Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:23

Қамоқхонадан қўнғироқ


Озодликка қўнғироқ қилаëтганлар сафига қамоқдаги маҳбуслар ҳам қўшилмоқда.
Озодликка қўнғироқ қилаëтганлар сафига қамоқдаги маҳбуслар ҳам қўшилмоқда.

Россиядаги ўзбек мардикорлари бир томондан¸ иш берувчи ва миллатчи-фашистлар зулми остида бўлса¸ бошқа томондан Россия ҳуқуқ идоралари бедодлиги қурбони ҳамдир. Ўзбекистон ҳукуматининг ўз фуқароларидан буткул юз ўгиргани эса¸ улар тақдиридаги фожеийликни янада кучайтирмоқда.

Кейинги кунларда Озодлик радиосининг Прагадаги таҳририятига Россиядан тунги соатларда устма-уст қўнғироқ келди.

Телефонимизда муҳрланиб қолган номерга қайта қўнғироқ қилдик.

Маълум бўлишича, бизга Россиянинг Ғарбий Сибир қисмидаги Сургут шаҳрида қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган меҳнат муҳожири сим қоққан экан. Қорадори сотганликда айбланиб қамалган, ўзини олмалиқлик Эркинман, деб таништирган бу йигит ва у билан бирга қамоқ жазосини ўтаётган яна бошқа бир ўзбек йигити ўзининг бегуноҳлиги, туҳмат билан қамалганини айтиб, ёрдам сўраб сим қоққан экан.

Қизиғи, бу йигитлар Россия қамоқхонасида ўтириб, Озодликнинг интернетдаги сайтини ўқиш имконини топган. Биз икки ўзбек йигити — Эркинжон ва Ҳабибулла ҳамда улардан бирининг Намангандаги отаси билан суҳбатлашдик.

Суҳбатнинг биринчи қисми интернет сайтимизни Сибир қамоқхонаси ичида туриб, ҳар куни ўқиш имконини топган Эркинжон билан бўлди.

- Ало.

Озодлик: Ассалому алайкум. Яхшимисиз? Мен Озодлик радиосидан телефон қилаяпман.

- Озодлик радиосидан?!

Озодлик: Ҳа. Бизга телефон қилган экансиз.

- Чехияда¸ Прагада шундайми?

Озодлик: Ҳа.

- Мен турмадан телефон қилаëтган эдим.

Озодлик: Турмадан?

- Ҳа¸ ҳа. Менинг исмим Эркин. Россиянинг Сибиридаги Сургут деган шаҳридан турмадан телефон қилаяпман.

Озодлик: Нимага турмадасиз? У ерга қандай қилиб тушиб қолдингиз?

Эркин: Ҳаммаси туҳматнинг орқасидан. Мен ўзи қонуний регистрациядан ўтиб ишлаб юрган эдим. 2007 йил 7 март куни ишдан чиқиб уйга келаëтганимда¸ кўчада мени тўхтатиб ҳужжатларимни текширишди.

Кейин “Сен қорадорифурушликда айбланаяпсан. Бизнинг гумонимиз бор” деб фуқаролик кийимидаги шахслар мени машинага ўтқазишди. Менинг бошимга пакет ëпиб¸ беҳуш қилиб машинада уч-тўрт соат олиб юришди.

Кейин кечаси соат 10 ларда бир уйнинг олдига борди ва гувоҳларни чақирди. “Сизларнинг олдингизда биз қорадорини излаймиз. Бизнинг шубҳамиз бор” деб айтишди уларга. Булар мен беҳуш бўлган пайтимда¸ чўнтагимга дори солиб қўйган экан. Улар кейин “ҳақиқатан чўнтагини текширганида¸ қорадори чиқди” деб қўл қўйиб беришди.

Кейин турмага олиб келиб ташлади. У ëққа¸ бу ëққа¸ прокуратурага ëздим. Ҳеч қандай натижа йўқ.

Бу умуман ҳаëтимда кўриб билмаган нарсам. Бу ишни қилиш бу ëқда турсин¸ бу темада биров билан ҳатто гаплашмаганман. Ота-онамни¸ Худони¸ болаларимни ўртага қўйиб қасам ичишим мумкин.

