Линклар

logo-print

Тош орқали Ўзини таниган аëл

  • Абдулла Искандар

Москвада геология соҳасида номзодлик диссертацияси ëқлаб¸ Ўзбекистонда бу соҳанинг яхшигина мутахассиси сифатида ишлаган Мўътабар опа¸ тош орқали дунë ва динни англатган ўз тақдиридан мамнун.

Москвада геология соҳасида номзодлик диссертацияси ëқлаб¸ Ўзбекистонда бу соҳанинг яхшигина мутахассиси сифатида ишлаган Мўътабар опа¸ тош орқали дунë ва динни англатган ўз тақдиридан мамнун.

"Давр менинг тақдиримда" эшиттиришининг бугунги қаҳрамони Мемориал инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўзбекистондаги ҳамкори¸ геология-минералогия фанлари номзоди Мўътабар опа Аҳмедова.

“Мен танлаган касбимдан нолимайман. Чунки мен шу тош орқали дунëни кўрдим. Бу Оллоҳнинг менга берган иқтидори¸ насибаси бўлса керак”.

Туғилган куним қоғозда бошқача ëзилган¸ дейди суҳбатдош.

- Ҳужжатдагиси 1936¸ ҳужжатсиз эса 1938. Ҳужжат беришаëтганда сал каттароқ қилиб олишган. 1955 йилда Тошкент шаҳридаги у пайтдаги Куйбишев номидаги 1-сонли мактабни битирганман¸ дейди Мўътабар опа Аҳмедова гап аввалида.

Саҳроларда кон очиш истаги

Тошкентнинг Эски шаҳар мавзесидаги оддий оилада туғилган Мўътабархон тоғ-тошларни¸ саҳро-даштларни кезадиган геолог бўлишни орзу қилганида¸ маҳалла-кўй ҳам¸ ота-она ҳам ҳайрон қолишди.

- Ëшлигимдан географияни жуда ҳам яхши кўрганман. Дайдилигим бор экан шекилли. Ойим ўқишимга умуман қарши бўлганлар. Ойим Худога шукур борлар. Дадам “Қўй энди¸ қиз бола. Узатсак ҳаммаси ўз-ўзидан қолиб кетади” деганлар. Шу билан геология ва разведка факультетини битирганман¸ дейди Мўътабар опа Аҳмедова.

Ана шундан кейин Мўътабар Аҳмедова Москвага бориб аспирант бўлди¸ геология соҳасида илмий иш ëзиб¸ фан номзоди бўлди.

- Мен танлаган касбимдан нолимайман. Чунки мен шу тош орқали дунëни кўрдим. Бу Оллоҳнинг менга берган иқтидори¸ насибаси бўлса керак. Мен дунëни кўриш билан бирга динни билдим.

Мен дунë кезмасдан¸ фақат Тошкентда ўтирганимда¸ динни билмас эдим. Мен бу ерда динни ўрганаяпман¸ деганлар билмайди барибир. Дунëни билмасангиз¸ оламни билмасангиз¸ динни билмайсиз.

Мен¸ Оллоҳга¸ шу нарсаларни кўрсатганига шукроналар айтаман. Оллоҳ менга арзимаган тош билан Ўзини танитди. Мен асосан¸ илмий иш билан шуғулланган одамман.

Москвада Оржоникидзе номидаги Геология ва развдека институти бор¸ МГРИ дейди. Ўша институтнинг Литология кафедрасида преофессор Тихониров Сергей Валеревичнинг қўлида таълим олганман. Мен Москвада 1974 йилда геология-минералогия фанлари номзоди унвонига эга бўлиб¸ Тошкентга келганман¸ дейди Мўътабар опа Аҳмедова.

Тошкентга қайтиб келган Мўътабарнинг Москвада шаклланган ҳурфикрлилиги маҳаллий илм даргоҳининг қуюшқонига сиғмади.

