Линклар

Катта йигирмалик қарор берди


Саммит иштирокчиларининг тарих учун тушган бу суратидан улар ўртасида кескин келишмовчилик борлигини уқиш қийин.

Саммит иштирокчиларининг тарих учун тушган бу суратидан улар ўртасида кескин келишмовчилик борлигини уқиш қийин.

Дунë иқтисодининг 90 фоизга яқинини назорат қилувчи 20 давлат раҳбарлари пайшанба куни Лондонда глобал инқироздан чиқиш борасида бир тўхтамга келдилар.

Пайшанба тонгда катта йигирмалик раҳбарлари бирин-кетин Лондондаги Эксел марказига кириб келар экан¸ уларни анжуман мезбони¸ Британия Бош вазири Гордон Браун билан қучоқ очиб қарши олди.

Бир-бирига жилмайиб¸ бир-бирининг елкасига қўл ташлаганча кўришаëтган раҳбарлар¸ тўйга келган меҳмонларни эслатди.

Аммо теле ва фотокамералар учун ëпиқ бўлган эшиклар ортида¸ уларни тўй эмас¸ балки инқироз ботқоғига ботиб бораëтган дунë иқтисодини қутқариш каби ўта мушкул масалада ўта мушкул қарор бериш вазифаси кутаëтган эди.

Энг мушкули¸ бу қарорни икки-уч соат ичида қабул қилиш босимидир.

Муросага келиш лозим бўлган масалалардаги жиддий бўлинишга қарамай¸ Гордон Брауннинг саммит очилишида қилган баëноти анча некбин янгради.

- Қўлларингизга теккан расмий ҳужжат орамизда мавжуд тавофутнинг имкон қадар муросавий келишувга келтирилгани ифодаси эканига ишонаман¸ деди саммит мезбони.

20 давлат раҳбарлари ўртасидаги асосий келишмовчилик эса¸ ҳукуматнинг инқироздан чиқиш учун солиқ тўловчилар пулидан яна қанча сарфлашию жаҳон молия тизимлари мурватини қанчалик қаттиқ бураш устидадир.

АҚШ¸ Британия¸ Канада¸ Япония каби йигирмаликнинг аксар ҳукуматлари иқтисодий ўсишни рағбатлантириш мақсадида яна миллиардлаб доллар маблағ сарфлаш тарафдори.

Германия ва Франция раҳбарлари эса¸ бундан буëғига халқ пулини банк ва йирик ширкатларни қутқаришга сарфлаш ўрнига¸ асосий эътиборни молиявий тизимлар фаолиятини кучлироқ назорат қилувчи қоидалар жорий этишни талаб қилмоқдалар.

Лондон саммити арафасида қўшма матбуот анжумани ўтказган Николя Саркози ва Ангела Меркел¸ агар ўз талаблари анжуман якуний ҳужжатига киритилмаса¸ уни ташлаб чиқиб кетишларидан пўписа қилдилар.

Хусусан¸ Париж ва Берлин раҳбарлари қоидаларни кучайтириш ҳақдаги умумий сўзлар ўрнига¸ масалан йирик ширкатлар ва бадавлат одамлар учун ер юзидаги жаннат ҳисобланмиш солиқсиз ҳудудларни бекор қилишга чақирдилар.

- Бугун биз янги дунë барпо этиш имконини қўлдан бой бермаслигимиз керак. Бугун биз 21 асрда яшаяпмиз ва айнан 21 асрга мос молиявий қоидалар пойдеворини ўрнатиш фурсати келди¸ деди Лондон саммити учун ҳозирланган ҳужжат лойиҳаси ғашига текканини очиқ айтган президент Саркози.

Олинган сўнгги хабарларга кўра¸ саммит якуний ҳужжатига¸ Франция ва Германия қаршилигини инобатга олган ҳолда¸ иқтисодни рағбатлантириш учун қўшимча маблағ ажратиш мажбурияти киритилмаган.

Айни пайтда¸ катта йигирмалик раҳбарлари инқироз туфайли ҳалокат жари ëқасига келиб қолган давлатларни қутқариш учун Халқаро валюта жамғармаси ихтиëридаги маблағни икки бараварга кўпайтириб¸ уни бир триллион долларга етказиш борасида ҳам келишувга эришганлар.

Айрим намойишчилар¸ "Биз уларнинг бўҳрони учун тўламаймиз!"¸ деган шиорларни кўтариб олишди.
Жаҳондаги иқтисоди энг кучли 20 давлат раҳбарлари инқироздан чиқиш борасида баҳс этаëтган айни пайтда¸ Лондон марказидаги кенг кўламли намойишлар ҳам параллел тарзда давом этди.

Солиқ тўловчилар пули билан очкўз банкирлар ва бизнес бошқарувчиларини қутқариш режасига қаршилик кўрсатаëтган минглаб намойишчилар¸ умумиятла капиталистик иқтисод асосларини танқид қилдилар.

Айни пайтда¸ намойишчилар орасидаги алоҳида гуруҳлар глобализация¸ иқлим ўзгариши ҳамда Ироқ ва Афғонистондаги урушга ҳам ўз норозиликларини билдирдилар.


Саммит арафасида бошланган бу намойиш қатнашчиларидан айримлари чоршанба куни полиция билан тўқнашгани оқибатида¸ 80 дан ошиқ намойишчи ҳибсга олинди.
XS
SM
MD
LG