Худога шукур¸ иккита қизим бор. Мен бу нарсани ҳаëтимда кўрмаганман. Ҳеч қандай айбсиз 7 йил берди.

Озодлик: Адвокат ололдингизми?

Эркин: Йўқ. Адвокатга пул йўқ. Энди дежурний адвокат бўлади¸ лекин у милицияларга ëрдам беради.

Озодлик: Шунақа қилиб¸ 7 йил муддат олиб ўтирибсиз.

Эркин: Ҳа. Кимга нима дейиш керак¸ 7 йил умрим шу ерда ўтиб кетаверадими энди? Тўғри ҳақиқатдан бу ишни қилганлар ҳам бор. Энди гаплашиб кўриб биласизку. Умуман ўзимга ўхшаган бегуноҳ болалар ҳам ўтирипти.

Озодлик: Ўзбекларни назарда тутаяпсизми?

Эркин: Айнан ўзбек¸ ўзбекистонлик. Намангандан¸ Андижондан¸ мен ўзим Олмалиқдан.

Озодлик: Бизнинг телефон номеримизни қаердан олдингиз?

Эркин: Мен телефон орқали интернетга кириб тураман. www.ozodlik.org га кириб тураман. Ҳамма нарсаларни ўқиб тураман. Ўзимнинг битта-иккита фикрларимни ҳам ëзганман.

Озодлик: Бизнинг сайтгами?

Эркин: Ҳа.

Озодлик: Қанақа ном остида ëзгансиз?

Эркин: Эркин бўлиб ëзганман.

Озодлик: Қайси темаларда ëзгансиз?

Эркин: Турмада бегуноҳ ўтирган ўзбеклар бор¸ шоирлар бор. Нимагадир шошиб қолаяпман.

Озодлик: Шошилманг¸ бемалол гапираверинг.

Эркин: Иложи бўлганда ўзим телефон қилар эдим. Лекин шароит бўлмаяптида.

Озодлик: Сиз ҳозир нормал қамоқхонадамисиз?

Эркин: Биз ҳозир лагердамиз. Ўзи зонага келтирилганмиз биз ҳозир.

Озодлик: Телефонда бемалол гаплашиш имконияти борми?

Эркин: Йўқ. Бу ноқонуний. Телефон олиб кириш йўллари бор. У-бу кимлар милициялардан яшириб телефон олиб киради. Ҳар замонда гаплашиб турамизда.

Озодлик: Демак сизнинг ҳозир телефонда гаплашаëтганингиз хавфли эканда.

Эркин: Ҳа¸ менинг ҳозир гаплашишим хавфли барибир. Лекин биз ëнма-ëн ўтирган маҳбуслар бир-биримизни сотмаймизку.

Озодлик: Бошқа сизга ўхшаган ўзбеклар борми?

Эркин: Бор. 2005 йилдан 2007 йилгача қандайдир рейд бўлганми¸ ҳар куни тўртта-бештадан Ўзбекистон¸ Тожикистон фуқаролари турмага ташланаверган. Айби борларнинг орасига айби йўқларни ҳам тиқиб олиб кириб ташлайверган. Ҳозир сал тинчиб қолди.

Озодлик: Нимага унақа бўлди деб ўйлайсиз?

Эркин: Билмайман. Шунақа болалар билан қўшилиб юрган бўлганимда¸ гумонга тушиб қолганман деб ўзим билган бўлар эдим. Ким билади¸ улар одам топшириши керак бўлганми¸ кимнидир ушлаши керак бўлганми.

Озодлик: Мана пул топаман¸ тирикчилик қиламан деб Россияга бориб шунча қийинчиликларни кўрибсиз. Ноҳақ айблов деяпсиз. Бундан қутилишнинг имкони борми?

Эркин: Менимча¸ қутилиш имкони менда йўқ. Бу ердагилар ҳам “фақат катта пул керак¸ адвокат керак¸ шу сени чиқариши мумкин” деяпти. Бошқа ҳеч ким чиқара олмайди. Одамлар Франциягача ëзди. Ҳаммаси бефойда.

Озодлик: Хулоса қанақа? Бизга нима мақсадда телефон қилдингиз?

Эркин: Шу тўғрисида бир маслаҳат қилмоқчи эдим. Бирон жойга ëзса бўладими? Ўзбекистон фуқароларининг орқасидан келиб¸ ҳақиқат талаб қилиб текширадиган одам борми ëки йўқми?

Масалан биз оддий камбағал одам. Адвокат ëллашга умуман имкониятимиз йўқ. Ўзбекистонда биронта одам келиб¸ югуриб шуларни ҳал қилишнинг иложи йўқми? Ўзбекистон ўз фуқароларини ҳимоя қила олмайдими?

Озодлик: Телефон қилганингиз учун катта раҳмат. Ўша шароитда бизни ўқиб турганингиз учун ҳам раҳмат. Биласизми¸ бига ҳар хил одам телефон қилади. Бировлар ҳазиллашиб телефон қилади.

Сизнинг ҳақиқатдан Эркинжон эканлигингизга ва Сургутда қамоққа тушиб қолганингизга ишонч ҳосил қилиш учун яна ким биландир гаплашсак бўладими? Савол учун олдиндан узр.

Эркин: Ҳозир ëнимдаги болага телефонни олиб борайми? У ҳам наманганлик¸ ўзбек бола.

Озодлик: Хавфлимасми?

Эркин: Йўқ¸ ҳозир. Бир минут.

Озодлик: Эҳтиëт бўлинг¸ фақат.

Шундан кейин Эркинжон у билан бирга, айни бир хил айблов билан қамалган наманганлик маҳбус Ҳамидуллани телефонга чақирди. У ҳам меҳнат муҳожири, у ҳам беайблигини айтмоқда. Унинг ҳам адвокат ёллагани пули йўқ, у ҳам ҳуқуқий ҳимояга муҳтож.

- Ало.

Озодлик: Ассалому алайкум¸ яхшимисиз. Сизнинг исмингиз нима эди?

- Ҳамидулла.

Озодлик: Ҳамидулла ака¸ сиз ҳам ҳозир Сургутдамисиз?

Ҳамидулла: Ҳа. Воксова деган жойда. 99/14 зона. Нима дейди ҳалиги¸ строгий режим.

Озодлик: Сиз бу ерга нимага тушиб қолдингиз?

Ҳамидулла: Шу беспредел бўйича нима қилиб тушиб қолдим. Тожикистонданми¸ қаердандир оқ дорини олиб келиб сотишаяпти. Сотаëтганлар сотаяпти¸ калтак бизга ўхшаб ишлагани келган оддий халқнинг бўйнида синаяпти.

Озодлик: Сиз нечанчи йил қамалгансиз?

Ҳамидулла: 2005 йил.

Озодлик: Неча йилга қамашди?

Ҳамидулла: 10 йил беришди.

Озодлик: Адвокат олиб ўзингизни ҳимоя қилмадингизми?

Ҳамидулла: Пулим бўлмаса¸ мен қанақа қилиб адвокат ëллайман? Дежурный адвокатлар эса биз тараф эмас.

Озодлик: Биз мана мухбирмиз. Ўзингиз очиқ айтинг: қорадорига алоқангиз борми ëки йўқми?

Ҳамидулла: Йўқ¸ мен унақа нарсани умуман ҳаëтимда кўрмаганман ҳам¸ кўришни ҳам хоҳламайман. Келишдан ниятим пешона тери билан ишлаб пул топиш.

Озодлик: Бола-чақаларингиз борми?

Ҳамидулла: Бола-чақа Худога шукур бор. Иккита қизим бор. Ëшим 34 да. Энди билмадим¸ тақдирга тан бериб ўтирибмиз. Худо хоҳласа¸ ҳозир жалобаларни ëзаяпмиз. Зора бир нима бўлиб қолса¸ чиқармиз.

Озодлик: Ҳамидулла ака¸ сизга катта раҳмат. Мен сизларнинг суҳбатларингиз асосида эшиттириш қилмоқчи эдим. Телефонни Эркинжонга берасизми?

Ҳамидулла: Мана ҳозир.

Эркин: Ало.

Озодлик: Эркинжон¸ агар йўқ демасангиз¸ Ўзбекистондаги яқинларингиз билан икки оғиз гаплашсак бўладими?