- Тошкентда Нефт ва газ разведкаси илмий текшириш институти бор. Мени ўша ерга боғлаб қўйишган. Мен ўша институтда ишлаб юрдим.

Академик¸ менга нисбатан сал ëмон муносабатда бўлиб юрди. Нимагаки¸ мен ëзган мақолаларимни тўғридан-тўғри Москвада чиқарар эдим. Бу ерда ҳар бир чиқариладиган илмий мақолаларга директор бош бўлиши керак экан¸ яъни у эгаси бўлиши керак экан.

Мен аввалига бу нарсани билмаганманку. Шу муносабат билан менга ëвқараш бўлди. Олдинига¸ 5 йилча индамай юрдим. Кейин қарасам¸ жуда бўлмайдиган. Кейин шу билан гапиришиб қўйдим. Кураш очиқчасига ўтиб кетган. Мен ҳозир уни гапирмайман¸ дейди Мўътабар опа Аҳмедова.

Қоғозларга кўмилган илм даргоҳи ташқарисида ҳаëт қайнар эди. 1985 йил иқтидорга келган Михаил Горбачевнинг демократия ва ошкоралик¸ дея чўзган қўллари истиқболига мамлакатнинг турли нуқталаридан минглаб қўллар чўзилар ва улар орасида Мўътабархоннинг ҳам қўллари бор эди.

Бу суратлар коллажида Мўътабар опа тақдиридаги муҳим ўзгаришлар акс этган.
Маҳаллада дув - дув гап

1966 йилдаги ер қимирлашидан кейин Тошкент маҳаллалари эрта-индин бузиладиган омонат бошпана мақомида эди.

Маҳаллада дув-дув гап фильмидаги каби¸ одамлар "дом"га кўчишни орзу қилишмас¸ балки киндик қони тўкилган маҳаллада яшашни исташар эди.



Горбачев даврида халқ истаги ҳам инобатга олиниши мумкинлигини ўйлаган Мўътабархон¸ маҳаллалар бузилишига қарши курашга кирди. Бу биринчи кураш эди¸ аммо охиргиси эмас эди.

- Эски шаҳарнинг аҳволи жуда ҳам хароб бўлиб кетган эди. Бу менинг киндик қоним тўкилган ер. Шунинг учун мен кўчаларни тузатиш масаласида қўлимдан келганча ҳаракат қилдим. Яъни сувларни янгилаш¸ канализация ўтказиш¸ газ келтириш¸ электр энергиясини тўғрилаш борасида ҳаракат қилдим.

Ўша пайтда шаҳар советида Адҳам Фозилбеков ишлар эди. Исполком дерди¸ энди бу ҳозирги ҳокимият. Ўша ҳокимиятда Қудрат Рафиқов деган бор эди. Улар барака топишсин¸ қўлларидан келгунча ҳаракат қилишди. Улар мен талаб қилган нарсаларни¸ 70 фоизга бўлса ҳам бажаришга муваффақ бўлишди.

Мен ҳам ниҳоятда қайсар одамман. Тутган еримни кесадиганроқманми нима бало¸ айтган ишимни қанчалик ўзимга қийин бўлишидан қатъий назар¸ охирига етказишга ҳаракат қиламан. Менинг ўша пайтда қилган талабларим ўзимнинг манфаатим учун эмас эди. Мен уни халқ учун талаб қилдим.

Мен 1989 йилнинг охирида ота ҳовлига кўчиб келган бўлсам¸ 1991 йилда тўлиқ реконструкция бошланди. Шунга эришиш учун бир йил кураш кетди. Канализация ўтказилди¸ сувлар янгиланди¸ электр энегияси янгиланди¸ газ келди.

Одамлар ўзларининг йиқилай¸ деб турган иморатларининг ҳаммасини тўғрилади. Қайтадан қурганлар¸ таъмирлаганлар кўп бўлди. Чунки бу ерда эски иморатлар¸ тарихий обидалар кўп эди. Ана шу тарихий обидаларни ушлаб қолиш учун мен ҳаракат қилдим.

Чунки¸ 1987 йилда бўлса керак¸ Тошкент шаҳар ижроқўмининг Эски шаҳарни бузмаслик ва фақат таъмирлаш тўғрисида 489-сонли қарори чиққан. Мен шу қарорни ҳужжат қилиб маҳкам ушлаб олдим.

Адҳам Фозилбеков бузилади¸ деди. Мен “Бузмайсиз¸ бу ерда тарихий обидалар бор. Сиз тарихий обидаларни бузмоқчисиз”¸ деб айтдим. Шу билан¸ хўп дейишди. Раҳмат ўшаларга.

Мен ҳеч қачон амалдорни мақтаган эмасман. Мана ҳозир биринчи марта сизга айтиб турибман. Чунки ҳақиқатни¸ ким нима иш қилганлигини гапиришим керак¸ дейди Мўътабар опа Аҳмедова.

Армиядан қайтаëтган темир тобутлар

Ўтган асрнинг 90-йилларида ўзбек матбуотида Совет армиясида уриб ўлдирилган¸ хўрланган¸ қурилишларда текин мардикорга айлантирилган ўзбек аскарлари мавзуси долзарб эди. Москвада тузилган "Солдат оналари" қўмитаси ҳам аскарлар ҳуқуқини ҳимоя қилар эди. Ўзбекистонда ҳам ана шундай қўмита тузилди. "Ота-оналар қўмитаси" деб аталган бу тузилманинг энг фаолларидан бири Мўътабар Аҳмедова бўлди.

- 1989-1990 йилларда армияга олинган болалар кўпчилигининг ўликлари келганини жуда яхши биласизлар. Ўша пайтда¸ биз¸ "Ота-оналар қўмитаси" ни тузган эдик. Мен ўша қўмитанинг раиси эдим.

1990 йилда компартиянинг 2-котиби Бугров мени чақирди ва “Хабаровскийга бориб келасиз” деди. Шу билан у ëққа кетдим ва у ëқдан болаларни олиб келдик. 87 болани олиб келишга кўндирдик. Бизга махсус самолëт беришди. Болалар келишди.

Мен Тошкентга келсам¸ мени ишдан бўшатиб қўйишипти. Бизнинг касаба уюшмамизнинг раиси “Мана Аҳмедовани ҳатто Горбачëв келиб ялинса ҳам тикламайдиган қилиб ишдан бўшатдик” деб гап тарқатган. Мен ишдан бўшатган бўлсанг¸ жуда яхши дедим ва индамай ўтиравердим.

Бугровга “Ўзим ҳал қиламан деган эдингиз. Нимага қилмадингиз? Мана мени ишдан бўшатиб қўйишипти. Менинг боқувчим йўқ¸ энди нима бўлади?” десам¸ “Қўяверинг¸ мен тиклайман” деди.

Шу билан беш куни кам уч ой ўтди. Шунгача мен индамай юрдим. Кейин Бугров “Энди Тбилисига бориб келинг. У ëқни кўриб келинг” деди. Шу билан Абхазияга бордик¸ Грузияга бордик¸ айландик. Компартиядан битта¸ армиядан битта¸ маҳалладан битта одам берди. Мухолифатдан мен бор эдим.

Абхазиядаги болалар қийноқлар таъсирида 7-марта қочишган экан. Ҳарбий бошлиқ Язовга бориб учрашишган экан. Язов “Мен ўзим тўғрилайман. Сизлар жойларингизга бораверинглар”¸ деб айтган. Улар қайтиб боришганида эса¸ уларнинг ундан ҳам баттар дабдаласини чиқариб уришган.

Биз борганимизда улар бизга “Сизлар нимага келдинглар? Сизлардан олдин ҳам кўпчилиги келиб кетди. Бизлар ҳарбий бошлиқ ëнига борган эдик. Қайтиб келганимиздан кейин бизни беш баттар қилиб уришди. Сизларга ҳеч нарса айтмаймиз” дейишди.

