Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:17

Путин ҳисоб берди


Ҳисоботи давомида Путин¸ ўз президентлиги даврида бошланган иқтисодий сиëсат сабаб¸ Россия молиявий-иқтисодий бўҳроннинг энг қаттиқ зарбаларидан омон қолганини таъкидлади.
Ҳисоботи давомида Путин¸ ўз президентлиги даврида бошланган иқтисодий сиëсат сабаб¸ Россия молиявий-иқтисодий бўҳроннинг энг қаттиқ зарбаларидан омон қолганини таъкидлади.

Қарийб бир йилдан бери Россия ҳукуматига етакчилик қилаëтган Бош вазир Владимир Путин¸ душанба куни Давлат думасига биринчи бор иқтисодий вазият тўғрисида ҳисоб берди.

Мустақил мутахассислар¸ глобал молиявий бўҳрондан дунë миқëсида энг катта зиëн кўрган Россия эканини таъкидлаëтган бир пайтда¸ Бош вазир Путин дума олдида кўтаринки руҳда чиқиш қилди.

Ҳукуматнинг бўҳронга қарши қабул қилган дастурига тўхталган Путин¸ бу дастур туфайли Россияда инқироздан чиқиш даври бошланганини таъкидлади.

- Бизнинг бўҳронга қарши тезкор чораларимиз натижаси нима бўлди? Биз энг ëмон башоратлар амалга ошишига чап беришга муваффақ бўлдик. Бўҳрондан туғилган зарба кучи¸ имкон борича¸ юмшатилди. Иқтисодимиз¸ нафақат ўз яшовчанлиги¸ балки янги ва мураккаб шароитда ҳам ривожланишга қодирлигини кўрсатди¸ деди Путин ўз кўтаринки нутқида.

Ўтган май ойида Россия Бош вазири этиб тайинланганидан бери илк бора Давлат думасига ҳисоб берган Путин¸ бир соатлик маърузасида жорий бўҳрон ҳукуматни узоқ муддатли аввалги режалардан чалғитмаслигини таъкидлади.

Унга кўра¸ ҳукуматнинг банк тизимини қўллаш учун сарфлаган маблағлари сабаб¸ фуқароларнинг банклардаги омонати кафолатланган ва банклар яна қарз бера бошлаган.

Ҳукумат¸ Марказий банк ва ижроия ҳокимиятининг барча бўғинлари вазиятни мунтазам назорат қилаëтганини айта туриб¸ лозим бўлган жой ва маҳалда уларнинг бари тезкор ҳаракатга шайлигини некбин бир оҳангда қайта-қайта такрорлади.

Аммо Бош вазирнинг бундай кўтаринки баëнотлари¸ ҳаммани ҳам ўзига ишонтира олмади.

Хусусан¸ Путин нутқидан сўнг сўзга чиққан Россия коммунистлари етакчиси Геннадий Зюганов¸ бир неча вазир¸ жумладан Молия вазири Алексей Кудрин истеъфосини талаб қилди.

Бундай талабларга бўйин эгмаган Бош вазир¸ ўз кабинетидаги вазирларнинг барчасига ишониши ва ҳозирда асосий диққатни бўҳрондан чиқиш¸ ҳамда иқтисодни ривожлантиришга қаратажагини билдирди.

- 2009 йил биз учун жуда оғир бўлади. Бундан бир неча кун аввал бюджетнинг янги лойиҳаси Давлат думасига жўнатилди. Биз ҳукуматнинг бўҳронга қарши дастурини чоп этдик ва бу иккала ҳужжатда бизнинг маъсулиятли ва реалистик ижтимоий-иқтисодий сиëсат борасидаги ëндашувимиз акс этган.

Бу икки ҳужжат марказида эса¸ бўҳронда қарши тадбирлар билан узоқ муддатлик лойиҳалар ўртасида имкон қадар мувозанат сақлаш мақсади ëтибди. Мақсад¸ фақат ўзимизни ҳимоя қилиш эмас¸ балки янги ва самаралироқ иқтисод бунëд қилишдир¸ деди Владимир Путин.

Давлат думасига мамлакатнинг ҳозирги иқтисодий аҳволи ва ҳукуматнинг келажак режалари ҳақда ҳисоб берган Бош вазир¸ айни пайтда¸ думадаги тўрт партия вакиллари олдиндан ëзма тарзда топширган савол¸ шунингдек маърузадан сўнг оғзаки шаклда берилган учтадан саволга ҳам жавоб берди.

Давлат думасининг¸ асосан¸ Путин тарафдорлари тўпландиси экани инобатга олинса¸ бу саволлар орасида Бош вазирни ноқулай ҳолга соладиганлари бўлмаганини тушуниш қийин эмас.
XS
SM
MD
LG