Эркин: Ҳозир¸ прямо Ўзбекистон биланми?

Озодлик: Ҳа¸ Ўзбекистондан бирор номер берсангиз.

Эркин: Майли¸ Ҳамидулланинг дадасининг номерини берамиз. Сиз конференция қилиб улайсизми ë улар билан ўзингиз гаплашасизми?

Озодлик: Сиз номерни беринг¸ конференс қилишга уриниб кўрамиз.

Эркин: Ҳозир бир минут. (суҳбатдошимиз бир-икки марта бурнини тортиб қўйди)

Озодлик: Совуқми¸ бурнингизни тортаяпсиз?

Эркин: (кулиб) Йўқ. Энди бу ерларда совуқ борку.

Озодлик: Мен ҳозир конференс қилиб улайдиган бўлсам¸ сизларга зарари тегиб қолмайдими?

Эркин: Йўқ¸ бизга зарари тегмайди. Конференс қилсангиз¸ мен эшитай.

Озодлик: Ҳамидулла аканинг дадасининг исми нима?

Эркин: Убайдулло. Биз индамай турамиз. Сиз гаплашаверинг.

Шундай қилиб, Ҳабибулланинг Намангандаги отаси Убайдулла акага боғландик ва шу тариқа наманганлик ота ҳамда унинг Сибирдаги Сургут қамоқхонасига тушиб қолган ўғли Озодлик телефони орқали кўришди, бир-биридан ҳол-аҳвол сўрашди, дардлашди.

Бу биз учун, бир тарафдан жуда қизиқ, бошқа тарафдан жуда қайғули суҳбат бўлди. Марҳамат, тингланг.

- Да.

Озодлик: Ало ассалому алайкум.

- Ваалайкум ассалом.

Озодлик: Бизга Убайдулла ака керак эди.

- Менда шу.

Озодлик: Убайдулла ака¸ соғлиқларингиз яхшими¸ тинчмисиз?

Убайдулла ака: Яхши.

Озодлик: Мен Озодлик радиосидан телефон қилаяпман¸ исмим Нодира. Сизга телефон қилаëтганимнинг сабаби¸ мен сизнинг Россиядаги ўғлингиз Ҳамидулла ака билан гаплашдим. Бошига ташвишлар тушиб қолган экан. Сизнинг хабарингиз борми?

Убайдулла ака: Ҳа¸ хабарим бор. 2004 йилда кетган эди Россияга. Шу билан бир нима бўлди¸ ҳалигинга тушиб қолди.

Озодлик: У кишининг ҳимояси учун ҳаракат қилаяпсизларми?

Убайдулла ака: Бу ëқдан биз қандай қили ҳаракат қиламиз? У жуда узоқдаку.

Озодлик: Бир адвокат олишнинг иложи бўлмадими?

Убайдулла ака: Бўлмадида.

Озодлик: Ҳамидулла аканинг болалари ҳам бордир?

Убайдулла ака: Ҳа¸ бор.

Озодлик: Нима қилишаяпти ҳозир?

Убайдулла ака: Нима қилишарди¸ юрипти.

Озодлик: Каттароқми¸ пул топадиганроқми?

Убайдулла ака: Йўқ.

Озодлик: Убайдулла ака ҳозир биз алоқада турибмиз ўғлингиз билан. Ҳамидулла ака эшитаяпсизми?

Эркин: Ҳа¸ эшитаяпти.

Озодлик: Убайдулла ака¸ ўғлингиз ҳам ҳозир алоқада. Мана ўғлингизни ноҳақ айб билан қамалди¸ деяпсиз. Мана ҳозир ота-бола бир линияда турибсизлар. Шуни исботлашнинг бир йўли бормикин?

Убайдулла ака: Исботлашини билмасак энди биз.

Ҳамидулла: Дада.

Убайдулла ака: Ҳа.

Ҳамидулла: Ало¸ эшитаяпсизми?

Убайдулла ака: Ҳа¸ эшитаяпман.

Ҳамидулла: Яхшимисизлар¸ тинчмисизлар?

Убайдулла ака: Юрибсанми¸ тузукмисан?

Ҳамидулла: Ҳаммалари яхшими?

Убайдулла ака: Ҳа¸ ҳаммалари яхши юришипти.

