Линклар

Журналистни айблаган даъвогарлар кўпаймоқда


Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан товламачиликда айбланаётган журналист Дилмурод Саййид ҳибсхонадан чиқарган хатида ўзига нисбатан сохта айбловлар қўйилаётганини ёзган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан товламачиликда айбланаётган журналист Дилмурод Саййид ҳибсхонадан чиқарган хатида ўзига нисбатан сохта айбловлар қўйилаётганини ёзган.

Ўзбекистонлик журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййидга янги айбловлар эълон қилинган - эндиликда журналист жами 20 минг АҚШ доллари миқдорида пора сўраганликда гумон қилинмоқда.

Дилмурод Саййид самарқандлик собиқ раис Аслиддин Ўринбоевдан ўн беш минг АҚШ долларини пора сифатида сўраганликда айбланиб, ҳибсга олинганди.

Адвокат Руҳиддин Комиловнинг Озодликка билдиришича, эндиликда Дилмурод Саййидга яна беш минг долларни пора сифатида талаб қилганлик айблови юклатилаяпти.

- Сайдулло Боймуродов деган шахснинг тергов жараёнида кўрсатма беришича, гўёки 2004 йил Дилмурод Саййид ундан пул талаб қилган эмиш. “Беш минг “кўк”идан сўраган”, деди. Шунақа деб ариза ёзган экан, шу бўйича сўроқ пайтида юзлаштириш бўлиб ўтди. У гапида қаттиқ турибди. “Мендан пул сўраган”, деб. Дилмурод Саййид, табиийки, буни инкор этди.

Энди бу олдинги ўн беш минг долларга қўшимча бўлди. Эндиликда Дилмурод жами йигирма минг долларни пора сифатида сўраганликда айбланаяпти.

Эндиликда, менинг назаримда, бунақа даъво қилувчи одамлар кўпайиб кетади. Миллион долларга бормаса бўлди ишқилиб. Бу кетишда бутун Самарқанддан пул сўраган бўлиб чиқади.

Биласизми, бизда шунақа. Бирор айб топилса, бўлди. Айб устига янги-янги айбловлар қўшилиб бораверади. Қисқаси, баҳона топишади, сабаб топишади... Шу тариқа янги айбловларни ёпиштиришга ҳаракат қилишади-да, дейди Руҳиддин Комилов.

Дилмурод Саййид ҳибсхонадан чиқарган мактубида ўзига қўйилган иккита айбловни ҳам инкор қилади.

Маълум бўлишича, самарқандлик собиқ раис Аслиддин Ўринбоев ҳуқуқ-тартибот идораларига йўллаган аризасида Дилмурод Саййид ва шериклари уни обрўсизлантириш билан қўрқитиб, ўн беш минг доллар талаб қилгани ҳақида ёзган.

Бироқ Дилмурод Саййид мактубида ёзишича, у “Аслиддин Ўринбоевнинг раислик фаолиятидаги ғайриқонуний ҳаракатлари хусусида “Постда”, “Солиқ ва дунё”, “Куч- адолатда!” газеталарига ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идораларига ўндан зиёд мақола, ариза, шикоятлар йўллаган.

Буларга жавобан эса Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси, Давлат солиқ қўмитаси, Самарқанд вилоят ва Жомбой тумани прокуратураларидан расмий жавоблар олган”.

Дилмурод Саййид шу каби ҳаракатларидан кейин яна пора сўраши мантиққа тўғри келмаслигини ва “Аслиддин Ўринбоев ҳамда унинг ҳамтовоқлари ўзларининг ғайриқонуний фаолиятларини хаспўшлаш ва ҳуқуқ-тартибот идораларини чалғитиш” мақсадида уни ҳибсга олишни уюштиришганлигини ёзади.

Дилмурод Саййиднинг хатидан маълум бўлишича, уни порахўрликда айблаётган иккинчи шахс – Сайдулло Боймуродов ҳам собиқ раис.

Дилмурод Саййид ўз хатида “Қишлоқ ҳаёти” газетасида Сайдулло Боймуродов ҳақида иккита танқидий мақола эълон қилдиргани, шундан кейин у раисликдан кетгани ва собиқ раиснинг орадан беш йил ўтгач уни порахўрликда айблаши қасд олиш экани ҳақида ёзади.

Ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов фикрича, журналист Дилмурод Саййид айнан касбий фаолияти туфайли ҳибсга олинган.

- Унинг ҳибсга олиниши, бир сўз билан айтганда, вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари коррупцион занжирининг ҳаракатлари дейиш мумкин. Чунки улар шунақа одамларни ёллашади, шунақа одамлардан ёлғон гувоҳлик олиб, Дилмурод Саййид сингари шахсларни таъмагир, товламачига чиқаришга ҳаракат қилишади.

Дилмурод Саййиднинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ воқеалар тўғридан-тўғри унинг журналистик касбий фаолияти билан боғлиқ. У ўша битта жойнинг ўзидан жуда кўп коррупцион доираларнинг манфаатларига зарба берадиган ўткир публицистик чиқишлар қилди.

Мен газеталарнинг архивларини сақланганман. Уларда Дилмурод Саййиднинг айни мақолалари эълон қилинган. Бу нарсалар албатта беиз кетмаслиги аниқ эди. Айнан шу сабабли Дилмурод Саййид бошига шу кулфатлар тушди, деб айтиш мумкин, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳюман Райтс Вотч ташкилотининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Игорь Воронцовга кўра, халқаро ҳуқуқ ташкилоти Дилмурод Саййид билан боғлиқ вазиятни жиддий назоратга олган.

- Бизнинг фикримизча, Дилмурод Саййид журналист ва ҳуқуқ фаоли сифатидаги фаолияти туфайли азоб чекаяпти. Унинг ҳибсга олиниши, афсуски, Ўзбекистонда журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари таъқиб қилиниш занжирида навбатдаги қадам бўлиб ҳисобланади.

Биз тергов ва маҳкама жараёни қандай давом этишини диққат билан кузатиб борамиз, деди Игорь Воронцов.

Дилмурод Саййид 2005 йилда “Адвокат” газетасида Ўзбекистондаги ижтимоий муаммолар ҳақидаги “Йўқ ҳақидаги бадиҳа”сидан сўнг, ишдан ҳайдалган, газета эса ёпиб қўйилган эди.

Кейинчалик у мустақил журналист сифатида фаолият кўрсатди ҳамда “Эзгулик” жамияти таркибида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланди.

У шу йилнинг 22 февралида товламачиликда айбланиб, қўлга олинди.

Айни пайтда Дилмурод Саййид иши билан боғлиқ тергов жараёни Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
Прокуратура ходимлари ҳали тергов тугамагани учун мазкур иш юзасидан маълумот бера олмасликларини билдирдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG