Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:53

Қирғизга ГЭС қайғу, ўзбекка сув


Ўзбек расмийлари иддаосича, Қирғизистон Қамбарота ГЭСини қуриш орқали минтақа экологиясига улкан зиён келтириши мумкин.
Ўзбек расмийлари иддаосича, Қирғизистон Қамбарота ГЭСини қуриш орқали минтақа экологиясига улкан зиён келтириши мумкин.

Ўзбекистоннинг асосий экинзорларини, Қозоғистон ва Тожикистоннинг бир қисмини сув билан таъминлайдиган Қирғизистонда бу йил ҳам сув тақчил бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Қирғизистон томони расмий Тошкент норозилигига қарамай, Қамбарота ГЭСи қурилиши шу йил якунида бошланишини маълум қилди.
Президент Ислом Каримов шу йилнинг 14 февралида вазирлар маҳкамасида нутқ сўзлар экан, Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилиши Ўзбекистон талабларини инобатга олинмаган ҳолда бошланаётганига нисбатан кескин норозилик билдирган эди.

Ислом Каримовга кўра, расмий Тошкент Қамбарота ГЭСи қурилиши дарёларнинг қуйи оқимида жойлашган Ўзбекистон каби давлатлар экологиясига катта зиён келтиради. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон бу қурилиш лойиҳасини БМТ экспертлари томонидан баҳоланишини талаб қилмоқда.

- Холисона экспертиза ўтказмасдан туриб, қурилишни бошлаш мумкин эмас, деган позицияда қаттиқ туришимиз зарур. Агар шундай қилмасак, эртага кеч бўлади, деган эди Ислом Каримов.

Айни пайтда Ислом Каримов, агар халқаро экспертиза Қамбарота ГЭСи минтақа экологиясига салбий таъсир кўрсатмаслиги ҳақида хулоса тақдим этса, Ўзбекистон ҳам бу қурилишларда иштирок этишга тайёрлигини билдирганди.

Мутахассисларга кўра, мазкур ГЭС қурилишига Ўзбекистоннинг қаршилик кўрсатаётгани фақат экологик муаммолар билан боғлиқ эмас. Агар Қамбарота ГЭСи қуриладиган бўлса, унинг сув омборини тўлдириш учун камида беш йил вақт керак бўлади. Бу эса 2008 йилдан буён сувга катта эҳтиёж сезаётган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун қўшимча ноқулайликлар туғдиради.

Айтиб ўтиш жоизки, 2008 йилда Қирғизистон камсувлик жараёни бошлангани муносабати билан минтақага 7,5 миллиард кубометр ўрнига 4 миллиард кубометр сув берилишини билдирганди. Бироқ расмий Тошкент бу борада Қозоғистон ва Тожикистон имзолаган тўрт томонлама шартномага қўшилмагани учун Қирғизистон томони Ўзбекистонга сув беришдан бош тортганди. Натижада Ўзбекистон Қозоғистонга берилган сувни ўзлаштиришга мажбур бўлган. Бунинг оқибатида эса Бишкек, Тошкент ва Остона расмийлари ўртасида турли келишмовчиликлар келиб чиққанди.

Қирғизистон Энергетика вазири Илёс Давидовга кўра, бу йил ҳам минтақани эҳтиёжга яраша сув билан таъминлаш масаласи муаммо бўлиб турибди.

- Жорий йил 1 апрелида сув омборлардаги сув заҳираси 6 миллиард 396 миллион кубометрга етди. Апрел ойи ўрталарига бориб, сув миқдори кўпайиши мумкин. Унгача эса сув озаяверади.

Бизнинг тахминимизча, бу йил сув ўтган йилга нисбатан икки ярим миллиард куб метрга кўпроқ бўлади. Лекин бу Қирғизистон аҳолисини электр энергия билан юз фоизга таъминлаш учун озлик қилади, деди Илёс Давидов.

Вазирнинг сўзларидан келиб чиқилса, бу йил ҳам Қозоғистонга бир оз миқдорда сув берилиши мумкин. Чунки бу давлат Қирғизистондан 25 миллион долларлик электр энергияси сотиб олмоқда. Бу электр энергиясини ишлаб чиқариш учун очилган сув ўтган йилдагидек Қозоғистонга берилади.

Қирғизистон Энергетика вазирига кўра, бу йилги ёз мавсумида Ўзбекистон 550 миллион киловатт/соат электр энергияси сотиб олишни режалаштирган эди. Бироқ шу кунгача расмий Тошкент бу борадаги шартномани имзоламаган.

Қирғизистон учун қўшниларга текинга сув беришдан кўра, электр энергияси ишлаб чиқариш ва уни сотиш манфаатлироқдир. Бундай позициядан турилса, бир ўқ билан икки қуённи уриш имконияти пайдо бўлади. Чунончи қўшнилар электр энергиясига эҳтиёж сезмасалар-да, Қозоғистон тутган йўлдан бориб, сув олиш учун электр энергияси сотиб олишга мажбур бўладилар.

Иккинчидан эса Қамбарота ГЭСининг қурилиши оқибатида Қирғизистон ўзида мавжуд бўлган барча сув заҳираларини назорат остига олиш ҳамда етарли миқдорда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳисобига қиш мавсумида қўшни давлатлардан олинаётган газ, мазут ва кўмир қарамлигидан қутилиш имкониятига эга бўлади.

Шу жиҳатдан қаралганда Қамбарота ГЭСининг қурилиши Қирғизистон учун ҳаёт-мамот масаласидир. Шунинг учун ҳам расмий Бишкек Россияга Қамбарота ГЭСи акцияларининг тенг ярмини бериш шарти билан бу ГЭС қурилишига бир миллиард 700 миллион долларлик рус сармоясини ётқизиш тўғрисидаги шартномани иккиланмай имзолаган.

Айни пайтда Қирғизистонлик мутахассислар минтақадаги сув муаммосини бартараф этишнинг яна бир йўлини таклиф қилмоқдалар.

- Сув бозор маҳсулоти бўлмаса-да, ижтимоий, экологик ва табиий товардир. Унга пул тўланиши керак. Агар сувга пул тўлсалар, йилига беш-олти миллион доллар фойда кўрилар эди.

Иккинчидан эса Қирғизистонда сув товар экани ҳақида қонун қабул қилинган. Бу қонунни ҳам ишлатиш вақти келди. Сув товар бўлгач, у фойда келтириши керак, дейди Қирғизистон сув ва гидроэнергетика муаммолари институти директори, академик Дуйшўн Маматқанов.

Бироқ Ўзбекистон томони бундай талқинга мутлоқ қарши позицияда эканини айтиб келади. Ўзбек расмийлари фикрича, Қирғизистондан бошланадиган дарёлар трансчегаравий ҳисобланади. Шунинг учун ҳам расмий Тошкент бу давлатда шаклланган сув заҳиралари Қирғизистоннинг эмас, минтақа давлатларининг умумий бойлигидир, деган позицияда қатъий турибди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов феврал ойида ўтган вазирлар маҳкамаси йиғилишида бу муаммога ҳам алоҳида тўхталиб ўтган эди:

- Биз трансграничний деймиз... Яъни иккита-учта ҳудудни, давлат чегараларини босиб ўтадиган сувни трансчегаравий, деб атаймиз. Шу иборани ҳам тан олишмаяпти. Ҳолбуки, бу ҳақда Бирлашган миллатлар ташкилотининг саккизта конвенцияси бор, деган эди Ислом Каримов.
XS
SM
MD
LG