Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:21

Ваъда қилинган буюк келажак қани?


Технологик тараққиëт асрида яшаëтган бугунги ўзбекистонлик кўплаб ëшлар¸ ўз орзуларининг очилмай армонга айланаëтганини алам билан қайд этишмоқда.
Технологик тараққиëт асрида яшаëтган бугунги ўзбекистонлик кўплаб ëшлар¸ ўз орзуларининг очилмай армонга айланаëтганини алам билан қайд этишмоқда.

Ўзбекистонда президент Каримовнинг "Ўзбекистон - келажаги буюк давлат" шиори остида улғайган янги авлод¸ ўзининг оëққа туриши учун ҳам моддий¸ ҳам маънавий таянчдан мосуво ўсаëтганини айтмоқда.

Тошкентдаги “Ҳозиржавоб гуруҳ” фаоллари жорий йилнинг феврал-март ойларида Ўзбекистоннинг 6 вилояти ва Тошкент шаҳрида яшовчи ёшлар орасида сўров ўтказган.

“Ҳозиржавоб гуруҳ” фаоли Суҳроб Исмоиловга кўра, сўров натижасида Ўзбекистон ёшлари орасида ижтимоий ишонч руҳининг жуда паст эканлиги аниқланган.

- Ëшларимизда ўзлари ишонадиган¸ ҳар тарафдан таҳлил қилиб¸ ўйлаб чиқилган қадриятлар тизими мавжуд эмас.

Жамиятимизда ëшлар жуда бўлиниб кетган. Улар бир-бирларига ишонишмайди.

Биринчи навбатда¸ бирлашиш учун¸ ташаббусларини ўзлари бошлаб беришлари учун¸ амалга оширишлари учун¸ муаммоларини ечиш учун бир- бирларига ишонишмайди.

Иккинчи навбатда¸ ëшларимизнинг давлат ташкилотларига нисбатан, яъни “биз ëшларнинг вакилларимиз”, деб иддао қилаëтган ҳар хил жамоат ташкилотларига нисбатан ижтимоий ишончи жуда паст.

Шунингдек, ëшларимизга нисбатан маҳалла институтлари тарафидан¸ оила тарафидан турли босимлар ўтказилади. Бу институтларнинг тарбиявий аҳамиятини йўқота олмаймиз¸ лекин улар тарбия бериш билан бирга танқидий фикрлаш руҳини йўқотиш¸ ёшларни умумий рамкаларда ушлаб туришга эътибор қаратишади.

Яна уларнинг эътибори ёшларнинг алоҳида шахс бўлишига¸ эркин бўлишга интилиш ҳаракатларига йўл қўймасликка қаратилган бўлади, дейди Суҳроб Исмоилов.

Сўров иштирокчиларнинг 31 фоизи ҳаёт шафқатсизлиги ва шунинг учун ўз мақсадларига эришиш йўлида ахлоқий меъёрларни ҳам четлаб ўтишга тайёрликларини айтишган бўлса, 69 фоиз ёшлар бу фикрга қўшилмайди.

Улар “инсон астойдил ҳаракат қилса¸ ўз мақсадига албатта, етиши мумкин ва бу борада виждонга хилоф йўлларни тутиш шарт эмас”, деб ҳисоблайди.

Сўров натижаларига кўра, шаҳар ва қишлоқ ёшларига тенг имконият яратилмаган. Қишлоқ ёшларининг муаммолари шаҳарлик ёшларга нисбатан анча кўп.

Сўровда иштирок этган ёшларнинг 65 фоизи ҳаётда эркинлик энг асосий зарурат эканлигини таъкидлаган бўлсалар, 35 фоиз ёшлар эркинликдан кўра моддий манфатдорликни устун қўйишган.

Андижон шаҳрида яшовчи 19 ёшли Орифжон Аҳмедов моддий манфатдорлик тарафдори.

-Бундан беш-ўн йил олдин Ўзбекистондаги ҳаёт яхши эди. Бизнинг пешонамизга оғир ҳаëт ëзилган экан. Қийин бўлиб кетди. Ҳаëт оғир бўлгандан кейин ўқигинг ҳам келмайди. Шунинг учун мактабни 6-синфдан кейин ташлаб кетганман. Ҳозир мардикорлик қилиб пул топаяпман, дейди Орифжон Аҳмедов.

Хоразмлик 26 ёшли Марҳабо ҳам ҳаётда эркинликдан кўра моддий манфатдорликни устун қўйишини айтади.

- Минг эркинлик бўлгани билан чўнтагингда пулинг бўлмаса¸ ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

Пул бўлса¸ ҳамма нарсага эришса бўлади. Ҳамма орзуларингга фақат пул бўлсагина эришиш мумкин.

Оддий ўқишга кириб ўқиш учун ҳам пул керак. Ҳамма нарса пулга бориб тақалади, дейди Марҳабо.

Тошкент вилоятида яшовчи ўқитувчи Улуғбек Усмонов ёшларда моддий манфатдорликка қизиқишнинг кучлилиги сабабларини мана бу тарзда изоҳлади:

-Мен ёшларда моддий қизиқиш кучлилигини табиий, деб ўйлайман. Ҳозир техника асри бўлаяпти. Айниқса, мустақилликдан кейин Ғарб цивилизацияси бизга таъсир кўрсата бошлади. Моддий жиҳатдан ëшларимиз компютер¸ уяли алоқа телефонларга эга бўлишга қизиқади.

Собиқ совет даврида¸ ундан олдинги даврларда қадриятларимиз бошқача бўларди. Сабаби у даврларда классик китоблар¸ илгариги алломаларимизнинг китоблари кўп ўқитиларди.

Ҳозир эса ёшлар китоб ўқимайди, уларнинг маънавий савиялари етарли даражада эмас, деди Улуғбек Усмонов.

Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова эса ҳозирги ёшларнинг фаолиятидан қониқишини айтади.

-Ëшларга эътибор катта. Мен ўйлайманки¸ ҳозир истеъдодли ëшлар етишиб чиқаяпти. Ҳар хил соҳаларда ўзларини синаб кўришаяпти. Хориж давлатларида қанча иқтидорли ёшларимиз ўқияпти. Санъатда ҳам улар илғор. Мана, кўрик-танловлар бўлиб ўтаяпти. Ëшларимиз кўп совринларга эга бўлишаяпти, деди Гулчеҳра Жамилова.

Суҳроб Исмоилов эса ёшларга эркинлик бериш зарарлигини таъкидлар экан, ёшларга оид қонунларга ўзгартириш киритиш лозим деган фикрда.

-Бугунги кундаги умумий хулосамиз: ëшларимизга биринчи навбатда эркинлик етишмайди. Бу жамият даражасида эмас¸ ҳатто давлат сиëсати даражасида.

1991 йилда қабул қилинган давлатнинг ëшларга нисбатан сиëсати деган қонун анча эскириб қолган. Уни қайта кўриб чиқиш керак.

Давлат миқëсида ëшларни қандай қилиб жамиятда етакчи кучга айлантиришга¸ уларга қандай қилиб эркинлик беришга¸ қандай қилиб ëшларни танқидий фикрлашга ўргатишга қаратилган дастур қайтадан қабул қилиниши керак.

Ёшлар билан шуғулланадиган алоҳида бир давлат органи бўлиши керак. Бизда ҳозир шунақа камчиликлар кўзга ташланяпти, дейди Суҳроб Исмоилов.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги 27,5 миллионлик аҳолининг 60 фоизини ёшлар ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG