Линклар

Мардикорга ҳар жойда қийин

  • Гулнора Равшан

Муҳаббатхоннинг айтишича¸ унга таклиф қилинадиган ишлар орасида энг оғири қора қозонни оқартиришдир.

Муҳаббатхоннинг айтишича¸ унга таклиф қилинадиган ишлар орасида энг оғири қора қозонни оқартиришдир.

Ишсизлик туфайли ўзига тўқ оилалар юмушларини бажариб, кунига уч-тўрт танга топиб, бола-чақасини боқаётган мардикор аёллардан бири ўз ҳалол меҳнати орқасидан келаëтган изтироблар ҳақда ҳикоя қилади.

Душанбе шаҳар марказидаги Аҳмад Дониш кўчасида яшовчи 38 ёшли Муҳаббатхон Тожикистондаги фуқаролик урушидан сўнг мардикорлик қила бошлаганини айтади.

- Биттасининг уйини тозалаб бераман, бошқасининг қозонини тозалайман, яна бошқа бировнинг боласини икки соат қараб тураман. Ёз келса, гилам ювамиз, подъезд тозалаймиз, шу асосан ишимиз, дейди Муҳаббатхон.

Бир неча йил аввал эридан ажралган суҳбатдошимизнинг даромади унчалик катта эмас.

- Ким қанча берса. Кимдир 10 сомоний (тахминан 2,5 доллар – таҳр.), яна кимдир 15 сомоний (тақрибан 4 доллар - таҳр) беради. Дарров бориб нон, бир кило шакар, гречка ёки макарон оламан. Катта-катта емаймиз, киймаймиз. Фақат болаларни ўйлайман. Учта болам бор. Бирор нарсасига етказа олмайман. Топганим тўпланмайди, дейди Муҳаббатхон.

Суҳбатдошимиз ҳам бошқа аёллар каби тилла зирак тақишни орзу қилишини, аммо иложсизлик туфайли зиракка ҳечам етишолмаётганини айтади.

У кўп ҳолларда ишни ўзи ахтариб топади. Маҳаллаларда юриб, ўзига тўқ оилалар эшигини қоқади ва бирор юмуш бўлса, бажариб беришини мумкинлиги арз қилади.

Аммо баъзан унинг ишидан кўнгли тўлган мижозлари, уларнинг таниш-билишлари Муҳаббатхонни ахтариб, аёлнинг уйига келишади.

Қаҳрамонимиз бу йил аввалги йилларга нисбатан қишда жудаям қийналиб қолганини, чунки маҳалла кезиб иш тополмаганини, қайғудан касалга чалинганини гапиради.

Пул топишнинг ҳеч иложини қилолмагач...

- Томарқам этагидаги дарахтларни кесиб, 400 сомонийга (тақрибан 105 доллар – таҳр.) сотдик. Бир қоп ун олдим, ёғ олдим, шу рўзғорга кетди. Болаларнинг оёқ кийими ёки дафтарига етмай қолди, дейди Муҳаббатхон.

Суҳбатдошимиз кўпчилик тожикистонликлар сингари қаҳратон қиш ўтиб, кутилган баҳор келганига шукур қилади. Баҳору ёз ҳатто кузнинг аввалги икки ойи Муҳаббатхон ва болаларининг яхшироқ яшаши учун шароит туғилади.

- Мана энди гилам ювиш сезони. Энди бунда ҳам сахийлари беради. Масалан, бир гилам ювсак, бой бўлса, 30-40 сомоний (7-10 доллар – таҳр.) беради. Бир хиллари эса... Ҳай, шунисигаям шукур, дейди аёл.

Қаҳрамонимиз гилам ювишда ишлатилган сув учун ҳар ой Душанбе шаҳар турар-жой-коммунал бошқармасига 50 сомоний (тахминан 13 доллар – таҳр.) тўлайди.

Муҳаббатхоннинг айтишича, у бажарадиган юмушлар орасида энг қийини қозон оқартириш.

- Қозон тозалаш қийин. Нарх белгиласам, бир хил одамлар рози бўлмайди. Ювиб берасиз, кейин қўлингизга беш сомоний қистириб, “миннати раҳмат” айтиб ҳам қўяди.

Ўтган йил бир аёлнинг уйини икки кун уборка қилгандим. Уялмай беш сомоний берди менга. Пулини олмасдан, уйга келдим, роса алам қилди. Ўғилчамга берибди “ма, морожний оласан” деб, бечора бола олибди. Ўша хотин бу йил қозонларини олиб келибди. Қайтариб юбордим, “безорман қозонингдан ҳам, ўзингдан ҳам” дедим, дейди Муҳаббатхон.

Суҳбатдошимиз мардикорликни ноилож қолганидан қилаётганини айтаркан, бунда мамлакат расмийларнинг ҳам етарлича айби борлигини айтади.

- Ҳукумат айбдор. Заводларни ишлатсин, борайлик, ишлайлик, болаларимизни боқайлик. Кам таъминланганларга ёрдамлашсин. Мана, болаларимнинг мактаб пулини бера олмадим, "пулим йўқ", дедим. "Ҳужжатларини ол кетавер", дейишди. Билмайман бу ёғи қандай яшаймиз, дейди аёл умидсиз оҳангда.

Тожикистонда Ўзбекистондагидек аёллар мардикор бозорлари бўлмаса-да, аммо Муҳаббатхонга ўхшаган мардикор аёлларни жуда кўплаб учратиш мумкин. Уларнинг кўпчилиги ëлғиз, олий маълумотсиз аёллардир.
XS
SM
MD
LG