Линклар

Табиат ҳимоячиси қамоқда


Ҳамкасбларига кўра¸ Ўзбекистон сув ҳавзаларидаги балиқларнинг ноқонуний йўл билан овланиб¸ йўқ бўлиб кетишига қарши курашган Мақсет Қўсберганов ўз ғанимлари қармоғига тушган қурбонга айланган.

Ҳамкасбларига кўра¸ Ўзбекистон сув ҳавзаларидаги балиқларнинг ноқонуний йўл билан овланиб¸ йўқ бўлиб кетишига қарши курашган Мақсет Қўсберганов ўз ғанимлари қармоғига тушган қурбонга айланган.

Халқаро майдонда ноқонуний балиқ овчилари ва табиат кушандаларига қарши толмас курашчи сифатида танилган қорақалпоғистонлик эколог Мақсет Қўсбергенов¸ бу кураши билан кимларнингдир ғазабига учради.

Фарғона.ру ахборот агентлигининг маълум қилишича, пора олганликдан айбланмиш Мақсет Қўсбергенов 2008 йилнинг декабр ойи охирларида ҳибсга олинган.

Қўсбергенов Ўзбекистон Давлат бионазоратининг Амударё сув ҳавзаси инспекцияси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган.

Биз Мақсет Қўсбергеновнинг ҳибсга олиниш тафсилотлари билан қизиқиб, аввал Нукус шаҳар Ички ишлар бўлимига, кейин эса Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлигига қўнғироқ қилдик.

- Бу иш билан прокуратура шуғуланаяпти. У пора билан қўлга тушган-ку. Пора билан боғлиқ ишлар прокуратурага тегишли, деди Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги ходими.

Шундан кейин Қорақалпоғистон бош прокуратурасига сим қоқдик.

Озодлик: Мақсет Қўсбергенов масаласида қўнғироқ қилаяпман…

- Сизга шу бўйича маълумот керакми?

Озодлик: Ҳа, бу киши қачон ҳибсга олинди ва нимада айбланаяпти? Шуни билмоқчи эдим.

- Энди, бу иш махфий иш ҳисобланади.

Озодлик: Нима учун?

- Бу жиноят ишининг ҳаракати бўйича маълумот берилмайди. Сизга айтаяпман-ку, бу бўйича маълумотлар сир ҳисобланади...

Фарғона.ру ахборот агентлиги ёзишича, Мақсет Қўсбергенов икки миллион сўм (тахминан 1400 АҚШ доллари – таҳр.) миқдоридаги пулни пора сифатида олиб, ноқонуний балиқ овлашга рухсат берганликда ҳамда 10 та улкан балиқни пора сифатида олганликда айбланаяпти.

Орол ва Амударёни муҳофаза қилиш уюшмаси аъзоси Валентин Бочиннинг Озодликка билдиришича, Мақсет Қўсбергенов уюштирилган жиноят қурбони бўлаяпти.

- Бу одам Ўзбекистон қаҳрамони унвонига лойиқ, деб ҳисоблайман. Браконьерлардан 50 та қурол тортиб олган.

Судочье кўлида жуда катта браконьерлар гуруҳи фаолият кўрсатаётган эди. Ўтган йили Мақсет бу ҳақда Миллий хавфсизлик хизматининг маҳаллий бўлимига маълум қилди ва улар кўмагида 20 га яқин браконьер қўлга олинди. Бу ҳақда маҳаллий ва Тошкент телеканаллари орқали кўрсатувлар қилинган.

Шундан кейин бионазоратнинг тўрт ходимига нисбатан чора кўрилди. Орол табиатини муҳофаза қилиш прокуратураси прокурори Абдуллаев ишдан бўшатилди.

Эндиликда мана шу браконьерлар ва уларнинг ҳомийлари бўлмиш амалдорлар айни қабиҳликни уюштиришиб, Мақсет Қўсбергеновдан қасд олишаяпти, дейди Валентин Бочин.

Маълум бўлишича, ўтган йили Мақсет Қўсбергенов 20 браконьерни қўлга олгани учун Ўзбекистон давлат бионазорати томонидан йилнинг энг яхши ходими, деб топилган.

Биз Ўзбекистон Давлат бионазорати ташкилотига мурожаат қилиб, Мақсет Қўсбергенов иши бўйича уларнинг фикрини билмоқчи бўлдик.

- Суд бўлиб ўтмагунича сизга ҳеч нарса айтолмайман, деди Ўзбекистон Давлат бионазорати ташкилоти мутасаддиси.

Биз ташкилот мутасаддисидан Мақсет Қўсбергенов қандай ходим бўлганини сўраганимизда, “У рисоладагидай одам эди” деган жавобни олдик.

Мақсет Қўсбергеновнинг ҳамкасблари у ҳақида гапиришни истамаётган бир пайтда¸ хорижлик экологлар қорақалпоғистонлик табиат қўриқчиси ҳимоясига отланишди.

31 март куни Россия, Украина, Белоруссия, Туркманистон, Қозоғистон каби қатор давлатлардан 69 нафар эколог Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга очиқ хат йўллаб, унда Мақсет Қўсбергеновни ҳимоя қилишни сўрашди.

Халқаро ижтимоий-экологик уюшма аъзоси, Украинадаги “Печенеги” экологик гуруҳи раҳбари Сергей Шапаренко ҳам бу рўйхатда бор.

- Бу одам билан Ўзбекистон фахрланиши керак. Бу каби табиатни муҳофаза қилувчи инсонлар жуда кам. Мақсет Қўсбергенов нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро миқёсда машҳур бўлган экологлардан бири. У Оролбўйи табиатини асрашда жонбоз ва изчил курашчи сифатида маълум.

Браконьерларга қарши ўнлаб хавфли операциялар ўтказган. Юзлаб қонунбузарларнинг ушланишига ва жавобгарликка тортилишига сабабчи бўлган.

Судочье кўлида браконьерлар гуруҳини қўлга олиш воқеаси бутун МДҲ мамалакатларида шов-шувга сабаб бўлганди.

Бугунга келиб¸ уни пора олишда айблаб ҳибсга олишди. Биз унинг айбдорлигига ишонмаймиз, дейди Сергей Шапаренко.

Ўзбекистон президентига йўлланган очиқ хатда “Мақсет Қўсбергеновнинг ҳибсга олиниши унинг касбий фаолияти учун олинган қасддир”, дейилади.

Мақсет Қўсбергенов иши бўйича маҳкама жараёни жорий йилнинг март ойи бошига белгиланган эди. Кейинчалик 3 апрелга кўчирилди. Эндиликда маълум бўлишича, мазкур маҳкама 7 апрелга қолдирилган.
XS
SM
MD
LG