Линклар

НАТО саммити ниҳоясига етди


Франциянинг Страсбург шаҳрида НАТО саммити бўлиб ўтди.

Саммит якунида ўтказилган матбуот анжуманида чиқиш қилган НАТО Бош котиби Яаап Де Хооп Схефер учрашувда асосий диққат-эътибор Афғонистонга қаратилганини маълум қилди.

Хабарларга кўра, Германия, Португалия ва Испания Афғонистонга қўшимча ҳарбий куч юборишга ваъда берган.

Бундан ташқари, Яаап Де Хооп Схефернинг таъкидича, саммитда НАТО ва Россия муносабатлари муҳокама қилинган.

Шунингдек, НАТО саммити иштирокчилари музокаралар чоғида альянсга янги Бош котиб сайлаш масаласини муҳокама қилдилар.

Дания бош вазири Андерс Фог Расмуссен НАТОнинг янги Бош котиби этиб сайланди.

Бугунги саммит очилишида нутқ сўзлаган АҚШ президенти Барак Обама Албания ва Хорватиянинг НАТО сафига қўшилганини олқишлади.

- Мен Албания ва Хорватия делегациясига мурожаат қилиб, "НАТО сафига хуш келдингиз", демоқчиман. НАТО сафига қўшилганингиздан бениҳоя мамнунмиз. Шимолий Атлантика альянси 60 ёшга тўлди ва ўз сафимизга янги аъзоларни қабул қилаётганимиз бизнинг ҳамон муваффақият билан фаолият юритаётганимизнинг белгисидир, деди Барак Обама.

Куннинг биринчи ярмида президентлар Барак Обама, Николя Саркози, Германия канцлери Ангела Меркел ва бошқа давлатлар етакчилари ўзаро бирдамлик рамзи сифатида Германияни Франция билан боғлаб турувчи кўприкдан ўтдилар.
XS
SM
MD
LG