Линклар

Газ пули йиғишнинг жиззахча усули

  • Сарвар Усмон

Ҳоким қарорига мувофиқ¸ маҳалласи газ учун қарздор бўлган маҳалла раисларининг уйларида газ кўзи ëнмай қолди.

Ҳоким қарорига мувофиқ¸ маҳалласи газ учун қарздор бўлган маҳалла раисларининг уйларида газ кўзи ëнмай қолди.

Ҳатто совет коммунистлари хаёлига келмаган бу усул Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки 20 йиллик тарихига кириб бўлди. Газ пули йиғишнинг жиззахча усули бундан 9 кун муқаддам ўйлаб топилди.

Бу усул муаллифининг Жиззах вилоят ҳокими Маҳмуд Холбўтаев экани айтилмоқда.

Жаноб Холбўтаев коммунистча маъмурий буйруқбозлик усулини такомиллаштирди.

Жиззах ҳокими маҳалласи газ пулини вақтида тўламаётгани учун маҳалла раислари хонадонлари газ қувурларини кесиб ташлашга буйруқ берди.

"Жиззахтумангаз" корхонаси ходими бу хабарни тасдиқлади.

Озодлик: Бу “Жиззахтумангазтаъминот”ми?

- Ҳа.

Озодлик: Аҳолидан газ пулини тўплаб бермагани учун маҳалла оқсоқолларининг гази узиб ташланаяпти экан. Шу гап ростми?

- Ҳа¸ шундай.

Озодлик:
Бу жуда қизиқ чораку.

- Ҳа.

Озодлик: Нима учун маҳалла оқсоқолининг газини кесиш керак?

- (кулиб) Билмадим¸ энди юқоридан бўлган нарса бўлса керакда.

Озодлик: Мана сиз менинг саволимни эшитиб кулаяпсиз. Ўзи бу кулгили иш тўғрими?

- Ҳа¸ шундай.

Озодлик: Юқоридагилар нимага бунақа қарорлар қабул қилади?

- Мен ҳам ҳайронман. Сизнинг бу саволингизга мен жавоб бера олмайман.

Озодлик: Аҳолининг қарзи кўпми?

- Ҳа¸ кўп.

Озодлик: Рақамлар билан айтиб бера оласизми?

- Йўқ¸ уни айта олмайман.

Саволларимизга "Жиззахтумангаз" корхонаси ходими жавоб берди.

Коммунал хизматлар ҳақларини ундириш, хабарларга қараганда, шу кунда Жиззахда ҳаёт-мамот масаласига айланган. Бу масалага бағишланган селектор йиғилишилари ҳар куни кечқурун ўтказилади. Уларни кўпинча вилоят ҳокимининг ўзи ўтказади.

Маҳалла раислари хонадонлари газ қувурларини кесиб ташлаш тўғрисидаги тарихий фармойиш 29 март кунги селектор йиғилишида берилди, деб хабар қилди жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Маъмуржон Азимов.

- 29 март куни кечқурун бўлган селекторда шахсан вилоят ҳокимининг ўзи иштирок этиб¸ коммунал тўловлар бўйича Жиззах тумани етарли пулни йиғиб бермаганлиги¸ яъни планни бажармаганлиги учун Жиззах вилоят ва туман газ бошқармасига ҳар битта фуқаролар йиғини раислари ва маҳалла раисларининг уйига уланган газ трубаларини кесасизлар¸ деган топшириқ берилган¸ дейди Маъмуржон Азимов.

Газ сотувчи корхоналар вилоят раҳбарининг фармойишини оғишмай бажаришга киришди.

30 март эрталабданоқ туман газчилари маҳалла раисларини жазолашни бошлади.

Жазоланганлардан бири Маъмуржон Азимов яшайдиган маҳалла раисидир.

- Эрталаб газ таъминоти ходимлари келиб “Ака¸ бизга шунақа топшириқ берилган¸ биз ҳар битта маҳалла раиси ва фуқаролар йиғини раисларининг газ трубаларини узиб чиқишимиз керак экан. Шунинг учун уйингиздаги газнинг трубасини узгани келдик” дейишган.

Энди у ерда ҳазил-мутойиба гаплар бўлган. Раис “Илтимос узмай тутинглар. Мен ўзим шу масалани ҳал қиламан” дегандан кейин “Ака¸ бу каттанинг топшириғи. Биз бажармасак бўлмайди”¸ деб газ таъминоти ходимлари раиснинг уйидаги газ трубасини узиб кетишган¸ дейди Маъмуржон Азимов.

Маҳалласи газ пулини тўламагани учун бу қадар жазоланаётган экан, маҳалла раиси ким ўзи?

Агар маҳалласидан бирон-бир "бетини ювмаган экстремист" чиқиб қолса, раисни эшакка тескари миндириб сазойи қиладиларми?

Шу ва шунга ўхшаш саволларимизни жиззахлик маҳалла раисларидан бирига бердик.

Суҳбатдошимиз гази узилмаган раислардан.

- Мана ¸белгиланган қўлланма китобларимиз бор. Маҳалланинг раиси фуқароларнинг тинчлиги¸ осойишталиги¸ мана бу бўлаëтган нарсалар ободончилик нарсаларга киради. Камбағалларга ëрдам бериш. Шу қилаëтган ишлари.

Озодлик: Камбағалларга қандай қилиб ëрдам берасизлар?

- Битта-яримта ўзига дуруст¸ дадил хонадонлар бор. Ўшаларга “Илтимос¸ мана шу хонадонга ëрдам беришингизни сўраймиз”¸ деб қоғоз қилиб¸ қоғоз билан юборамиз. Улар келиб ëрдам беради.

Озодлик: Демак¸ қўлида бордан олиб¸ қўлида йўққа берасизлар.

- Ўзимиз олмаймиз¸ ўзлари олиб бориб беради.

Озодлик: Аҳолининг ҳар хил коммунал тўловлардан қарзларини йиғиб бериш ҳам сизларнинг вазифаларингизми?

- Биз қарздорларнинг уйига бориб¸ улар билан тушунтириш ишлари олиб борамиз.

Озодлик: Йиғиб бериш сизнинг маҳалла раиси сифатидаги вазифангизга кирадими ëки кирмайдими?

- Йўқ¸ кирмайди.

Озодлик: Бу сизларнинг вазифаларингизга кирмаса¸ ҳоким нима учун газларингни кесишга буйруқ берди?

- (кулиб) Уни билмадим энди.

Жиззахдаги маҳаллалардан бирининг раиси саволларимизга жавоб берди.

"Жиззахгазтаъминот" вакили ҳам боя кулган эди.

Мана энди маҳалла раиси кулиб ўтирибди.

Газ пулини йиғиб топшириш нақадар муҳим масала эканлигини наҳотки тушунмаётган бўлсалар?!

Кези келганда, кулонғич маҳалла раисларининг мафкуравий чаласаводлигига тунни тонгга улаб¸ селектор йиғилишилари ўтказаётган ҳокимлар эътиборини жалб этмоқчимиз.

Озодлик саволларига жавоб берар экан, маҳалла раиси “Камбағалларга ëрдам бериш” деворди.

Ўзбекистонда, биринчидан, камбағаллар йўқ – кам таъминланганлар бор.

Иккинчидан, раислар ўша кам таъминланганларнинг газдан қарзини бойлардан ундириб берса бўлмайдими?!

Нима қилиб юришибди, шунчалик ишга ярашмаса?!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG