Линклар

Ўзбекнинг боласига ўзбекча китоб керакми?

  • Абдулла Искандар

Тошкентда ўтирган таълим мутасаддилари фикрича¸ ўзбекнинг қишлоқи болаларига на ўзбек тилида китоб ва на театрунинг кераги бор.

Тошкентда ўтирган таълим мутасаддилари фикрича¸ ўзбекнинг қишлоқи болаларига на ўзбек тилида китоб ва на театрунинг кераги бор.

Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганидан 20 йил ўтиб ҳам¸ мамлакатда болалар учун ўзбек тилида на сифатли китоб - журналлар ва на санъат даргоҳлари бор.

Айрим интернет нашрлари тарқатган хабарга кўра¸ яқинда Ўзбекистонда мактабдан ташқари таълим сифатини яхшилашга қаратилган "Внешкольник" журнали иш бошлаган.

Аксарияти ўзбек бўлган Ўзбекистон Халқ таълими тизими учун чоп қилинган журналнинг нега русча номланиб¸ рус тилида чоп қилингани бизда таажжубли савол уйғотди.

Саволимизга жавоб излаб¸ Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига қўнғироқ қилдик.

Мулозим: "Внешкольник" журналининг биринчи сони чиққан. Экосан жамғармаси чиқараяпти буни.

Озодлик: Кимларга мўлжалланган бу?

Мулозим: Болаларнинг мактабдан ташқари бўш вақтларини унумли ўтказиш учун бизда мактабдан ташқари таълим тизими ҳам бор. Бу ўшанга мўлжалланган журнал.

Озодлик: Бу рус тилидами ë ўзбек тилидами?

Мулозим: Бу рус тилида. Келинг¸ мен сизга муҳаррирнинг телефонини бераман. Ўзи билан гаплашиб кўринг.

"Внешкольник" журнали муҳаррири Бўриев Ҳасан ака вазирлик айтган гапларни бир қадар инкор қилди.

Ҳасан Бўриев: Биринчидан, ҳали бу журнал чиққани йўқ. Ҳали Давлат матбуот қўмитасидан рўйхатдан ўтган эмас. Шунинг учун бу ҳақда очиқ матбуотга бир нарса дейиш эртароқ. Бу журнал ўзбекчада чиқади. Ҳужжатларимиз ҳаммаси давлат тилида қилинган. Ҳали журнал ҳақида ҳеч қандай маълумот ҳосил қилганимиз йўқ.

Озодлик: Centrasia.ru деган интернет сайтида чиқиптику.

Ҳасан Бўриев: Унинг мухбири мен билан суҳбат қилгандан кейин, “Биз шунақа журнал тайëрлаш ниятидамиз. Лекин ҳали журналимиз мукаммал бўлгани йўқ", деб айтдим. Журнал чиқди¸ ташкил қилинди, деган гапни мен айтганим йўқ.

Озодлик: Бу журналга Экосан ҳамкорлик қилаëтган экан. Энди мавзуси кўпроқ экология билан боғлиқ бўладими?

Ҳасан Бўриев: Йўқ¸ Экосан ҳомийлик қилаëтгани йўқ. Ҳомий Республика Халқ таълими вазирлиги ва бешта ташкилот. Республикада умумий таълим¸ мажбурий таълим ва қўшимча таълим бор. Агар журнални очсак¸ тақдимотини уюштирамиз Худо хоҳласа. Журнал ҳақида газета ва журналларга хабар берамиз.

Вазирлик мулозими журнал рус тилида Экосан пулига чиқарилди¸ демоқда. Муҳаррир бўлса¸ “журнал ҳали чиқмади¸ Экосан ҳомий эмас. Чиқса русча эмас¸ балки давлат тилида чиқади” деган фикрни билдирмоқда.

Кимга ишонайлик¸ вазирлик мулозимигами ë муҳарриргами?

Бу саволни четга суриб қўйиб¸ масаланинг бошқа жиҳатига эътибор қаратсак.

Нега Ўзбекистонда болаларга мактабдан ташқари таълим беришга йўналтирилган муассасаларда¸ масалан Қўғирчоқ театридаги томошалар буткул рус тилида?

Бу савол билан биз бу масалани ўрганган инсон ҳуқуқлари фаоли Умида Ниëзовага мурожаат қилдик.

- Ўзбекистондаги Қўғирчоқ театрининг репертуари¸ асосан рус тилида бўлади. Мен бир неча марта ўзимнинг болам билан у ерга борганман. Болам русчани унча яхши тушунмаганлиги боис¸ сал қийналганмиз. Спектакл давомида менга таржима қилиб туришга тўғри келган.

