Линклар

Маслаҳатли тўй тарқамас


Минтақада сув муаммосининг тобора чигаллашиб бораётгани Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларини бу масала юзасидан ҳаракатларни ўзаро мувофиқлаштиришга мажбур қилаяпти.

Минтақада сув муаммосининг тобора чигаллашиб бораётгани Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларини бу масала юзасидан ҳаракатларни ўзаро мувофиқлаштиришга мажбур қилаяпти.

Ўзбек ва қозоқ расмийлари мулоқотида сўнгги кунларда кузатилаётган фаоллашув икки давлат вакилларининг минтақадаги сув заҳираларини бошқаришда ягона позицияга келиб олиш уриниши сифатида баҳоланмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, қозоқ ҳукумати раҳбари Карим Масимов 3 апрел куни Ўзбекистон президенти қароргоҳида бўлиб ўтган учрашув чоғида Ислом Каримов билан икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлар истиқболи, сув хўжалиги, халқаро молиявий бўҳронга қарши-кураш борасидаги ҳамкорлик ҳамда Қозоғистонга ўзбек мева-сабзавотини етказиб бериш масалалари бўйича сўзлашган.

Қозоғистон бош вазирининг Ўзбекистонга сафари олдидан президент Ислом Каримов телефон орқали қозоғистонлик ҳамкасби Нурсултон Назарбоев билан суҳбатлашган.

Қозоғистон президенти матбуот хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ, президентлар ўзаро суҳбат чоғида икки томонлама алоқалар истиқболидан ташқари сув ва энергетика муаммолари ҳамда минтақавий ҳамкорликка оид масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратганлар.

Қозоғистон президенти матбуот хизмати тарқатган маълумотда Назарбоев ва Каримов жорий йилнинг апрел ойида Оролни қутқариш бўйича Олмаота шаҳрида ўтказилажак халқаро анжуман доирасида учрашишга келишиб олгани қайд этилади.

Маълумки, ҳозирда Қозоғистон Оролни қутқариш бўйича халқаро жамғармага раислик қилмоқда. Шу сабабли ҳам, кузатувчилар фикрича, Марказий Осиё ҳудудидаги икки йирик дарё - Сирдарё ва Амударё сувлари борасида минтақа мамлакатлари ўртасида мавжуд муаммонинг ҳал бўлишида Қозоғистон позицияси ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Кузатувчилар айни пайтда Қирғизистон билан Тожикистон, қўшни республикалар қаршилигига қарамай, ўз ҳудудида гидроэнергетик иншоотларни барпо этиш режасидан воз кечмаётгани Ўзбекистон ва Қозоғистон қишлоқ хўжалигига жиддий зиён келтириши мумкинлигини таъкидламоқдалар.

Бу эса, кузатувчиларга кўра, мазкур саммит олдидан Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг ўзаро музокаралар чоғида Қирғизистон ва Тожикистон юритаётган сиёсат юзасидан ягона позицияга келиб олишига туртки берган.

Аммо ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толибов фикрича, сув масаласини ҳал этишда Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ўзаро бирлашиб иш тутиши муаммонинг кутилгани каби ижобий ечим топишига ёрдам бермаслиги мумкин.

- Дарё сувларининг тақсимоти бундай гуруҳлашиш орқали ҳал бўлмайди, деб ўйлайман. Ўзбекистон билан Қозоғистон бир томонда, Қирғизистон ва Тожикистон бошқа томонда бўлиб иккита лагерга бўлинса, бу масала янада чигаллашиши мумкинки, лекин ҳал бўлмайди.

Ўйлашимча, бу мураккаб масалани бир доирада, битта музокаралар столи атрофида ўтирган ҳолда, айниқса техник жиҳатларни атрофлича ўрганган ҳолда, экспертларнинг иштироки билан ҳал қилиш мумкин. Тожикистон ва Қирғизистон томонига қандайдир талаблар қўйиш ёки босим ўтказиш билан масалани барибир ҳал қилолмаймиз, дейди Фарҳод Толибов.

Баъзи кузатувчилар Марказий Осиё давлатлари ўртасида сув масаласи бўйича юзага келган муаммо дарёларнинг юқорисида жойлашган мамлакатлар дарёларнинг қуйи қисмида жойлашган мамлакатларнинг манфаатини ҳисобга олган тақдирдагина ҳал бўлишини айтмоқдалар.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев бу муаммо бир қанча йўллар билан ечилиши мумкинлигини айтади:

- Қирғизистон ва Тожикистонга қишда энергия керак. Демак, уларга Ўзбекистон ва Туркманистон арзон нархларда газ сотиши мумкин ёки Қирғизистонда ортиқча электр энергияси бўлса, уни сотиб олишлари мумкин.

Энг асосийси, ўша гидроэнергетик иншоотлар Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон фойдаси учун қурилаётган бўлса, бу давлатлар ўша иншоотлар қурилишида қатнашиши ёки бўлмаса уларни тиклаш ишларида, эксплуатация ишларида ҳам ўз маблағларини киритишлари керак.

Тожикистон ва Қирғизистон ўша тўпланган сувларни ёз вақтида, яъни экинларни суғориш керак бўлган вақтда беради, бошқа вақт уларни йиғиб туради.

Энди улар четдаги мамлакатлар маслаҳати билан ҳар биттаси кўрпани ўз томонига тортаверса, бу ерда ҳеч бир масала ҳал бўлмайди, дейди Комрон Алиев.

Аммо қозоғистонлик айрим кузатувчилар апрел ойи охирида Олмаотада бўлиб ўтадиган ва Марказий Осиё сув заҳираларини бошқариш бўйича узоқ муддатли келишув имзоланишини тахмин этилаётган саммитда минтақа давлатлари ўртасидаги сув муаммоси ҳал қилинишига у қадар ишонмаяптилар.

- Ўйлашимча, саммит вақтида бир қанча баёнотлар очиқланади, бироқ муаммоларнинг ҳал қилиниши узоққа чўзилади. Бундай баёнотларда яна “иқтисодий муаммоларни ҳал қилишимиз, ўзаро муросага келишимиз лозим”га ўхшаган гаплардан нарига ўтилмайди.

Бу ҳолат бир неча йиллардан буён давом этмоқда, чунки томонларнинг бирортаси ҳам ён бергиси келмаяпти. Бунақада минтақадаги сув муаммоси ҳали йилларга чўзилади, деди Эдуард Полетаев.
XS
SM
MD
LG