Линклар

Либерман Ҳамасни қуролсизлантиришга чақирди


Исроил янги Ташқи ишлар вазири Ҳамас ҳаракати Ғазони назорат қилишда давом этар экан¸ Фаластин билан олиб борилаётган тинчлик музокараларида олдинга силжиш бўлиши мушкул¸ дея баëнот берди.

Исроилнинг “Ҳааретц” нашрига интервью берган Авигдор Либерман¸ агар фаластинликлар тинчлик музокараларидан натижа бўлишини истаса, даставвал Ҳамасни қуролсизлантириб, Ғазода қайта назорат ўрнатишлари лозимлигини билдирди.

Чоршанба куни эса Либерман Исроил 2007 йилда АҚШнинг Аннаполис шаҳрида Фаластин билан эришилган тинчлик келишувини бажариш мажбуриятини ўзидан соқит қилганини эълон қилди.

Либерманнинг билдиришича, ўз ҳукумати фақатгина 2003 йилда эришилган “йўл харитаси” принципларига риоя қилади.

“Йўл харитаси” тинчлик дастурига мувофиқ, Исроил Фаластин ҳудудларида яҳудийлар учун турар-жой бинолари қуришни камайтириши зарур.

Айни пайтда¸ Оқ уй Исроил билан ёнма-ён мустақил Фаластин давлати тузиш уринишларига содиқ қолажагини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG