Линклар

Иш бор - ҳақ оз

  • Гулнора Равшан

Душанбедаги иш ярмаркасига умид билан борган билагида кучи бор эркагу аëллар бу ерни руҳи тушган ҳолда тарк қилганларини айтадилар.

Душанбедаги иш ярмаркасига умид билан борган билагида кучи бор эркагу аëллар бу ерни руҳи тушган ҳолда тарк қилганларини айтадилар.

Тожик расмийлари иқтисодий бўҳрон таъсирини камайтириш мақсадида Душанбе шаҳрида ҳафтада бир марта аҳоли учун бўш иш ўринлар ярмаркасини ташкил этмоқда. Аммо бу ерга келганларнинг аксари¸ ҳафсаласи пир бўлиб кетмоқда.

Тожикистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги томонидан ташкил этилган ярмаркада 3 апрел куни 3534 та бўш иш ўрни кўргазмага қўйилди. Маълумотларга кўра, бу ярмаркада 2140 нафар иш изловчи қатнашди.

Кўргазмага келганларнинг аксарияти Россияда ишсиз қолиб, ватанига қайтган эркаклар бўлиб чиқди.

Улардан бири - 34 ёшли Жумабой Ниёзмамадов Сўғд вилоятининг Мастчоҳ туманидан Душанбе шаҳрига иш ахтариб келган.

“Иш топдингизми?” дея мурожаат қилдик асл касби дурадгорлик бўлган Жумабойга.

- Ҳа, иш бор, лекин бу маошга ишлагандан кўра, бир қоп писта олиб сотсам, яхшироқ даромад кўраман. 150- 300 сомоний (тақрибан 40-80 доллар – таҳр.) бу қандай маош, бир тўйиб овқатланишга етмайди-ку, дейди Жумабой.

Суҳбатдошимиз Россия шаҳарларининг бирида қурилишда ишлаганини, аммо йил бошида ишсиз қолиб, ватанига қайтганини айтади.

- Россияда иш йўқ эмас, бор. Аммо аввалгидек маошлар йўқ-да. Масалан, шу ерда таклиф қилинаётган пулни у ерда бир кун-ярим кунда ишлаб топса бўлади. Агар бу ердаги ишлар учун ҳақ шундай бўлса, илож йўқ, яна қайтиб кетамиз, дейди Жумабой.

Иш топиш илинжида келганлар орасида аёлларни ҳам учратиш мумкин.

Ўзини Зарина Қурбонова деб таништирган суҳбатдошимиз мутахассислиги бўйича ҳамшира экан.

- Мен ишлаётган шифохонада маош камлиги учун ярмаркага келгандим бирорта бойроқ ширкатлардан иш топаманми¸ деб.

Лекин бу ерда фақат давлат тасарруфидаги ташкилотлар қатнашаётган экан. Улар таклиф этаётган ойликка ҳеч ким ишламайди. Ундан кўра Афғонистонга бориб ишласак, яхшироқ, дейди Зарина.

“Нега Афғонистонга?” дея ажабланиб сўраймиз суҳбатдошимиздан.

- Афғонистонда шифокорларга эҳтиёж катта экан ҳозир. Менинг танишларим бориб ишлашаяпти. Ойига 800-1000 доллар олишаяпти.

Мен бу ерда иш тополмаяпман. Энди Афғонистон элчихонасига бориб, ҳужжат расмийлаштирмоқчиман. Бу ярмаркаларда кўрсатилган маошлар руҳимни тушириб юборди. Иш топмадим, дейди Заррина.

Кўргазмада тожикистонликларга чет элда ишлаш бўйича ҳам таклифлар бўлди.

Тожикистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги масъули Сафарали Ҳакимовнинг маълум қилишича, бугунги ярмаркада иш билан таъминланган 143 кишининг 20 нафари Россияда ишлаш учун йўлланма олган.

Улардан бири душанбелик тажрибали ҳайдовчи Мирсаид экан.

- Ҳозирча йўлланма олдик, бу ҳали иш топдик дегани эмас. Янги ҳафтадан бу корхонанинг шартномалари билан танишамиз.

Агар шартнома шартлари мени қониқтирса, албатта борамиз. Камаз ҳайдовчиси бўлиб ишлаймиз. Ойлик маоши ёмон эмас, 25 минг рубл (тақрибан 750 доллар – таҳр.) экан, дейди Мирсаид.

Абдумуталлиб исмли суҳбатдошимиз эса Россия корхоналари таклиф этаётган ишларга кўпам ишонмасликни айтади:

- Мана, болалар боришди - аниқ адрес йўқ. Шофёрлик учун бизнинг одамларга эски техника беришаяпти. Ўшанга кўпчилик алданиб қайтаяпти, яна бу ерда кўрсатилган ойлик у ерга умуман тўғри келмайди, шунинг учун у ерга боришнинг фойдаси йўқ, дейди Абдумуталлиб.

Тадбирга келган суҳбатдошларимизнинг кўпчилиги ҳукумат томонидан бугун ва бундан аввал ташкил этилган бўш иш ўринлар ярмаркаси шунчаки хўжакўрсинга ташкил этилаётганини айтдилар.

- Тўқларнинг оч билан нима иши бор? Бунақа ярмаркаларда қатнашиб, вақт бой бергунча, Россияга жўнаганим яхши, дейди исмини айтмаган бир суҳбатдошимиз.

Аммо 60 ёшга кирган Қиёмиддин ота мазкур тадбирдан мамнунлигини яширмайди.

- Мен бир қурилишда қоровул эдим. Мана, уч ойдан бери иш ахтараман. Бугун шу ярмаркадан топдим. Энди кампиримдан гап эшитмайман чоғи.

Ойлиги ҳам ёмон эмас - 180 сомоний (тахминан 50 доллар – таҳр.), кампирим икковимизга етади. Яна кампиримнинг пенсияси ҳам бор, дейди отахон.

Тожикистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги расмийларининг билдиришича, бугун Тожикистонда 40 мингга яқин ишсиз расман қайдга олинган.

Аммо норасмий маълумотлар бўйича¸ 7 миллион аҳолига эга мамлакат ишга яроқли аҳолисининг 30 фоиздан ортиғи айни кунда ишсиз.
XS
SM
MD
LG