Линклар

Инфляция даражаси сир тутилмоқда

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон бозорларида нарх арзонласа¸ буни ўз сиëсати маҳсули дея баҳолайдиган президент Каримов¸ негадир бозорда нарх қимматлаши учун маъсулиятни зиммасига олишга ошиқмайди.

Ўзбекистон бозорларида нарх арзонласа¸ буни ўз сиëсати маҳсули дея баҳолайдиган президент Каримов¸ негадир бозорда нарх қимматлаши учун маъсулиятни зиммасига олишга ошиқмайди.

МДҲ халқаро статистика қўмитасига кўра, январ ва феврал ойларида ҳамдўстликдаги инфляция ўртача 14 фоизни ташкил қилган. Лекин бу қўмита Ўзбекистондаги инфляция даражаси ҳақда маълумот бера олмади.

Ўзбекистон давлат Статистика қўмитасининг Молия ва нархлар бошқармаси бошлиғи Нина Бергачова ҳам МДҲнинг халқаро статистика қўмитасида бундай маълумотлар бўлмаслигини табиий ҳолат деди:

- Тўғри, бизда ҳам инфляция бор. У ҳисоблаб чиқилаяпти. Лекин бизда МДҲнинг статистика қўмитаси билан ахборот алмашинуви йўқ, дейди Нина Бергачова.

Инфляция даражаси ҳақидаги маълумотларни бизга беролмайсизми, сўраймиз бошқарма бошлиғидан:

- Йўқ, айтмайман. Телефон орқали бундай маълумотни бермайман, деди Нина Бергачова.

Ўзбекистондаги инфляция даражаси ҳақидаги расмий ва норасмий маълумотлар орасида ер билан осмонча фарқ бор. Президент Ислом Каримов янги йил табригида 2008 йилда инфляция даражаси Ўзбекистонда 6, 8 фоизни ташкил қилди, деб айтди.

Март ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида эса, президент республикадаги барча муваффақиятлар, халқнинг яхши яшаши ортида ҳукумат турганини мақтаб ҳам қўйди:

- Бозоримизда нима учун бугун гўшт арзон¸ сут маҳсулоти арзон? Халқимиз бозорга чиққанда шуни кўриб¸ яна қиш пайтида¸ гўшт¸ сут маҳсулотлари¸ картошка¸ сабзавот маҳсулотларни қишда доим топаяптию. Лекин у ëғини ўйламайдики¸ бу осмондан тушмайди¸ ойдан тушмайди.

Бунинг устида ишлаш керак. Бир йил эмас¸ кўп йил ишлаш керак. Бунга тайëргарлик кўриш керак. Гўшт¸ сут қаердан пайдо бўлади? Молни боқмасдан¸ қаердан бу маҳсулот бозорда пайдо бўлади? Ўйланглар шуни. Бунга бизлар қачондан бери тайëргарлик кўраяпмиз¸ деган эди Каримов.

Тошкентлик Шавкат Усмонов эса бундай гаплардан¸ фақат энсаси қотишини айтар экан, Ўзбекистонда ҳеч қачон инфляция даражаси ҳақида аниқ маълумот берилмаслигини таъкидлайди:

- Бунақа гапларни эшитавериб бизнинг асабларимиз¸ қонларимиз бузилиб бўлган. Буни тушунган одам тушунади¸ фарқига бормаган одам тушунмайди. Буни тушунган одамларнинг қони жуда бузилади. Энди буни ҳатто тушунадиган одамлар ҳам қоғоз қалам олиб¸ айтганидай фоизлар даражасига олиб бориб ҳисоблаш чиқиш жуда қийин.

Менимча¸ давлат тепасида ўтирганлар ҳам аниқ бир сонни ëзишдан олдин 10-15 марта ўйлаб ëзса керак. Оддий халқда бу процентни ҳисоблашнинг умуман иложи йўқ. Бунинг фарқига бора олмайди.

Кўпчилик халқнинг бунақа нарсага ақли етмаганидан фойдаланиб¸ минбарга чиқиб бу бунча фоиз¸ у бунча фоиз деган гап-сўзлар бўлаверади. Тепадагилар буни аниқ сон билан халқ тушунадиган қилиб гапира олмайди¸ дейди Шавкат Усмонов.

Унинг фикрича, оддий ўбекистонлик балки, инфляция ўзи нима эканини ҳам билмас, лекин у энди бозорга кўпроқ даста-даста пул кўтариб боришини яхши билади. Йилдан-йилга ўзбек сўмининг қадри тушиб кетаётганини яхши билади.

Ҳукумат бошлиқлари эса оддий бир нарсани, яъни олинаётган реал маошга қанча харажат қилиш ҳақидаги информацияни яшираётганини яхши билади:

- Агар мана шу вариант билан гапирса эди¸ оддий халқ тушунган бўларди. Агар бу тарзда гапирадиган бўлса¸ ғала-ғовур бўлиб кетади. Халқ тушунмайдиган вариантда гапиргани учун халқ жим ўтираверади¸ дейди Шавкат Усмонов.

www.ferghana.ru интернет сайтининг ёзишича, Ўзбекистонда коммунал хизматлар учун тўловлардаги инфляция ўтган бир йил давомида 43 фоизни, кир ювиш кукуни, совун, шампун сингари истеъмол молларига 54 фоизни ташкил қилган.

Оддий АИ-80 бензини эса 700 сўмдан 1100гача қимматлаган.

Жамоат транспортида эса инфляция даражаси 60 фоизга ўсган. Яъни йўлкира ҳақи 250 сўмдан 400 сўмгача кўтарилди.

Кузтувчиларнинг айтишларича, ўтган йилнинг охирларига бориб, баъзи маҳсулотларга нархлар бир мунча ташлади, лекин ҳозир яна аста-секин кўтарилмоқда.

- Гўшт маҳсулотлари ўтган йил 5000-5500 сўм эди. Ҳозир эса 6500 сўм. Ҳар бир килосида 1000 сўм қиммат. Рўзғорбоп картошкани ўтган йил уч килосини 1000 сўмга олган пайтларимиз ҳам бўлган. Бу йил энг ками 450-500 сўм¸ дейди Шавкат Усмонов.

Унинг айтишича, токи Ўзбекистон ҳукумати пулнинг қадрсизланишини тан олмас экан, инфляция даражасга оид ахборот шаффофлигини таъминламас экан, мамлакатдаги иқтисодий танглик бундан баттар бўлиб бораверади.
XS
SM
MD
LG