Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:34

Мухолиф нашрлар яна ҳужумга учради


Қозоғистонлик интернет фойдаланувчилари мустақил нашрларнинг сайтларига кира олмаётирлар.
Қозоғистонлик интернет фойдаланувчилари мустақил нашрларнинг сайтларига кира олмаётирлар.

Қозоғистондаги мустақил сайтларга уюштирилаётган хакерлик ҳужумлари расмий Остонанинг ўзига мақбул бўлмаган ахборот воситалари фаолиятини чеклаш уриниши сифатида баҳоланмоқда.

Жума куни Қозоғистондаги мухолифатдаги бир қатор газеталар интернет сайтларига такроран DDOS ҳужуми уюштирилди.

Аниқланишича, ҳозир бу нашрларнинг мамлакат ичидаги ва хориждаги муштарийлари сайтга кириш имконидан буткул маҳрумлар.

Биз жума кунидан буён интернет сайтига ҳужум уюштирилаётган мухолифатдаги “Республика” газетаси бош муҳаррири Анастасия Новикова билан боғландик:

- Россия-Қозоғистон интернет нашри бўлмиш ахборот-таҳлилий “Республика” портали тўсиб қўйилди.

Жума куни эрта тонгдан бошлаб порталга кучли DDOS ҳужумлар уюштирила бошланди.

Афсуски, портал ҳозиргача фаолият юритмаяпти, сабаби ускуна ҳужумчилар томонидан юборилаётган катта миқдордаги сўровларни қабул қилолмаяпти, дейди Анастасия Новикова.

Март ойида ҳам Қозоғистондаги мустақил газеталар интернет сайтларига DDOS ҳужумлар уюштирилган эди.

Ўшанда кўплаб электрон оммавий ахборот воситалари раҳбарлари Қозоғистон Бош вазири Карим Масимовга мурожаат қилиб, бундай ҳужумларнинг олди олинишига кўмак беришини сўрагандилар.

Бунга жавобан бош вазир масалани ҳал этишга ҳаракат қилиши, бироқ бу муаммога сиёсий тус берилмаслигини айтган эди.

Аммо “Республика” газетасининг бош муҳаррири бу ҳужумларга сиёсий тус берилиши лозим, деб ҳисоблайди:

-Уюштирилаётган DDOS ҳужумлар жуда катта маблағ талаб қиладиган иш. Ўйлашимча, кимдир бизнинг одатдаги режимда ишлашимизни истамаяпти.

Бу DDOS ҳужумлар биз чоп этаётган мақолалар билан боғлиқ, шу боис, ҳукумат буни истайдими ёки йўқми, биз бу масалага сиёсий тус беришга мажбурмиз, деди “Республика” газетасининг бош муҳаррири Анастасия Новикова.

Бундан аввал ҳукумат ва “Қозоқтелеком” компаниясининг вакиллари, электрон оммавий ахборот воситаларига нисбатан уюштирилаётган DDOS ҳужумлар хорижлик хакерлар томонидан амалга оширилаётгани эҳтимоли катталигини билдиришган эди.

Аммо “Одил сўз” нодавлат ташкилоти раҳбари Тамара Калеева бундай нуқтаи назарга қарши фикр билдиради:

- Нега энди бу DDOS ҳужумлар машҳур ва мустақил нашрлар сайтларига нисбатан уюштирилмоқда? Нега бу вақтда бошқа сайтлар тинчгина ўз фаолиятини давом эттираяпти, дейди ҳукумат вакиллари фикрига муносабат билдирган Тамара Калеева.

Унинг айтишича, Қозоғистондаги мустақил ва мухолифатдаги оммавий ахборот воситалари сайтларига уюштирилаётган DDOS ҳужумлар буюртмачиси қозоқ ҳукуматидир.

Тамара Калеева фикрича, қозоқ ҳукумати ЕХҲТга раислик қилиш арафасида мустақил ва мухолифатадаги электрон матбуот фаолиятига буткул тўсиқ қўйишга журъат этолмайди.

“Шу сабабли ҳам ҳукумат ўзи учун номақбул бўлган мақолалар чоп этилган тақдирда, газета сайтларига DDOS ҳужумлар орқали тўсиқ қўйиш билан чекланди”, деб ҳисоблайди Тамара Калеева.
XS
SM
MD
LG