Линклар

Тожиклар РТР кўрмайдиган бўлдилар

  • Гулнора Равшан

Тожик расмийлари мамлакат ҳудудида "РТР-Планета" эфирининг тўхтатилиши ортида сиёсий сабаблар йўқлигини таъкидламоқдалар.

Тожик расмийлари мамлакат ҳудудида "РТР-Планета" эфирининг тўхтатилиши ортида сиёсий сабаблар йўқлигини таъкидламоқдалар.

Тожикистон давлат телевидение ва радио қўмитаси ҳамда “Телерадиоком” ширкати масъуллари Россиянинг “РТР-Планета” телеканали билан тузилган шартномани бир томонлама бекор қилди.

Тожикистон вакиллари Бутунроссия давлат теле ва радиоёйинловлар ширкати билан тузилган шартноманинг бир томонлама бекор қилинишига россияликларнинг тожиклар таклифини эътиборсиз қолдиргани сабаб бўлганлигини билдирдилар.

- 2009 йилнинг 20 январида “РТР-Планета” канали раҳбарларига хат йўллаб, Тожикистонда электр энергияси тарифи ошгани муносабати билан бундан буён РТР дастурини намойиш қилиш учун янги нархнома асосида шартнома имзоланишни таклиф қилган эдик.

Аммо шу кунга қадар Россия томони бизнинг мурожаатларимизни эътиборсиз қолдирди.

Бундан ташқари, шу йил январ ва феврал ойлари учун янги тариф бўйича улар биздан 7 миллион рубл қарздор бўлиб қолганлар. Бу қарзлар ҳам тўланмай қолаяпти.

Шунинг учун биз шартномани бир томонлама бекор қилишга қарор қилдик, дейди “Телерадиоком” ширкати раиси Суҳроб Алиев.

Тожикистон давлат телевидение ва радио қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Абдураҳмон Абдулманнонов Россия телеканалининг мамлакат ҳудудида батамом тўхтатилиши фақат молиявий хусусиятга эгалигини таъкидлади.

- Биз россиялик ҳамкасбларимизга бир неча марта хат ёзиб, огоҳлантирган эдик. Аммо қарзларини тўлашмади. Улар янги шартноманинг бир неча бандлари ўзгартирилишини талаб қилишди. Шундай ҳам қилдик. Аммо у томон шартномани имзоламади.

Муҳлат ўтиб бораётганини назарга олган ҳолда биз ҳамкорлик шартномасини бир томонлама бекор қилдик. Бу ерда бирор сиёсий мотив йўқ, бу иш фақат молиявий сабабга кўра амалга оширилди, деди Абдулманнонов.

Россия телеканали масъуллари Тожикистон томонининг бу қарорига ҳозирча ҳеч қанақа муносабат билдирганлари йўқ.

Эслатиб ўтамиз, “РТР-Планета” канали дастурларини Тожикистон ҳудудида намойиш қилиш жорий йилнинг 2 мартидан вақтинча тўхтатилганди.

Ўшанда Тожикистон томони Россия билан янги нархнома асосидаги икки томонлама шартнома имзоланмай қолганини сабабли шундай қарорга келинганини билдиришган эди. Аммо 7 миллион қарз борасида ҳеч қандай гап бўлмаганди.

Россияда нашр қилинадиган “Коммерсант” рўзномасининг 3 апрел кунги сонида ёзилишича, расмий Душанбенинг бу қарори икки давлат
муносабатлари ёмонлашувига сабаб бўлиши мумкин.

Айни мақолада “Коммерсант” президент Дмитрий Медведевнинг январ ойида Ўзбекистонга қилган сафари чоғида Марказий Осиёдаги гидроэнергетик иншоотларга доир лойиҳаларни амалга оширишда Россия расмий Тошкент фикрини инобатга олишини билдиргани ва унинг бу баёнотидан сўнг Россия-Тожикистон муносабатлари совуқлашганини эслатиб ўтган.

Ўша баёнот ортидан Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Москва сафарини бекор қилган эди. Орадан кўп ўтмай икки давлат раҳбарлари Москвада учрашган эсалар-да, бу учрашув ҳам айтарли натижасиз якунланган эди.

Ана шуларни эътиборга олган тожикистонлик кузатувчилар ҳам РТР телеканали эфирининг тўхтатилишида сиёсий сабаблар бўлиши мумкинлигини назардан соқит қилмаяптилар.

Айни пайтда мамлакатда “РТР-Планета” дастурларини томоша қилиш имконидан маҳрум бўлган норози тожикистонликларни кўплаб учратиш мумкин.

Ваҳдат туманида истиқомат қилувчи Аҳмаджон ўзи яшайдиган қишлоқда жуда озчилик сунъий йўлдош антеннасига эгалигини, бундай имкониятга эга бўлмаган ўзи сингари кишилар ташқи дунё янгиликларидан узилиб қолаётганини айтади:

- Ўзимизнинг халқни (Россияда ишлаётган мардикорлар назарда тутилаяпти - таҳр.) кўп кўрсатарди. Ким қандай иш қилаяпти, нима қилаяпти... Кейин “Кривое зеркало” передачаси, сериаллари яхши эди.
Энди ҳеч қачон буларни кўролмаймиз-да, дейди Аҳмаджон.

Шу кунларда Аҳмаджон сингари тожикистонликлар Россия телевидениесининг биринчи канали ҳамда Тожикистондаги 5 та давлат ва нодавлат телеканаллари дастурларини кўриш билан кифояланмоқдалар.
XS
SM
MD
LG