Мен шу билан қизиқиб¸ театр режиссëридан бунинг боисини сўрадим. Унинг айтишича¸ ўзбекларда болаларни театрга олиб келиш маданияти шаклланмаган. Руслар болалари билан қўғирчоқ театрига келишади.

Улар ўзбек тилида спектакл кўрсатмоқчи бўлишган. Лекин ўзбеклар келмасдан¸ руслар келишган ва спектаклнинг ўзбек тилида бўлаëтганини кўриб¸ театрга кирмасдан кетиб қолишган. Бу жуда ғалати.

Ўзбекистонда совет даврида ҳам 6 фоиз руслар яшар эди. Ҳозир қанча руслар қолганини билмайман. Тошкентда руслар ва рус тилида гапирадиган ўзбеклар кўп.

Лекин асосий халқ ўзбек халқи ва бу театр давлат бюджетидан таъминланадиган театр. Ўзбекистонда ўзбеклар ўз болаларини ўзбек театрларига олиб бормаса¸ бу жуда ғалати деб ўйлайман¸ дейди Умида Ниëзова.

Умида Ниëзова назарида ўзбек болалари учун ўзбек тилида чоп қилинган адабиëтлар аҳволи ўта ночор.

- Ўзбек тилида Ўзбекистон нашриëтидан чиқарилган журналлар¸ китоблар бор¸ лекин сифат масаласида муаммо бор. Қоғози яхши эмас.

Мен боламга Пушкин¸ Чуковский эртакларининг ўзбек тилидаги таржимасини қидирганман¸ лекин топа олмаганман. Майда-майда¸ сифатсиз қоғозларда чоп этилган китобларни топиш мумкин.

Москвадан¸ Олмаотадан олиб келинаëтган китоблардай сифатли¸ дизайни яхши бўлган ўзбек тилидаги китоблар жуда кам¸ дейди Умида Ниëзова.

Умида Ниëзова бу соҳа учун устувор давлат дастурлари йўқлигини айтади.

- Албатта¸ дастурлар керак. Ҳукумат ўзбек болалари кўпроқ китоб ўқисин деб ўйласа¸ бюджетдан пул ажратиб¸ бунақа китобларни чиқарса яхши бўлади¸ дейди инсон ҳуқуқлари фаоли Умида Ниëзова.

Таниқли педагог олим Абдулла Абдураззоқов назарида бу ҳолатда миллий фожеа аломатлари бор.

- Тарбия бешикдан бошланади¸ дейилган. Тарбиянинг бўлимлари бор. Турли тўгаракларда тарбия¸ санъат масканлари¸ Қўғирчоқ театри деймиз¸ кутубхона деймиз¸ Ëшлар театри деймиз – буларнинг ҳаммаси мактабдан ташқари тарбиянинг турли хил кўринишлари.

Мен бу нарсани узоқ вақтдан бери кузатиб¸ юракдан қайғураман. Ахир биз давлат тили ўзбек тили бўлиши учун ўша пайтларда ҳазилакам курашлар қилдикми. Мана қонунлар қабул қилинди¸ лекин ишламаяпти.

Балиқ бошидан сасийди дегандек¸ биринчи қонунбузувчилар юқоридагилар. Кўп жойда имкони бўлиб қолди деганда¸ улар рус тилида маъруза қилишади. Рус тилида гапиришади.

Энди ўзимиз ҳам кўп талаб қилмаймиз¸ бошқа қилмаймиз. Энди булар кўникма билан бўладиган нарсаку. Бирдан бўлиб қолмайди. Мана қонун қабул қилинди¸ давлат тили ўзбек тили бўлади¸ тушунтириш ишлари олиб борилди¸ лекин ҳали кўникма ҳосил бўлгани йўқ. Бу кўникмани биз юқоридагилардан бошлашимиз керак деб ўйлайман.

Уларни ҳам тушуниш керак¸ илгари хотининг рус бўлмаса¸ рус тилини билмасанг¸ ëрдамчинг рус бўлмаса¸ бирор лавозимни ололмас эдинг. Шундай йўл билан уларга шундай касаллик юқтирилган. Бундан ажралиш ниҳоятда қийин кечаяпти ва улар ўтмишни жуда қаттиқ қўмсаяпти.

Буни миллий фожеа деб юборгим келадию¸ лекин Худо хоҳласа тузалар. Шуни тузатишга интилсак¸ яхши бўларди. Ана шунга ҳаракат қилмаëтганимиз ачинарли. Шунга бир ечим излаш керак. Ана шу ечимнинг изланмаëтгани одамни маориф соҳаси издан чиққан деган фикрга олиб келади¸ дейди Абдулла Абдураззоқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG