Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:55

Тожиклар импортни чекламоқчи


Янги қонунга кўра¸ Тожикистон чегараларида мамлакат ҳудудига олиб кирилаëтган моллар устидан назорат кескинлашади.
Янги қонунга кўра¸ Тожикистон чегараларида мамлакат ҳудудига олиб кирилаëтган моллар устидан назорат кескинлашади.

2009 йилнинг 1 апрел куни Тожикистон қуйи палатаси томонидан қабул қилинган янги қонун лойиҳаси бу мамлакатга импорт моллар олиб киришни чеклайдиган бўлди.

Тожикистон қуйи палатаси вакиллари Мирзошариф Исломиддинов ва Садриддин Хайриддинов тайёрлаган, сўнгра эса ҳукумат томонидан ўрганилиб, маъқулланган “Ташқи мол айирбошлаш жараёнида Тожикистон иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси парламент вакиллари ўртасида катта баҳс-мунозарага сабаб бўлди.

Парламент қуйи палатасининг энергетика ва саноат қўмитаси раиси Мирзошариф Исломиддинов фикрича, мамлакат бозорларига хориждан олиб келинаётган маҳсулотларни тартибга солувчи қонун йўқлиги, энг аввало, мамлакатда ишлаб чиқаришни турғун ҳолатга солиб қўймоқда.

- Бу эса, ўз навбатида, мамлакат иқтисодиётининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб, ишсизлар сонининг ортишига олиб келмоқда. Зеро, аксарият корхоналаримиз харидор топа олмаётганидан ўз фаолиятини тўхтатиб қўймоқда, деди қуйи палата вакили Исломиддинов.

Аммо бошқа бир гуруҳ депутатлар мазкур қонуннинг қабул қилинишига кескин қаршилик кўрсатдилар.

Депутат Сафарали Ражабовга кўра, ташқаридан киритилаётган маҳсулотларга божхона тўлови ва солиқни ошириш мамлакат бозорларида нарх-навони бир неча бараварга ошириб юборади.

- Бугун бозорларимизда мамлакат ичкарисида ишлаб чиқилаётган қандай маҳсулотлар борки, биз ташқаридан олиб келинаётган товарларга қўшимча тўлов белгилаб, уларнинг йўлини тўсмоқчи бўлаяпмиз.

Билишимизча, мамлакат бозорларидаги маҳсулотларнинг тахминан 90 фоизини импорт маҳсулотлар ташкил этади.

Мамлакат ичкарисида ишлаб чиқаришнинг ривожланмаётганидаги асосий сабаб эса, маҳаллий молларнинг сифати талаб даражада эмаслигидадир, дейди Сафарали Ражабов.

Депутат Ражабов фикрича, мазкур қонун мамлакатда мавжуд иқтисодий-ижтимоий вазиятни янада мураккаблаштиради, шунинг учун уни қабул қилишга ҳожат йўқ.

Шунга қарамай, узоқ тортишув ва баҳслардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Мустақил таҳлилчи Нўъмонжон Фахриддиновга кўра, қуйи палата депутатлари қабул қилган қонун оддий халқ, яъни харидорларга қийинчиликлар туғдиради.

- Ташқаридан олиб келинганми ёки ичкарида ишланган молми - давлат томонидан божхона тўловларининг оширилиши оддий халқ, сотиб олувчи учун қийинчилик туғдиради. Бу қонун қабул қилиниши билан даромадимизда яна бир кемтик жой пайдо бўлади, дейди таҳлилчи.

Тожикистонлик бошқа бир таҳлилчи Бахтиёр Мўминов эса мазкур қонун мамлакат ичкарисида ишлаб чиқариш қайта жонланишига туртки бўлиши мумкинлигини айтади.

- Агар Тожикистон ҳукумати жумҳуриятимизда иш жойларни кўпайтириш учун енгил саноатни, тўқимачилик саноатини йўлга қўйса, ҳам ички бозорда, ҳам ташқи бозорда ўз ўрнимизни топа оламиз.

Мана, Ўзбекистонда ҳам, Турманистонда ҳам ташқаридан мол киритиш чекланган. Улар янги технология асосида тўқимачилик, машинасозлик саноатини ривожлантирган. Бу қонун қабул қилингани яхши бўлди, дейди Бахтиёр Мўминов.

Айни пайтда тожикистонда импорт молларни чеклашга доир қабул қилинган янги қонун аксар тожикистонликларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

- Энди жудаям қийин бўлади. Бизда бирорта фабрика бўлмаса шу маҳсулотларни чиқарадиган... Олдин завод-фабрикаларни очсин, кейин шунга қараб иш тутишсин. Мана, ёшларимиз Россияларга иш қидириб кетаяпти.

Узоққа бормайлик – мана, Ўзбекистонда ҳамма нарса ўзиники, нархиям яхши. Бизда шу молларни ишлаб чиқарадиган фабрикалар йўқ, дейди ўзини Мунаввархон деб таништирган суҳбатдошимиз.

Тожик жамиятида турли фикрлар уйғотаётган янги қонун айни пайтда имзолаш учун Тожикистон президенти маъмуриятига юборилган. Тожик расмийларига кўра, мамлакатга олиб кирилиши чекланган импорт моллар рўйхати мазкур қонунга президент Имомали Раҳмон имзо чекканидан сўнг эълон қилинади.
XS
SM
MD
LG