Линклар

logo-print

Алда мени¸ алдагани ўзим яхши...

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонда ким кимнинг устидан кулаëтганини тушуниш қийин - алдаган ҳам¸ алданган ҳам биргалашиб кулишга ўрганиб қолган.

Ўзбекистонда ким кимнинг устидан кулаëтганини тушуниш қийин - алдаган ҳам¸ алданган ҳам биргалашиб кулишга ўрганиб қолган.

Осмонга устун ўрнатилди, ҳовузга қопқоқ ясалди, кўрпага енг тикилди, ошпичоққа қин қилинди. Анъанавий 1 апрел хабарларидан баъзилари бу. Ҳа, танишадиганингиз матн 1 апрел билан боғлиқ. Лекин у мутлақо жиддий.

Ой юзлари тўлин ойдан чиройлигим,
Гоҳида гул, гоҳида тош юраклигим,
Бу дунёда ҳаммадан ҳам кераклигим,
Алда мени, алдагани ўзим яхши,


деб куйлаяпти Ғиёс Бойтоев.

Бизни энг сўнгги сатр қизиқтириб қолди:

"Алда мени, алдагани ўзим яхши".


1 апрел куни баъзи тингловчиларимиз билан боғланиб, "алда мени, алдагани ўзим яхши", деб кимга мурожаат қилган бўлардингиз, нима деб алдашларини истайсиз, деб сўрадик.

- Бунга жиддий ўйланишим керак экан.

Озодлик: Бўпти¸ мен сизни нима деб алдай?

- Сиз энди мени нима деб алдардингиз? Билмадим¸ жуда ғалати савол бўлди бу. Мен ўзи алдашни ҳам ¸алданишни ҳам истамайман. Бу йил пенсиянгизни 300 долларга етказамиз деб алданг¸ шу билан суюниб юраман¸ деди андижонлик пенсионер Садирохун ака.

Қизғалдоқдек қизлар кулиб турса боқмай¸
Нима десанг¸ мен барига ишонаман.


Кулиб турган қизғалдоқдай қизларга Ғиёс Бойтоев боқмаса, мана биз боқдик ва сўрадик. Масалан, жиззахлик ёш ўқитувчи қиздан.

Озодлик: Кимга “алда мени¸ алдагани ўзим яхши” деб бугун мурожаат қилган бўлардингиз ва ўша ким¸ нима деб алдашини истайсиз?

- Тўғриси¸ ҳеч ким десам бўлади. Ким¸ деган инсон ҳеч ким бўлишини хоҳлайман. Кейин мени ҳеч нарса билан алдамаслигини хоҳлайман. Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам¸ тўғрисини айтишини хоҳлардим. Ҳозир ëлғонлар шу қадар кўпки¸ ўзимиз сезмаган ҳолда қонимизга кириб кетаяпти. Оддий бир мисол.

Мен ишлайдиган мактабда илмий бўлим мудиримиз шунчаки¸ оддийгина ëлғонни ишлатаяптики¸ ўйлаб кўрмаган одам унинг ëлғон эмаслигига ишонгиси келади. Яқинда каникул бўлди. Учта ўқитувчидан пулини олиб¸ каникул давомида умуман ишга келмасликка келишиб олишган. Лекин фактический уларга шу кунларга ойлик ëзилади.

Илмий бўлим мудирининг ўзи йўқлама қилади. У йўқлама қилаëтганда айнан шу ўқитувчиларга келганда “Вой қани улар? Сизлар кўрмадингларми? Балки касалдир?” деб шу даражада сохта ëлғон қилаяптики¸ кошки биз уни билмасак. У шунчалик ақлли¸ биз шунчалик ахмоқ¸ дейди жиззахлик ëш ўқитувчи.

Суюб сени сайлаган шўр пешонаман,
Алда мени, алдагани ўзим яхши,
Суйдим – куйдим,
Кўрмай қолди кўзим яхши.


Кимга “алда мени¸ алдагани ўзим яхши” деб бугун мурожаат қилган бўлардингиз ва ўша ким¸ нима деб алдашини истайсиз¸ деб мурожаат қиламиз фарғоналик суҳбатдошимиз Маъруфжон акага ҳам.

Маъруфжон ака: Август ойигача мамлакатда ижтимоий адолатни ўрнатамиз¸ деганда хурсанд бўлардим.

Озодлик: Нима учун айнан август ойини танладингиз?

Маъруфжон ака: Сабаби¸ 90- йилларнинг бошларида ҳам август-сентябр ойларидан ўтиб олсак¸ яхши бўлади¸ ҳар томонлама ривожланиб кетамиз¸ ҳаëтимиз фаровон бўлади деган гапларни кўп эшитганмиз.

Озодлик: Яна августгача ҳамма ëқ яхши бўлади¸ деб алдашини истаяпсиз.

Маъруфжон ака: Яхши ният дейманда бу ҳам. Алдансак ҳам¸ яхши ният деб ҳисоблайман. Ўзимизга ўзимиз таскин бериб¸ кўнглимизни таскин топтириб юрамиз.

Ерда юрсам¸ кўролмасин дўстим сотсин¸
Юлдузга бош қўйиб ëтсам¸ тошлар отсин¸
Офтоб чиқса¸ кўкрагимга чўғлар ботсин¸
Алда мени¸ алдагани ўзим яхши.


Навбатдаги суҳбатдошимиз халқ шоираси Гулчеҳра Нуруллаева.

- Мен алдашни ва алданишни ниҳоятда ëмон кўраман. Жамиятдаги алданишлардан куяверганим учун бўлса керакки¸ ҳеч қачон “алда мени¸ алдагани ўзим яхши” демаган бўлардим. Жамият шу даражада ëлғон асосига қурилиб кетдики¸ мен энди ҳайрон-ҳайрон қоламан. Келинг яхшиси битта шеър ўқий.

Мени кўп алдади саратонда йил¸
Баҳорларда ногоҳ қуюлгувчи сел¸
Ҳаддин билмас бўрон¸ хўп девона дил¸
Сен ҳам алдармисан биринчи апрел.

Умрим не йўлларда қолди¸ адашди¸
Кўзим ëш¸ бахтлисан дея алдашди¸
Ишон¸ деб кўксимга нишон қадашди¸
Сен ҳам алдармисан биринчи апрел.

Ялпиз кунларим йўқ¸ бари бургандай¸
Қуëш юртимизни ëнлаб юргандай¸
Алдов бизда муқим макон қургандай¸
Сен ҳам алдармисан биринчи апрел.

Мен чўққиман¸ дея чоҳи алдаса¸
Янгининг эскича роҳи алдаса¸
Гадоси алдаса¸ шоҳи алдаса¸
Сен ҳам алдармисан биринчи апрел.

Нигоҳларнинг кўм-кўк дашти йўқолди¸
Кўнгилларнинг жўмард шашти йўқолди¸
Косасидан сабр тошди¸ йўқолди¸
Сен ҳам алдармисан биринчи апрел.

Чув туширмоқ сенга мартаба¸ шараф¸
Қўймассан ҳолимга бир бора қараб¸
Ҳатто мозоримни майсага ўраб¸
Сен ҳам алдармисан биринчи апрел.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG