Линклар

Путин думага ҳисобот топширди


Россия Бош вазири Владимир Путин Давлат думасида молиявий бўҳрон шароитида мамлакат иқтисодини бошқаришга оид ҳукумат ҳисоботини топширди.

Владимир Путин ўз чиқишида мамлакат молия секторининг бўҳронга тортилиши муқаррар ҳодиса бўлгани¸ бироқ ушбу бўҳрон суръати ҳозирга келиб камайганини таъкидлади.

Путиннинг билдиришича, ҳукуматнинг 90 миллиард долларлик фавқулодда ёрдам режаси мамлакат иқтисодини қайта оёққа турғизиш ва молиявий бўҳрондан чиқишга хизмат қилади.

Бироқ Путинга кўра, давом этаётган глобал иқтисодий бўҳрон туфайли 2009 йилда россияликлар жиддий қийинчиликларга дуч келади.
Шунингдек, Бош вазир ушбу бўҳрон ҳали бери ортга чекинмаслиги тўғрисида огоҳлантирди.

Бундан ташқари¸ Украина газ транспорт тизимини ислоҳ қилишга оид ЕИ ва Украина ўртасида имзоланган келишувга тўхталган Путин, Россияни ушбу келишувдан чиқариб юбориш уринишлари самара бермаслигини таъкидлади:

- Россиянинг янги газ қувурлари ётқизиш лойиҳаларининг ҳаётга тадбиқ этилишидан ёки Россия экспорт салоҳияти ошишидан¸ албатта¸ жаҳонда ҳар ким ҳам манфаатдор эмас. Ишончимиз комил бу лойиҳалар иқтисодий тарафдан асосланиб, барча экологик талабларга жавоб беради ҳамда глобал энергетик хавфсизлик учун хизмат қилади. Яна бир бор таъкидлайман¸ Россияни бундай жараёнлардан четлатиш уринишлари ҳеч қандай самара бермайди, деди думадаги чиқишида Владимир Путин.
XS
SM
MD
LG