Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:00

Тожикистон муҳлат сўради


Беш йил давомида Тожикистон мина майдонларидаги 12 мингта мина зарарсизлантирилган, лекин шунга қарамай мамлакат ҳудудида 17 миллион квадрат метр майдондаги миналар харита йўқлиги боис зарарсизлантирилмай қолмоқда.
Беш йил давомида Тожикистон мина майдонларидаги 12 мингта мина зарарсизлантирилган, лекин шунга қарамай мамлакат ҳудудида 17 миллион квадрат метр майдондаги миналар харита йўқлиги боис зарарсизлантирилмай қолмоқда.

Тожикистон республика ҳудудини миналардан тозалаш бўйича ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятни яна ўн йил ортга суришни илтимос қилмоқда.Тожикистон бу борада Оттава конвенцияси котибиятига расман мурожаат қилди.

Бундан ўн йил аввал Оттава конвенциясини имзолаган Тожикистон 2010 йилнинг 1 апрелигача ўз ҳудудидаги барча мина майдонларини йўқ қилиш мажбуриятини олган эди.

Бу йўналишда беш йилдан бери Халқаро ташкилотлар томонидан Тожикистонга миналарни аниқлаш ва зарарсизлантириш борасида моддий ёрдам бериб келмоқда.

Бироқ Тожикистондаги Миналар масалаларига оид марказ маълумотларига кўра, республикада ҳанузгача 60 миллион квадрат метр ерлардаги миналар одамлар ҳаётига ҳавф солиб турибди.

Бу миналар фуқаролар уруши давридан қолган.

Тожикистон Миналар масалаларига оид маркази раиси Жонмуҳаммад Ражабовнинг айтишича, миналарни зарарсизлантириш йўналишида Халқаро ташкилотлар томонидан кўрсатилаётган ёрдам етарли даражада эмас.

Шу боис ҳам марказ республика ҳудудини миналардан тозалаш тадбирини яна 10 йилга узайтиришга қарор қилган.

Иккинчи Жаҳон уруши тугаганига 64 йил бўлса-да, ҳанузгача жанглар бўлган ҳудудлардан ёрилмай қолган мина ва бомбалар топилмоқда.

Шундан келиб чиқилса, “Ўн йил давомида мамлакат ҳудудини миналардан тозалаб бўладими?” деган ўринли савол туғилади.

-Тўғри, бу жуда мураккаб ва узоқ давом этадиган тадбир. Чунки майдонларни миналардан тозалаш жараёни ўта хавфли.

Бундан ташқари, ҳар йили биз кутмаган жойларда мина майдонлари аниқланмоқда.

Мана шу муаммолар ҳисобга олинган ҳолда, тадбирларни ўз вақтида ниҳоясига етказа олмаймиз, дейиш мумкин.

Халқаро ташкилотлар томонидан миналарни зарарсизлантириш учун ажратилаётан маблағлар эса ҳаражатларни қопламаяпти,- дейди Жонмаҳмад Ражабов.

Унинг сўзларига кўра, дастур амал қила бошлаган пайтдан буён мамлакатдаги 900 та қишлоқ текширилди. Натижада 215 хавфли майдон аниқланди. Қарийиб уч юз минг квадрат метр ер миналардан тозаланди, 12 минг дона мина ва ёрилмаган ўқ дорилар зарарсизлантирилди.

Миналарни зарарсизлантириш маркази масъулларининг айтишларича, Тожикистон ҳудудидаги миналардан тозаланмай қолаётган 17 миллион квадрат метрдан зиёдроқ майдоннинг бир қисми Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларда жойлашган.

Бу мина майдонлари тожикистонликлар ҳаётига катта хавф туғдирмоқда. Чунки миналар кўмилган ерлар харитаси фақат Ўзбекистон томонида бор.

-Ўзбекистон томони чегараларга миналарни бир томонлама ўрнатгандан буён, юзга яқин тожикистонлик ҳалок бўлди, юздан ортиқ одамлар турли жароҳатлар олди.

Бир неча йиллардан бери чегараларни миналардан тозалаш борасида республика хукумати раҳбарлари ҳам, мутахасслар ҳам Тошкент билан музокаралар олиб бормоқда. Бироқ ҳанузгача бу борада Ўзбекистон томони ёрдам қўлини чўзмаяпти, - дейди Жонмаҳмад Ражабов.

Марказ маълумотларида ёзилишича,ўтказилган тадқиқотлар натижасида Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегара ҳудудларида 60 та ўта хатарли майдон мавжудлиги аниқланган. Бу жойларни аниқлашда ҳам Халқаро ташкилотлар кўмак кўрсатди.

Тожикистондаги чегараолди минтақаларда «Миналардан эҳтиёт бўл” деган огоҳлантирув белгилари ўрнатилди. Мутахассислар томонидан аҳоли ўртасида миналар хавфи ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди. Миналардан зарар кўрган тожикистонликларга моддий ёрдам берилди.

- Мени бир нарса ҳайратга солмоқда. Қўшнилар қўйган миналардан тожикистонликлар зарар кўряпти. Республика ҳукумати, Халқаро ташкилотлар жабрдийдаларга ёрдам беряпти. Лекин мана шу фожеаларга айбдор Ўзбекистон хукумати нима учун пинагини бузмайди?

Ҳаттоки халок бўлганларнинг қариндошларига ҳамдардлик билдирмайди. Назаримда,Ўзбекистон раҳбарларига бир оз меҳрибонлик, одамийлик етишмайди,- деди мустақил кузатувчи Мақсуд Жураев.

Расмий маълумотларда айтилишича, 1992 йилдан буён Тожикистоннинг ўзидаги миналардан зарар кўрганлар сони 800 кишига етган. 400 га яқин тожикистонликлар ҳалок бўлган.
XS
SM
MD
LG