Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:15

Ўзаро айбловлар давом этмоқда


Кузатувчилар тожик-ўзбек чегараларида кишиларнинг моли ва жонига қасд қилиш ҳолатлари оддий фуқаролар томонидан эмас, тожик ва ўзбек чегарачилари тарафидан содир этилаётганини айтмоқдалар.
Кузатувчилар тожик-ўзбек чегараларида кишиларнинг моли ва жонига қасд қилиш ҳолатлари оддий фуқаролар томонидан эмас, тожик ва ўзбек чегарачилари тарафидан содир этилаётганини айтмоқдалар.

Ўзбекистон ва Тожикистон оммавий ахборот воситаларида икки мамлакат вакилларининг бир-бирини “фош қилувчи мақолалар” билан чиқаётгани ўзбек ва тожик фуқароларини ташвишга солаяпти.

31 март куни Центразия сайтида Ҳусан Холбоев исмли муаллифнинг “Бекобод” рельслари ва шпаллари. Оч-юпун тожик чегарачиларига ким ёрдам беради?” сарлавҳали мақоласи чоп этилган.

“Қашшоқлиқ одамларни не куйларга солмайди дейсиз? Қашшоқлик одамларда оддий инсоний ҳиссиётларни йўқотади, қонунларни бузишга ундайди.

Мана, яқинда, аниқроғи, жорий йилнинг 26 март куни соат 18.30 да Ўзбекистоннинг Бекобод участкасида, чегарачилар тожикистонлик чегарачиларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги рельслар ва шпалларни ўғирлаб олиб кетишига чек қўйишди.

Ўн нафар тожик чегарачилари ва фуқаролари чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, демонтаж қилинган рельслар ва шпалларни ўғирлашмоқчи булишган.

Ўзбекистонлик чегарачилар қонунбузарларни тўхтатмоқчи бўлиб, осмонга қарата ўқ узишган. Бироқ тожик чегарачилари автоматдан уларга қарата ўт очиб, Тожикистон ҳудудига ўтиб кетишган.

Бундай қонунбузарликлар тожик чегарачилари томонидан биринчи марта содир этилаётгани йўқ. Тожикистон армиясидаги қашшоқлик аскарларни ана шундай жиноятларга ундамоқда.

Шу ўринда тожик чегарачилари содир этаётган жиноятлар уларнинг командирлари томонидан қўллаб-қувватлаётганлиги ташвишли ҳол эканлигини таъкидлаш керак”, деб ёзади муаллиф.

Мақола сўнггида муаллифнинг электрон почтаси кўрсатилган. Биз дарҳол шу электрон манзилга мактуб йўллаб, муаллиф билан суҳбатлашмоқчи бўлдик. Бироқ орадан 4 кун ўтса ҳам муаллифдан жавоб келмади.

Шундан сўнг биз бу хабарга аниқлик киритиш мақсадида Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш Сўғд вилояти минтақавий бўлими билан боғландик. Аммо тожик расмийлари мақолада баён қилинган воқеалар ҳақиқатга мувофиқ келмаслигини айтдилар.

- Интернетда чоп қилинган хабар ёлғон. Чегара қисмларида тартиб-интизом қаттиқ. Боз устига, аскарларимиз қонун-қоидаларга риоя қилишади ва ўзга давлат мустақиллигини ҳурмат қилишади.

Бизда ҳам Ўзбекистон чегарачиларининг ноқонуний ишларини исботловчи далиллар бор. Чунончи 2008 йил ва жорий йилда ўзбек чегарачилари Панжакент, Мастчоҳ, Ашт туманларида тожикистонликлар чорвасини ўғирлашган, деди бошқарма штаби раҳбари Ўктам Гадойбоев.

Чегара муаммолари билан шуғулланувчи журналист Абдурасул Мамадалиев ҳар икки томон билдирган айбловларида жон борлигини айтади.

- Тўғри, айрим чегараолди ҳудудларида Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари томонидан аҳоли чорва молларини ўғирлаш ва фуқароларга таҳдид қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Бундай воқеалар кўпинча оддий фуқаролар томонидан эмас, балки тожик ва ўзбек чегарачилари тарафидан содир этилаяпти.

Икки давлат расмийлари музокара столи атрофига ўтириб, йиғилиб қолган барча муаммоларни яхши қўшничилик руҳида ҳал этиш вақти аллақачон етган, дейди журналист Абдурасул Мамадалиев.

Таҳлилчи Абдурасул Ҳабибов икки мамлакат оммавий ахборот воситаларида томонлар бир-бирини “фош қилувчи” мақолалар чоп этилиши тасодиф эмаслигини айтади.

- Охирги пайтларда Ўзбекистон ва Тожикистон интернет сайтларида, ахборот воситаларида ўзбек-тожик масаласига, қўштирноқ ичида алоҳида аҳамият берилмоқда. Буни мен дўстликка раҳна солувчи мақолалар, деб ҳисоблайман. Чунки бу мақолалар махсус топшириқ билан ёзилганлиги кўриниб турибди.

Тожик шоири Боқи Раҳимзода ибораси билан айтадиган бўлсак, тожик ва ўзбек икки тилда гапирувчи битта халқдир. Чунки жаҳон тарихида бунчалик жипслашиб кетган икки тилли халқ йуқ.

Шунинг учун ўзбеку тожик халқини бир-биридан ажратмоқчи бўлаётган айрим журналистлар ва расмийлар уринишлари зое кетади. Улар дўстликни тараннум этувчи мақолалар ёзишгани маъқул, дея фикр билдиради Абдурасул Ҳабибов.

Жорий йилнинг уч ойи мобайнида Центразия, PRESS-UZ.INFO интернет сайтларида тожикистонлик чегарачиларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари ҳақида қатор мақолалар чоп қилинди.

Ўз навбатида, Тожикистондаги “Азияплюс”, “Авесто” интернет сайтлари, “СССР”, “Вароруд” мустақил газеталарида ўзбек чегарачилари томонидан тожикистонликлар ҳуқуқларининг поймол этилиши ҳақида мақолалар чоп қилинган.
XS
SM
MD
LG