Линклар

Обама:"АҚШ Ислом душмани эмас!"

  • Абдулла Искандар

Анқара сўзлашуви ниҳоясида Туркия ва АҚШ президентлари икки мамлакат ўртасидаги иттифоқчиликни янада кучайтиришга аҳд қилишди.

Анқара сўзлашуви ниҳоясида Туркия ва АҚШ президентлари икки мамлакат ўртасидаги иттифоқчиликни янада кучайтиришга аҳд қилишди.

Океан ортига қилган илк сафарини Истанбулда тугатаëтган АҚШ президенти Туркияни мусулмон дунëсидаги энг яқин ҳамкорига айлантириш ниятида эканини очиқ баëн қилди.

АҚШ президенти Барак Ҳусайн Обама икки кунлик сафар билан Туркияга ташриф буюрди. Бу АҚШ президентининг аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил этадиган давлатга илк сафаридир.

Сафар тафсилотлари ҳақдаги тафсилотларни Анқарадан мухбиримиз Муҳиддин йўллади:

- Барак Ҳусайн Обама бугун Прагадан Анқарага учиб келди. Айтиш жоизки¸ Анқарада хавфсизлик чоралари жуда ҳам қаттиқ кучайтирилган. Анқарадаги Эсенбўға аэропортидан марказдаги Шератон меҳмонхонасига қадар автомобил ҳаракати тўхтатиб қўйилди.

Шератон меҳмонхонаси Обама ва унинг делегацияси учун бўшатиб қўйилди. Бутун бошли меҳмонхона Обама ихтиëрига берилди.

Эрталаб ўз иш кунини Обама Туркия жумҳуриятининг асосчиси Мустафо Камол Отатурк қабрини зиëрат қилиш билан бошлади. У ердаги фахрий меҳмонлар китобига Американинг 44 президенти сифатида Обама “Америка ва Туркия ўртасидаги муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига¸ давлатлар ўртасидаги алоқалар ривожига ҳисса қўшишга сўз бераман” деб ëзди.

Шундан кейин Обамани Чанкая кўшкида Туркия президенти Абдуллоҳ Гул қабул қилди. Музокаралар тугагач¸ Обама Туркия Буюк Миллат Мажлисига борди. У ерда Обама Буюк Миллат мажлис раиси Кўксол Тўптон тарафидан кутиб олинди. Кўксол Тўптон билан кечган мулоқотдан сўнг Обама мухолифат партиялар лидерлари билан учрашди.

Кейин эса Буюк Миллат Мажлисида Обама нутқ сўзлади. Нутқи давомида Обама Туркия-АҚШ муносабатларининг муҳимлигини урғулади ва бундан кейин икки давлат ўртасидаги муносабатларда катта ўзгаришлар бўлишига сигнал берди.

У Ислом олами ва Туркия билан алоқаларнинг янгидан кўриб чиқилишини таъкидлади. Кейин Обама Туркия бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон билан учрашди.

Яна бир жиҳат шундаки¸ Обамага норози кайфиятда бўлганлар Туркия Буюк Миллат Мажлиси олдига келиб намойиш ўтказишди. Бу намойишчилар турк полицияси томонидан куч ишлатиш йўли билан тарқатиб юборилди¸15 нафар намойишчи ҳибсга олинди.

Шундан кейин Обама Истанбулда бошланган "Маданиятлар иттифоқи" форумида иштирок этиш учун жўнаб кетди¸ деб хабар берди Анқарадаги мухбиримиз Муҳиддин.

Айни пайтда Обаманинг Туркияга ташрифи оз бўлса ҳам ўз мавқеини йўқотаëтган амалдаги ҳукумат учун айни муддаодек кўринмоқда. Туркиялик сиëсий арбоб¸ собиқ Давлат вазири Аҳад Андижоний Обаманинг ташрифи сабабларидан сўз очади.

Аҳад Андижоний: Обаманинг Туркияга ташрифида Туркия раҳбарияти билан кўриб чиқиладиган бир нечта масала бор.

