Линклар

БМТ фавқулодда йиғилиш ўтказди


Шимолий Корея узоқ масофага парвоз қиладиган ракета учиргани масаласини муҳокама қилиш учун 5 апрел куни БМТ Хавфсизлик кенгаши фавқулодда йиғилиш ўтказади.

Бу учрашув АҚШ ва Япония талабига мувофиқ ўтказилмоқда.

Айни пайтда халқаро ҳамжамият Пхеньян расмийларининг хатти-ҳаракатини қораламоқда.

Жанубий Корея президенти матбуот котиби Ли Донг Кван ракета учирилиши дунё хавфсизлигига таҳдид солишини айтди.

- Шимолий Кореянинг ўйланилмаган ҳаракати хафсаламизни пир қилди. Узоқ масофага парвоз қиладиган ракетанинг учирилиши Корея ярим ороли ва дунё хавфсизлигига таҳдид солади, - деди Жанубий Корея президенти матбуот котиби.

АҚШ президенти Барак Обама Шимолий Кореянинг баллистик ракета учиргани БМТ Хавфсизлик кенгаши қабул қилган резолюцияга зид эканини айтиб, уни “провокацион ҳаракат” дея баҳолади.

Хитой ва Россия эса халқаро ҳамжамиятни тинчланишга ва оғир-босиқ бўлишга чақирди.

Япония Шимолий Корея учирган ракета Тинч океанига тушишидан олдин Япония ҳаво ҳудудидан учиб ўтганини билдирди.

Шимолий Корея Ер орбитасига сунъий йўлдош олиб чиқиш миссияси муваффақиятли тугаганини маълум қилди. Бироқ АҚШ ва Жанубий Корея Ер орбитасига ҳеч қандай сунъий йўлдош олиб чиқилмаганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG