Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:33

Калтак ҳоким бошида синадиган бўлди


Фақат президент Каримовдан қўрқиб¸ Каримовгагина ҳисоб берадиган вилоят ҳокимларининг мустақил иқтисодий сиëсат юритишлари¸ кузатувчилар фикрича¸ эҳтимолдан мутлақ йироқ.
Фақат президент Каримовдан қўрқиб¸ Каримовгагина ҳисоб берадиган вилоят ҳокимларининг мустақил иқтисодий сиëсат юритишлари¸ кузатувчилар фикрича¸ эҳтимолдан мутлақ йироқ.

Ўзбекистон Олий Мажлиси мамлакатдаги иқтисодий инқирозга қарши кураш ваколатини тўлиғича туман ва вилоят ҳокимлари зиммасига юклади. Тизгини Тошкент қўлида бўлган ҳокимлар учун бу қарорнинг яхшилик аломати эмаслиги айтилмоқда.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон сенаторлари молиявий инқирозга қарши кураш чораларининг 2009-2012 йилларга мўлжалланган дастурини сўзсиз бажариш борасида маҳаллий ҳокимият органлари роли ва масъуллиги масаласини муҳокама қилдилар.

Сенаторларнинг тан олишларича, бу инқироз мамлакат иқтисодиётига таъсир кўрсатди ва кўрсатишда давом этмоқда. Бу йиғилишга президент Ислом Каримовнинг ҳам келиши кутилган эди. Бироқ у келмади. Сенаторлар эса инқирозга қарши курашнинг бор масъулиятини вилоят, туман, шаҳар ҳокимларига юкладилар.

Кузатувчиларнинг айтишларича, молиявий инқирознинг ҳақиқий таъсири Ўзбекистонда жорий йил давомида кучлироқ сезила бошлайди. Бу оғирликни эса Ўзбекистон президенти ҳам, ҳукумати ҳам ўз бўйнига олишни истамаяпти.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, бу инқироз учун жавобгарликни кимгадир юклаш лозим. Жавоб берадиган эса яна маҳаллий ҳокимлар бўлиб қолмоқда:

- Марказий ҳокимият Ўзбекистон шароитида ўзини ўзи танқид қила олмайди. Мана 2004 йилгача Вазирлар маҳкамасининг раиси бўлиб президентнинг ўзи фаолият кўрсатар эди.

Лекин 2004 йилдан кейин қонунчилик ўзгариб¸ Бош вазир ҳукумат раиси бўладиган бўлди. Ижроия ҳокимиятда функционал бўлиниш бўлди. Сиëсий ва ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича функциялар Бош вазирга юклатилди.

"Ўзбекистон унитар давлат¸ вилоят ва туман ҳокимлари Тошкентдан кўрсатилган дастурларни амалга оширишга мажбур холос. Улар ўзлари дастур ишлаб чиқиб¸ вилоят депутатлари кенгашига қўйиб¸ қўшимча чора-тадбирлар киритиш ваколатига эга эмас"¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Камолиддин Раббимов сўзларига кўра, Ўзбекистонда вилоят ҳокимлиги жуда ҳам марказлашган ва бир шахс қўлида жамланган. Шунингдек, айни пайтда ҳамма нарса Тошкентга боғлиқ.

Улар фақат марказ айтган кўрсатмаларнинг ижрочиси, холос. Улар ҳеч қачон вилоятда мустақил равишда бир ўзгариш, бир янгилик қилишга қодир эмас:

- Жамиятда ишончсизлик руҳияти жуда ҳам чуқур. 90-йилларда ҳокимлар танқид қилинса¸ Каримовнинг обрўси ошар эди. Жамиятда “Мана ҳоким алмашди. Энди ижобий ўзгаришлар бўлса керак”¸ деган кутиш бўларди. Ҳозирги пайтда эса бу нарса кузатилмайди. Чунки жамият Каримов ўзига ўзи қарши чиқаëтганини тушунди.