Биринчидан¸ Буш даврида бузилган Туркия-АҚШ муносабатларини тиклаш.

Иккинчидан¸ Обаманинг жорий йилдаги нияти Ироқдан АҚШ қўшинларини ва қуролларини олиб чиқиб кетиш ва АҚШ раҳбарияти бу ишни Туркия орқали қилишни хоҳлаяпти. Бу тўғрида балки Туркия ҳукуматидан ëрдам талаб қилар.

Учинчи масала эса¸ Туркия-Арманистон алоқалари. Чунки Обама сайловдан олдин арманилар кўтарган геноцид иддаосини қабул қилишини айтган эди. Агар ҳозирги вазиятда Обама буни қабул қиладиган бўлса¸ АҚШ-Туркия алоқалари бутунлай барбод бўлади.

Обама буни қила олмайдиган бўлгани учун Арманистон билан чегараларни очиш¸ дипломатик ва савдо-сотиқ алоқаларини қайтадан тиклашни Туркия ҳукумати ўз хоҳиши билан амалга оширишини таъминламоқчи. Менимча¸ Анқарада бу масалани ҳам кўтаради.

Яна битта масала¸ бу Афғонистон-Туркия алоқалари. Обаманинг ниятларидан биттаси Афғонистондаги НАТО ва ЕИ кучларини кўпайтириш. У мусулмон давлат сифатида Туркиянинг Афғонистондаги таъсири баланд эканлигини билгани учун Туркиядан қўшин ва қурол киритишни талаб қилаяпти.

Обама Прагада қилган нутқида Туркиянинг ЕИга аъзо бўлиши кераклиги ҳақида ҳам айтди. Бу Туркия раҳбарияти ва халқи орасида Обамани қўллаб-қувватлайдиган атмосфера ҳосил қилди. Агар Обама бу ниятларини амалга ошира олса¸ Туркия ва АҚШ ўртасидаги алоқалар янгидан тикланган бўлади. Албатта¸ бунинг ҳозир амалдаги ҳукуматда бўлган “Адолат ва тараққиëт партия”сига фойдаси бўлади.

Озодлик: Охирги сайловда бу партия аввалгига нисбатан кам овоз олди. Обама жаноблари бўшашиб қолган партияни қўллаб-қувватламаяптими?

Аҳад Андижоний: Бу амалга ошади¸ агар Обаманинг ниятларига мос келадиган ишлар амалга ошириб билинса. Бу ишларнинг амалга ошиши ҳам осон эмас.

Менинг фикримча¸ Обама Туркияга “Адолат ва тараққиëт партия”сини қўлланг ëки унга фойдали бўлсин¸ деб бир нарса олиб келмаяпти.

Унинг нияти АҚШ-Туркия муносабатларининг орқасидан АҚШга фойда келтириш. Мен унинг бирор бир партияни кучайтириш орзуси борлиги тўғрисида ўйламаяпман.

Озодлик: Анқара ва бошқа шаҳарларда “Даф бўл¸ Обама” деган шоир кўтарган гуруҳлар кўрсатилди. Кимлар булар?

Аҳад Андижоний: Булар бор ва доим бўлади. АҚШнинг ўзида ҳам референдум қилсангиз¸ халқнинг маълум бир қисми раҳбариятга қарши бўлади. Туркияда ҳам халқнинг 30-40 фоизи АҚШга ва унинг амалга оширадиган сиëсатларига қарши.

АҚШнинг Ироқда олиб борган уруши мусулмон бўлган турк халқининг ичида АҚШга қарши бўлганларни яна ҳам кўпайтирди. Шунинг учун бунақа шиорлар билан чиқиш табиий бир нарса.

Озодлик: Обама тарафдорлари ҳам борми Туркияда?

Аҳад Андижоний: Бор бўлса ҳам¸ улар кўчага чиқиб шиор кўтаришмайди.
XS
SM
MD
LG