Линклар

logo-print

Шартнома бузилди, пул олинди


Аксилтеррор коалициясига кирган давлатлар билан имзоланган шартномалар бекор қилингач, Қирғизистондаги АҚШ базасини ёпиш жараёнининг ҳуқуқий йўналиши мантиқий якунига етди.

Аксилтеррор коалициясига кирган давлатлар билан имзоланган шартномалар бекор қилингач, Қирғизистондаги АҚШ базасини ёпиш жараёнининг ҳуқуқий йўналиши мантиқий якунига етди.

Қирғизистон ушбу ҳафтада Америка Қўшма Штатлари етакчилигидаги аксилтеррор коалициясига аъзо 11 давлат билан имзоланган Афғонистондаги ҳаракатларга кўмак кўрсатиш борасидаги шартномларни бекор қилди.

Президент Қурмонбек Бакиев бу борада Қирғизистон парламенти қабул қилган қонунларни имзолади.

Феврал ойида Қирғизистон бу борада АҚШ билан имзоланган шартномани бекор қилган ва бу мамлакатнинг Бишкекдаги ҳарбий базасини ўз ҳудудидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилганди.

Аксилтеррор коалициясига кирган 11 давлат билан имзоланган шартномаларни бекор қилиш тўғрисидаги қонунларнинг имзоланиши билан АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш жараёнинг ҳуқуқий йўналиши мантиқий якунига етди.

Бу базадан аксилтеррор коалициясига аъзо барча давлатларнинг қуролли кучлари фойдаланар эди.

Мазкур қонунларнинг имзоланиши билан АҚШ базасининг мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши учун ажратилган 180 кунлик муҳлатнинг ҳисоби бошланди.

АҚШ ва аксилтеррор коалицияси билан имзоланган шартномаларни бекор қилиш тўғрисидаги қонунларга қарши овоз берган парламентдаги социал демократлар фракцияси раҳбари Бақит Бешимов фикрича, Қирғизистон томони аксилтеррор коалицияси билан алоқаларни узиб, катта сиёсий хатога йўл қўйди.

- Бу қонунларни имзолаган президент Бакиев мамлакат ташқи сиёсати унинг қўлида эмаслигини ҳам исботлади.

Қирғизистон ташқи сиёсати борасида Бакиев ҳеч қандай масалани ҳал этолмайди. Президент Қирғизистон ташқи сиёсатини юритишни ўз ихтиёри билан Москванинг қўлига топшириб қўйди,-деди Бақит Бешимов.

Қирғизистон мухолифатидаги сиёсатчилар фикрича, президент Бакиев Россия томонидан берилиши ваъда қилинган 2 миллиард 150 миллион долларлик моддий ёрдам эвазига АҚШ каби йирик давлат базасини мамлакатдан чиқариб, стратегик ҳамкорлик пойдеворига зарба берди.

Қирғизистоннинг собиқ Давлат котиби Ўсмўнакун Ибраимов эса аксилтеррор коалицияси билан ҳамкорликнинг бекор қилинишини калтабин сиёсат қатори баҳолайди:

- Бизнинг икки миллиард доллар қарзимиз бор. Бу қарзнинг тенг ярми Америка Қўшма Штатларидан олинган. Шунинг учун АҚШ энди Қирғизистонга анча босим кўрсатади.

Иккинчидан, аксилтеррор коалициясига кирган давлатларнинг ҳаммаси дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидир. Бу давлатлар билан узоқ йиллар мобайнида ўрнатган мустаҳкам ҳамкорлигимиз президент Бакиев шартномаларни бекор қилиш тўғрисидаги қонунларни имзолагач дарз кетди,-деди Ўсмўнакун Ибраимов.

Бироқ қирғиз парламенти раисининг ўринбосари Қубаничбек Исабеков фикрича, аксилтеррор коалиция билан имзоланган шартномаларнинг бекор қилиниши бу давлатлар билан алоқаларнинг совуқлашувига сабаб бўлолмайди.

Шунингдек, Қубаничбек Исабеков "мазкур қонунлар Россия босими остида қабул қилинган", деган фикрларни ҳам рад этади.

-Бизда ички ва ташқи сиёсатни президент белгилайди. Россия бизга ҳеч қандай шартларни қўйгани йўқ. Бу Қирғизистон ҳукуматининг мустақил қароридир,-деди Қубаничбек Исабеков.

Бишкекдаги АҚШ ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисидаги қарорни президент Бакиев 3 феврал куни Москвага қилган расмий сафари чоғида матбуотга эълон қилган эди.

Ўша куни Россия томонидан Қирғизистонга 2 миллиард 150 миллион долларлик моддий ёрдам кўрсатиш масаласи ижобий ҳал этилган эди.
XS
SM
MD
LG