Каримов янги ҳокимни қўяëтганда, жуда мақтайди¸ уни ишдан олаëтганда жуда ҳақоратлайди. Бу ерда муаммо ҳокимларнинг шахсиятида эмас¸ Ўзбекистонда шаклланган системада¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Сўнгги йилларда вилоят ҳокимлиги вазифаси Ўзбекистонда ҳавас қилишга арзийдиган мансаб бўла олмади. Зеро, сўнгги йилларда президент томонидан мақтаб қўйилган ҳокимлар орадан бир-икки йил ўтмасдан шармандаларча ишдан бўшатилмоқда ва шундан сўнг улар карьераси тугаяпти.

Камолиддин Раббимов фикрича, бугунги шароитда вилоят ҳокимлигига тайинланиш, бу унинг мансаб пиллапояларига болта урилиши ҳукми билан баробар:

- Биласизми, кейинги 15 йил ичида биттагина вилоят ҳокими карьера қилди. Бу Шавкат Мирзиëев. Жиззахда ва Самарқандда вилоят ҳокими бўла туриб¸ кейин Бош вазир даражасига кўтарилди. Қолганларга¸ бу албатта¸ приговор.

Ҳокимлар хоҳласа-хоҳламаса¸ ҳокимликдан кейин келадиган қора кунлар учун пул йиғади. Ўзбекистон системасида коррупция қонуниятга айланиб қолган¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Сурхондарё вилоятидаги туманлардан бирида узоқ йиллар раҳбар лавозимида ишлаган Эшбўри Холиқовнинг айтишича, мамлакат Конституциясининг ўзи ҳокимларнинг демократик принциплар асосида ишламаслигига йўл бериб қўйган:

- Мана конституциянинг 103 моддасида шундай деб ëзиб қўйган: вилоят¸ туман ва шаҳар ҳокимлари ўз ваколатларини яккабошчилик асосида амалга оширади. Демократик давлатда яккабошчилик йўқку! Демократик давлатда сайлаш бор.

Ҳоким хоҳлаган ишини бугун қилади¸ хоҳлаган ишини эртага қилади. Буни тушунадиган¸ нима қиладиган одам йўқ. Шунинг учун ҳокимларнинг умри қисқа бўлиб кетаяпти.

Бўлажак ҳокимнинг хулқ-атворини депутатлар билса¸ бўлажак ҳоким бўладиган туманининг ëки шаҳрининг ҳолатини билса эди¸ у маслаҳатлашарди¸ бир ишлар қиларди. Бу нарса йўқ¸ дейди Эшбўри Холиқов.

Эшбўри Холиқов фикрича, ҳокимларнинг халқ томонидан сайланмаслиги ва мутахассислиги иқтисодиётдан, қишлоқ хўжалигидан жуда узоқ бўлган одамларнинг ҳокимлик вазифаларига тайинланиши шундай ҳам оғир бўлган иқтисодиётни яна ҳам оғирлаштириб юборди.

Эшбўри Холиқов ўз фикрига¸ Сурхондарё вилоятига илгари тайинланган миллий хавфсизлик хизматининг баланд мартабали ходимини мисол қилиб келтиради:

- Мана¸ Сурхондарëда Тошмирза Қодиров деган ҳоким бор эди. У нимани биларди? Қишлоқ хўжалигини билмаса. Мана Бахтиëр Олимжонов деган келиб шу ерда уч йил ишлади. Қишлоқ хўжалигида¸ экологияда ҳаммаси эрозия деб¸ ҳаммасини тартибга солиб кетди. У кимларгадир ëқмади. Агар ўша ишлаганида¸ Сурхондарë жаннатга айланарди. Тошмирза келиб одамлар учун бир иш ҳам қилмади¸ қишлоқ хўжалиги¸ экология бузилиб кетди¸ дейди Эшбўри Холиқов.

Ўзбекистонда молиявий инқироз ўз таъсирини кўрсатишда давом этмоқда. Ҳозирча бундан чиқиш масъулияти фақат ҳокимлар зиммасида қоляпти. Улар ўз ҳудудидаги бу инқирозга ва тепадан тушадиган калтакларга қандай чидаркин буни ҳали ҳеч ким билмайди.
XS
SM
MD
LG