувчиси Ролан Гаррос ҳаво жангида Германиянинг самолётини уриб туширган.

1 апрел куни матбуот ва санъат соҳасида ҳам бир қатор янгиликлар бўлган экан.

Масалан, биринчи марта об-ҳаво маълумоти 1875 йилнинг 1 апрелида Англиянинг “Таймс” газетасида чоп этилган.

Совет Иттифоқи даврида машҳур бўлган “Огонёк” журналининг биринчи сони ҳам 1923 йилнинг 1 апрелида нашрдан чиққан.

1969 йилнинг 1 апрелида эса Леонид Гайдайнинг машҳур “Кавказ асираси” фильми кинотеатрларда намойиш этила бошланган.

Айнан шу куни, яъни 1969 йилнинг 1 апрелида Хитой коммунистик партияси “Маданий инқилоб” якунланганини эълон қилган.
XS
SM
MD
LG