Мен уларга “Болажонлар. Мени ҳозир ўзларингизни оналарингиз ўрнида кўринглар. Онангизларга ўзларингизнинг дардларингизни айтасизларми” десам¸ “Айтамиз” дейишди. “Ундай бўлса¸ мени ўз онанглардай кўринглар ва дардларингизни айтинглар” дедим.

Биласизми¸ улар шунақа ҳолатга келганки¸ улардан ҳеч гап суғуриб олишнинг иложи йўқ. Шу билан улар қанақа азобланишганини¸ бошларига қанақа мушкулотлар тушганини гапириб беришди. Нима қилиш керак?

Раҳбарият билан гаплашсак¸ раҳбарият осмондан келди. Олиб кетамиз десак¸ олиб кетишнинг ҳам иложи йўқ. Ундан кейин болалар билан мен гаплашдим.

Уларга “Нима қиламиз? Сизлар қочинглар. Борганларингиздан кейин¸ мен ўзим ҳимоя қиламан” десам¸ улар рози бўлишди. Чунки менинг компартияда келишиб қўйган одамларим бор эди. Болалар “Бизнинг пулимиз йўқ” дейишган эди¸ мен “Ўзим топиб бераман” дедим¸ дейди Мўътабар опа Аҳмедова.

Айтсам ўлдирарлар¸ айтмасам ўлам

Мўътабар Аҳмедова¸ ўз тақдирини ўзгартирган нуқта сифатида Каримовнинг 1989 йилда Комфирқа раҳбарлигига келтирилган кунини эслайди.

- Мен 1989 йилдан¸ Ислом Каримовнинг давлат тепасига келганидан бошлаб гапирмасам бўлмайди. Чунки ҳаëтимда бир-бирига боғлиқлик жойи бор.

1989 йил июн ойида Каримов ЎзССР компартиясининг биринчи секретари лавозимини эгаллади. Орадан тўрт ярим ой ўтгандан кейин Бўка¸ Оққўрғон¸ Паркентда бўлган қон тўкилишларини унинг лавозимни эгаллагандан кейинги жинояти билан боғлаганман.

Ўша 1989 йилнинг 9 ноябрида раҳматли бўлиб кетган Салим ака деган бир отахон ва 3-4 та аëл компартиянинг олдида пикет ўтказганмиз. Мен аëлларнинг номини айтмайман.

Ўшанда олдимизга Ислом Каримов чиққан. У лўттибозликни жуда яхши биларкан. Мен кузатиб турганман. У отахонлар билан¸ Бирликнинг баъзи бир фаол аëллари билан гаплашди. Мен қулоқ солиб турсам¸ ҳамма унга жуда яхши гапираяпти. Лекин асосий мақсад қолиб кетаяпти. Чунки Каримов одамларни лақиллата бошлади-да!

Бизнинг нимага бу ерга келганимиз¸ нимага пикет ўтказганимиз назардан қолиб кетаяпти. Шунда мен Ислом Каримовга қарата “Биласизми¸ сиз кимсиз?” дедим. У менга бир қараб қўйди. Биз қатор турган бўлсак¸ у иккита эркак билан гаплашиб мени ташлаб ўтди ва бу ëғимдагилар билан гаплаша бошлади.

Мен шунда унинг эътиборини ўзимга қаратиб “Биласизми¸ сиз кимсиз?” дедим. У менга ҳеч нарса демасдан қараб турди. Мен “Сиз бўғзингизгача қонга ботиб бўлган қотилсиз. Паркентда¸ Оққўрғонда¸ Бўкада қон тўкдингиз. Сиз халқ қонини тўкдингиз” дедим.

Шу гап оғзимдан чиқиши билан аëллар “Нимага унақа дейсиз? У давлат бошлиғи” деб орқамдан тортишди. Мен аëлларга “қўлингни торт” дейишим билан¸ Каримов зинадан чопқиллаб чиқиб кетиб қолди.

Мен уни бошқа кўрмадим. Иккита эркакни¸ иккита аëлни чақирди ва кириб кетди. Шу билан қайтиб чиқмади. Атрофдагилар “Нимага унақа дейсиз? У 1-одам бўлса. Оғзингизга қараб гапирсангиз бўлмайдими? Бошқа одам билан бунақа гаплашишингиз мумкинку” дейишди.

Мен “Адолатни гапиргани келдингларми ëки лўттибозлик қилганими? Менинг борим шу”¸ дедим.

1992 йилда студентлар отилганидан жуда яхши хабаринглар бор. Буни гапириб ўтиришимнинг ҳожати йўқ. Тинч намойишга чиққан студентлар отилди. Нега?

Каримов қўлига Қуръонни олиб¸ менинг ҳозир Каримовнинг Қуръонни ушлаганига жуда катта гумоним бор¸ муқовани ушлаган бўлиши мумкин¸ биз нон ва нон маҳсулотларини қимматлатмаймиз деб ваъда берган эди.

У бу гапни 3 январда айтган бўлса¸ 10 январда купонни жорий этди. Кўз олдингизга келтиринг¸ ҳеч ким ҳеч нарса ололмайди. Талабалар шаҳарчасида студентлар нонга зор бўлдику. Талабалар шаҳарчасини қонга ботирганида¸ мен 20 январда Каримовга ўзининг номига “Сен қотилсан” деб очиқ хат ëздим¸ дейди Мўътабар опа Аҳмедова.

5 ой¸ 49 кун¸ 17 соат ва 50 дақиқалик қамоқ

1995 йилда Мўътабар Аҳмедовани қамоққа олишди. Ҳозирги кунларда кўраëтганимиз куч ва жаҳд билан эмас¸ балки бир оз ийманибгина ҳибс қилишди. Касал бир кампирни қамаëтганидан уялишдими¸ балки.

-Қиш¸ январ ойи эди. 12 январлар эди¸ шекилли. Уйда радикулит билан ëтсам¸ Собир Раҳимов тумани прокуратураси ходими Шуҳрат¸ фамилияси эсимда йўқ¸ кириб келди.

Ҳа¸ десам¸ “Мўътабар опа¸ сизни шаҳар прокуратурасига чақиришаяпти. 15 дақиқага бориб келсангиз” деди. “Шуҳрат кўраяпсизку¸ мен ўрнимдан тура олмай ëтибман. Сизни ҳам ëтиб кутиб олдим” десам¸ “Йўқ Мўътабар опа¸ нима бўлса ҳам боришингиз керак” деди.

Мен “Шуҳрат мен озгина белимни кўтариб олай. Мен юриб боролмайман. Сиз мени кўтариб олиб бормайсизку” дедим. Ҳа¸ майли¸ унда қачон борасиз¸ деди.

Мен “бу бел оғриғи бўлса¸ қачон биламан унинг оғриғи қачон тўхташини” дедим. Майли унда мен бир ҳафатдан кейин яна келаман¸ деди у. Мен “Майли келавер. Тузук бўлсам¸ бораман¸ бўлмаса йўқ” деб айтдим.

Шу билан у бир ҳафтадан кейин келди. Шуҳрат “Шу бугун бориб келмасангиз бўлмайди. Мени ишдан бўшатиб юборишади. Мен ўзим 15 минутда олиб бориб¸ олиб келаман” деди.

Мен уй кийимида эдим. Устимга пўстин ташладим¸ бошимга рўмол ўрадим. Шу билан шаҳар прокуратурасига кириб бордим. Киришим билан узун кабинетнинг нариëқ томонидан ўша пайтдаги шаҳар прокурори Эргаш Жўраев менга қараб “Я тебя упеку” деб дўқ қилди.