Ҳамидулла: Мен тинчман¸ хавотир олманглар.

Убайдулла ака: Нима бўлди¸ тинчликми?

Ҳамидулла: Энди ҳозирча янгиликлар йўқ. Қоғозларни Москвага жўнатганман. Жавобини кутиб турибман. Жавоби келса¸ нима бўлади¸ нима йўқ билмайман. Худо хоҳласа¸ яхши бўлади деб умид қиламан.

Озодлик: Убайдулла ака¸ ҳалиги саволингизга мен жавоб берай. Бизга қамоқхонадан телефон бўлди. Шу телефонга телефон қилган эдик¸ ўғлингизни топдик. Энди ҳозир бир линиядамиз. Қандайдир бир йўли бўлармикин?

Убайдулла ака: Билмасак энди. Ҳозирги шароитни ўзингиз ҳам кўриб турибсиз.

Озодлик: Ўзбекистонда бирор бир ташкилотга “Мана сизларнинг фуқаро бу. У ëқда шундай кўргиликларни кўраяпти” деб бормадингизми?

Убайдулла ака: Қайси ташкилотга борасиз? У Россияда бўлса¸ бу ëқдаги ташкилотлар қулоқ соладими?

Озодлик: Ҳокимиятга¸ прокуратурага бориш мумкин. Ҳуқуқ-тартибот идораси ҳимоя қилиши керакку.

Убайдулла ака: Билмадим. Биз йўл-йўриқни билмасак¸ унча тушунмасак.

Озодлик: Тақдирга тан бериб турибсизми ҳозир?

Убайдулла ака: Бошқа нима ҳам қилардик.

Озодлик: Майли Убайдулла ака. Соғ бўлинг.

Убайдулла ака: Хўп майли.

Сибирдаги Сургут қамоқхонасида қамоқ жазосини ўтаётган ўзбек меҳнат муҳожири Ҳамидулла ва унинг Наманган вилоятидаги отаси Убайдулла ака билан суҳбатлашдик.

Икки қизи ва ота-онасини боқиш учун Россияга борган Ҳамидулла ва Эркинжон ноҳақ суд қилиниб, Сибирнинг Сургут шаҳридаги қамоқхонага тушиб қолганини айтмоқда. Уларда ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш истаги бор, аммо, имкони йўқ.

Шундай имконсиз шароитда ўзга юртдаги қамоқхонада ўтириб, дунё билан боғланиш, ўз она юрти билан боғлиқ янгиликларни кузатиб бориш, хусусан, Озодликнинг вебсайтига кириб, актуал мавзуларда шарҳлар ёзиб, баҳсларда иштирок этишга имкон топаётган Эркинжонга ўз миннатдорчилигимизни билдириш учун уни яна телефонга чақирдик.

Озодлик: Эркинжон ака¸ сизга каттакон раҳмат.

Эркин: Арзимайди. Энди бирор ўзгариш бўлиши мумкинми? Бу гапларни қаерда эшитишимиз ëки ўқишимиз мумкин?

Озодлик: Бизнинг вебсайтимизда олдин қандай қилиб кириб ўқиган бўлсангиз¸ шундай қилиб ўқийсиз. "Тингловчи минбари" деган эшиттиришимизда ўқийсиз.

Эркин: Умидимиз сизлардан. Хўп майли омон бўлинг.

***************************************
Азиз мухлис! Имкон қадар мурожаатларингизни ёритиш, муаммоларни ўрганиш ва фикрларингизни Озодлик орқали тингловчиларга тақдим қилиш истаги билан яна бир бор телефон рақамларимиз ва манзилимизни ёдингизга соламиз.

uzbek@rferl.org Бу бизнинг электрон манзилимиз¸ мактуб ëзинг.
www.ozodlik.org Бу бизнинг интернет саҳифамиз¸ ташриф буюринг.
Vinohradska 159а, Praha 10, 11 000 , Czech Republic Бу бизнинг почта манзилимиз.
Телефон рақамларимиз: (мамлакат чиқиш кодидан сўнг) 42 02 21 12 34 37


Марҳамат қўнғироқ қилинг. Қўнғироқларингизни кутамиз.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.
XS
SM
MD
LG