Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:10

Газ керакми? Пулини тўла!


ўзбекистон Тожикистонга бериладиган газ миқдорини камайтиргани туфайли аҳоли ва саноат корхоналари муқобил ёқилғидан фойдаланишни йўлга қўймоқдалар.
ўзбекистон Тожикистонга бериладиган газ миқдорини камайтиргани туфайли аҳоли ва саноат корхоналари муқобил ёқилғидан фойдаланишни йўлга қўймоқдалар.

Тожикистон Ўзбекистондан берилган “зангори олов” учун 16 миллион доллар миқдоридаги қарзини тўлай олмаётгани сабабли расмий Тошкент бу мамлакатга узатиладиган табиий газ ҳажмини яна 40 фоизга камайтирди.

“Тожиктрансгаз” очиқ ҳиссадорлик ширкати шу кунларда Ўзбекистон томонидан аввалгидай соатига 25 минг кубметр эмас, балки 16 минг кубметр табиий газ берилаётганини маълум қилди.

“Тожиктрансгаз” ширкати раиси ўринбосари Шавкат Шоимовнинг маълум қилишича, шунинг билан Ўзбекистон томони йил бошидан бери иккинчи марта табиий газ ҳажмини 40 фоизга қисқартирган.

- Бунинг сабаби Ўзбекистонга 16 миллион доллар қарзимизни тўлай олмаганимизда, -дея изоҳлади табиий газ ҳажмининг қисқартирилиши сабабларини Шавкат Шоимов.

Расмийга кўра, келгусида газ ҳажми яна ҳам қисқартирилиши мумкин.

Ўз ўрнида табиий газ ҳажмининг Ўзбекистон томонидан қисқартилиши бу мамлакат аҳолиси ва ишлаб чиқариш корхоналарига газ етказиб беришнинг кескин камайишига сабаб бўлмоқда.
Газ таъминотининг мунтазам узиб қўйилишидан безиган душанбелик Салимжон ўз уйига тортилган газ қувурларини кесиб ташлаганини ва ҳозирда балонли газдан фойдаланаётганини айтди:
-Газчилар келишади, пулини йиғиб, бир ҳавони қўйиб юборади, гази йўқ. Икки кундан кейин яна газни ўчиришади. Шунинг учун кераги йўқ, бу газнинг.
Мен бориб 36 сомонийга (тахминан 9,5 доллар-муаллиф) катта газ балонлардан биттасини тўлдириб келаман, ўша 2 ойга етади, -деди Салимжон.

Баъзи йирик корхоналар, жумладан, “Тожикцемент” ширкати эса газдан воз кечиб, муқобил ёқилғидан фойдаланишни йўлга қўйган.

Тожикистон Тижорат ва иқтисодий тараққиёт собиқ вазири Давлат Усмонга кўра, бу мамлакат корхоналарининг “Тожиктрансгаз”дан қарздорлиги туфайли Ўзбекистонга газ пулини тўлаш қийинлашмоқда.

-Менимча, “Тожиктрансгаз” “Ўзтрансгаз”га қарзларини тўлай олмайди. Чунки мамлакат корхоналарининг кўпи ишлаб чиқарган маҳсулотларига харидор топа олмаяпти.
Бундан ташқари иқтисодий бўҳрон ҳам анча панд берди. Бундай шароитда қарзларни қайтариш жуда қийин,- дейди Давлат Усмон.

Тожикистоннинг табиий газга бўлган бир йиллик эҳтиёжи 1 миллиард кубметрни ташкил этади.

Аммо 2008 йилгача бир миллиарддан сал камроқ газ импорт қилиб турган Тожикистон 2009 йилда 550 миллион куб метр табиий газ сотиб олиш борасида Ўзбекистон билан шартнома имзолаган.

Бунга Ўзбекистон томонининг газ нархини ўтган йилга нисбатан икки баравар қимматлаштиргани сабаб бўлган эди.
XS
SM
MD
LG