Мен ҳайрон бўлдим. Мен ҳайрон бўлиб¸ индамадим. Мен тўхтаганим йўқ. Индамасдан унга қараб юравердим. У ҳайрон бўлди. Мен унинг дўқ қилганига ҳам эътибор бермасдан¸ олдига бордим ва “Авваламбор¸ ассалому алайкум. Саломлашиш керак. Иккинчидан¸ мен аëл кишиман. Менга жой кўрсатинг¸ мен ўтираман¸ менинг белим оғрияпти” дедим.

Шу билан мен ўша куни соат 5 гача ўтирдим. Соат 5 дан кейин мени ГУВД га олиб бориб¸ 18 камерага ташлади. Икки кун ўтди. Аҳмедова бу ëққа қаранг¸ деб униси келади¸ Аҳмедова бу ëққа қаранг¸ деб буниси келади. Мен ҳайрон бўлдим. Бу 1995 йил 24 январда бўлган воқеа.

15 кун шу ерда ўтирдим ва ундан кейин Тоштурмага олиб кетди. Тоштурмада 3 ой 20 кун ўтирганимдан кейин мен иш билан танишишим керак бўлди. Тергов иши билан таништиришга менинг ëнимга шаҳар прокуратурасининг терговчиси Тоҳиров Мирзоҳид деган йигит келди.

Мен тергов иши билан танишаëтганимда Мирзоҳид менга: “Биласизми¸ сиз биргина гап учун кетаяпсиз”, деди. Мен бу ерда буни айтиб ўтмасам бўлмайди. Биринчи¸ иккинчи куни индамадим. Учинчи куни “Мирзоҳид¸ уч кундан бери шу гапни гапирасиз. Нима гап экан шу?” деб сўрадим. У менга “Сиз Каримовни қотил дегансиз” деди.

Мен секин бошимни кўтардим ва унга қараб “Мирзоҳид¸ қотилни қотил дейди¸ фоҳишани фоҳиша дейди. Нимага менга безрайиб қараб турибсиз? Бу сўзга бошқа синоним йўқ. У қотил” дедим. У ҳайрон бўлиб¸ нима қилишини билмади.

Мени шу билан олиб чиқиб кетишди ва машина ўғриларининг ичига ташлашди. Бир кундан кейин мени ура бошлашди. Мен ҳам уришиб кетдим ва шу билан бизни ажратишди¸ иккита жойим кўкарди. Шундан кейин мен бир ярим ой бошқа камерада ëтдим. Чунки калтак зарби кетиши керакку бадандан.

Ҳар ҳафта ҳаммомга олиб киришарди. Менинг устимдаги кўким кетгандан кейин Аҳмедов Ҳусан деган йигитни менга янги терговчи қилиб қўйишди. Мен 5 ой¸ 49 кун¸ 17 соат 50 минут ўтирдим. Мен суд залида 4 йилга жиноий жавобгарликка маҳкум этилдим ва ғалабанинг 50 йиллиги муносабати билан амнистия билан суд залидан чиқдим. Менга 132-модда қўйилган эди. Бу қанақа модда? Бу совет давридаги жиноят кодексининг иғво ëки туҳмат деган моддаси¸ дейди Мўътабар опа Аҳмедова.

Кишан кийма¸ бўйин эгма ки сен ҳам ҳур туғилғонсан

Олти ойдан кўп қамоқда ўтирган Мўътабар Аҳмедовага 4 йил қамоқ жазоси беришди¸ кейин амнистияга тушириб авф қилишди.

- Оллоҳга беадад шукурлар бўлсинки¸ Оллоҳ мени имонга чақирди. Аммо ҳар бир санада 24 март бўладими¸ 1 апрел бўладими¸ 16 феврал бўладими – шундай саналарда менинг эшигимнинг тагида қоровул ўтиради¸ дея ўз гапига якун ясади Мемориал инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўзбекистондаги ҳамкори¸ геология-минералогия фанлари номзоди¸ беш вақт номозни канда қилмайдиган муслима она Мўътабар опа Аҳмедова.
XS
SM
MD
LG