Линклар

logo-print

Эй¸ азиз юртим

  • Абдулла Искандар

Рашид Холиқов¸ "Эй, азиз юртим" қўшиғининг бунчалик машҳур бўлиб кетишини ўзи ҳам кутмаганини айтади.

Рашид Холиқов¸ "Эй, азиз юртим" қўшиғининг бунчалик машҳур бўлиб кетишини ўзи ҳам кутмаганини айтади.

"Таниш қўшиқлар" саҳифасининг бугунги сонига бундан 11 йил муқаддам "Шаҳзод" гуруҳи xонандаси Рашид Xолиқов ижро қилган "Эй, азиз юртим" қўшиғини мавзу қилиб танладик.

Эй азиз юртим¸ сени куйлайман¸
Ҳар куни сенга¸ бахтни тилайман.


Қўшиқ¸ англанмас бир ҳодисага ўхшайди. Масалан¸ таниқли ҳофиз Комилжон Отаниëзовнинг коммунизм боғлари ҳақида ашуласидаги мунг доимо нега менинг юрагимни тўлқинлантирганидан ҳайрон эдим.

Шууримизда тўфон уйғотадиган омил матн эмас¸ балки оҳангдир¸ деган фикр туғилар эди баъзан.

Рашид Холиқов ижросидаги ватанпарварона қўшиқдаги устма-уст зарб қалбимизда кўтаринки руҳ тошқинини ҳосил қилади.

"Эй, азиз юртим сени куйлайман"¸ деб бошланадиган сийқа калималар негадир ғашимизни келтирмайди.

Балки "Эй, азиз юртим" калимаси такрорланган сайин, қулоғимиз ҳам ўргана бошлайди.

Бу мисралар дўмбоққина ҳофиз йигитнинг ингичка овози билан айтилар экан¸ бизга шиордан кўра фарëдга ўхшаб туюла бошлайди.

Эй азиз юртим қўшиғи ижрочиси Рашид Холиқов бу қўшиқнинг урф бўлиб кетганидан ўзи ҳам ҳайронлигини айтади.

Рашид Холиқов: Бu қўшиқ оммабоп бўлиб кетади, деб ўйламаган эдим очиғи. Бу қўшиқ 1998 йилда ижро этилган.

Озодлик: Шеър муаллифи ким?

Рашид Холиқов: Шеър муаллифи Иброҳим Жиянов. Мусиқасини Руслан Шарипов ëзган.

Озодлик: Бунинг тарихи қандай бўлган? Ватанни севиш ҳақида қўшиқ айтинг, деб биров айтдими ë бу шеър ўзингизга ëқиб қолдими?

Рашид Холиқов: У пайтларда Mустақиллик майдонида мустақиллик байрами концертлари бўларди¸ ҳозир ҳам бўлади. Ўшанда ҳаммага ватан ҳақида қўшиқ бўлса яхши бўларди, деган таклиф қилинган. Биз бу таклифни Руслан Шариповга киритганмиз. У мусиқалардан беш-олтита вариант берган. Биз энг охирида мана шу вариантни танлаганмиз.

Қўшиқ яхши¸ чиройли. Байрамларда айтиладиган қўшиқ. Мен бу қўшиқни Исроилда айтганимда ўзимизнинг Бухоро жуҳудларининг кўзида ëш кўрдим. Саҳнани кўзларига суртиб йиғлашган. Австрия пойтахти Венада ҳам бунга гувоҳ бўлганман.

Ўзбекистонда киндик қони тўкилиб, чиқиб кетган инсонлар бу ернинг қадрига етишади. Шу қўшиғимиз уларнинг қалбига кириб борганидан мен жуда хурсандман.

Ҳар битта артистнинг ўзининг значок қўшиғи бўлади. Бу ашулани менинг значок ашулам деса бўлади. Бу ўзимга ëқадиган ва юртимизни тараннум этадиган қўшиқ. Сўзлари жуда ҳам оддий. Баландпарвоз сўзлар йўқ.

Озодлик: Қўшиқни яратиш жараëнида муаллиф билан ишладингизми? Матннинг бу ерини ўзгартириб бер¸ у ерини ўзгартириб бер, деб таклиф қилдингизми?

Рашид Холиқов: Ўзи бунақа нарса жуда ҳам кўп бўларди. Биласизми¸ бу қўшиқда қанақа бўлди? Биринчи куй ëзилди. Мен тайëр куйни Руслан Шариповдан олиб Иброҳим Жияновга олиб бордим. Ўзи Иброҳим акага тепадан ўзи бир нима келдими¸ битта ҳам сўзни ўзгартирганимиз йўқ. Мусиқага ўзгартиришлар киритдик¸ лекин сўзларига ўзгартириш киритмадик.

Озодлик: Бу қўшиқдан бир парча хиргойи қилиб берасизми?

Рашид Холиқов: Мен ҳозир қўшиқ хиргоий қилиб бера олмайман. Чунки ëнимда бошқа инсонлар ҳам бор. Бу қўшиқ жуда юқори пардаларда ижро қилинадиган қўшиқ. Бошқа шароитда бўлганда мен сизга бажонидил ижро қилиб берган бўлардим. Ҳозир мен бирданига қўшиқ куйлаб кетсам, бу ердаги одамлар бошқача тушуниб қолишади.

Рашид Холиқовнинг нон шаҳри

Озодлик: Майли. Мана сизнинг ëшлигингиз Бешëғочда¸ Комсомолский озеро (ҳозирги Ўзбекистон миллий боғи – таҳр.) ëнларида ўтган. Ëшлигингиз¸ қўшиққа кириб келишингиз ҳақда айтиб беринг.

Рашид Холиқов: Комсомолский озеро, деганингизга битта нарса эсимга тушиб кетди. Кичкиналигимизда ўша ëққа чўмилишга борардик. Ëш бола энди¸ бирпас чўмилгандан кейин қорин очади. Мен ўзбек халқининг меҳрдиллигини айтмоқчиман.

Ўша кўлнинг ичида нон заводи бўларди. Энди ëш болада, уни айтсам бўлади¸ буни айтсам бўлмайди, деган нарса бўлмайди. Заводни ўраб турган решëткасининг ëнига бориб¸ “Хола¸ нон беринг” десак¸ қайноқ-қайноқ нонларни олиб беришарди. Бу сотилади¸ буни пулга берамиз¸ деган гап бўлмас эди.

Мен ўзим эски шаҳарда катта бўлганман. Мен ўзимнинг шаҳримни жуда ҳам яхши кўраман. Мен дам олиш учунми¸ туристик сафар биланми¸ қаëққа борсам ҳам¸ 10 кун чидайман. 10 кундан кейин ватанга қайтиб келгим келади. Айниқса¸ мана ҳозир баҳор. Тошкент жуда ҳам гўзал қиëфага кирган.

Алла Пугачева ва Ялла қўшиқларига жўровоз болалик

Озодлик: Ëшлигингизда қанақа қўшиқлар¸ қанақа оҳанглар сизнинг қулоғингизга кириб қолган?

Рашид Холиқов: Мен “Ялла” гуруҳининг қўшиқларини эшитиб катта бўлганман¸ десам адашмайман. Шу гуруҳнинг қўшиқларини кичкиналигимдан жуда севиб тинглардим. Кейин Алла Пугачëванинг қўшиқларини севиб тинглардим.

Уйимизда пианино бор эди. Етти-саккиз ëшлигимда шуни чалиб¸ қўшиқ айтиб ўтирардим. Сал ëш улғайгандан кейин¸ Насиба Абдуллаеванинг қўшиқларини севиб тинглардим.

Мен ҳозир Камолиддин аканинг ëки Ғулом аканинг ашуласини эшитардим¸ десам ëлғон гапирган бўламан. Нимагаки у пайтда биз ëш бола бўлганмиз ва бу қўшиқларни қабул қилишимиз оғирлик қилган. Лекин ҳозирги кунда мен бу қўшиқларнинг ҳаммасини жуда қадрлайман.

Озодлик: Мен баъзи бир мутахассислар билан гаплашган эдим. Улар агар Рашид Италияда бўлганида¸ албатта¸ опера айтган бўларди¸ деган бир фикрни айтишди.

Рашид Холиқов: Бу фикр ҳам ëлғон эмас. Чунки опера йўлида ижро этиш менга жуда яқин. Нимагалигини лекин билмайман. Мен инглиз ва бошқа тилларда қўшиқ куйлаб кўрдим.

Лекин италян тилининг менга қанақадир яқинлик томонлари бор. У ëқда туғилган бўлганимда¸ ҳақиқатан ҳам опера қўшиқчиси бўлган бўлармидим. Энди ҳаммаси Оллоҳдан. 1991 йилда "Шаҳзод" гуруҳи бўлиб ташкил топганимиздан бери аста-секинлик билан ишлаб келаяпмиз.

Озодлик: Балки бошқалар бу саволни кўп беришгандир. Лекин бизда аудитория бошқа. Нима учун гуруҳингизга "Шаҳзод" деб ном қўйгансиз?

Рашид Холиқов: Тўғри, мен бу саволга жуда ҳам кўп жавоб берганман. Ўша 1990 йилларда мен Шаҳзода деган қизнинг номини эшитганман. Шу ном нимагадир қулоғимга яхши чалинган. Ҳозир билсам, ўша пайтда Шаҳзода деган ном кўп бўлган экан.

Албом ëзилаëтган пайтда болалар билан нима ном қўямиз, деб маслаҳатлашганмиз. Ҳар хил вариантлар бўлди¸ лекин нимагадир шу ном миямда айланаверди. Шу билан мен таклиф киритдим ва гуруҳнинг номи 'Шаҳзод' бўлди. Менинг хурсанд бўладиганим, мени ҳалигача бир хил одамлар "Шаҳзод' деб чақиради.

Масалан, чет элларда кўп артистлар ўзларига тахаллус танлаб қўяди. Лекин биз буни тахаллус бўлсин, демаган эдик. Одамларга шунчалик яқин бўлиб кетганидан, одамлар менинг исмимни Шаҳзод деб ўйлашади.

Болаларимизнинг номини сизларнинг гуруҳга ҳавас қилиб Шаҳзод деб қўйдик дейишади. Менинг жияним¸ акамнинг қизи гуруҳимиз тузилган пайтда туғилган. Ўшанда унинг исмини гуруҳимизга бағишлаб Шаҳзода деб қўйганмиз. Шу қизга неча йил бўлса¸ бизнинг гуруҳга ҳам шунча йил бўлади. Яна бир қизиқ томони бизнинг ëшимиз мустақиллик билан тенг.

Рашид Холиқов сизга бахт тилайди

Озодлик: Бизни дунëнинг турли хил бурчакларида тинглашади. Дунëнинг турли жойларида бўлган ўзбекларга айтадиган гапларингиз борми?

Рашид Холиқов: Мен аниқ биламан¸ улар қаерда бўлишса ҳам қаердан келиб чиқишганлиги ҳеч қачон эсларидан чиқмайди. Ўзбекистоннинг иссиқ нонлари¸ ширин ошлари. Аслида мевалар¸ нонлар ҳар бир давлатда бор.

Кўп давлатларга мана бориб келганлар ош қилсак¸ Ўзбекистондагидай чиқмайди дейишади. Менинг тилагим ҳар доим содиқ бўлиб қолишсин. Содиқ бўлиб қолишади ҳам. Ҳаммаси соғ-саломат бўлсин.

Қаерда нима иш қилишаëтган бўлса¸ соғ-саломат бўлиб¸ ўйлаган ниятларига етиб¸ юртларига эсон-омон қайтиб келишсин. Агар бутунлай кўчиб кетишган бўлса¸ ўша кўчиб борган ерларида камол топиб¸ бахтли бўлишсин.

Бағрингда ўсдим¸ дўстларим билан армон билмай¸
Ялангоëқда чопиб юрардим¸ ҳеч нарсани ўйламай¸
Онажоним айтган алла куйида жонимга кирган¸
Ватан туйғусин мен ҳис қиламан¸ сенга қараб тўймай.

Эй азиз юртим¸ сени куйлайман¸
Ҳар куни сенга¸ бахтни тилайман.

Дунëда кўпдир гўзал шаҳарлар¸ гўзал юртлар¸
Мен учун сендан чиройли жой йўқ¸ кўркинг дилим шод этгай¸
Аждодларим ўтган шу ерда яшаш¸ менга буюк бахт¸
Кўриб бу кунинг эртанг ўйласам¸ бошим кўкка етгай.

Эй азиз юртим¸ сени куйлайман¸
Ҳар куни сенга¸ бахтни тилайман.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG