Линклар

Мухолифат Бакиевни сайловдан четлатмоқчи


Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев ўз соғлиғи ёмонлашгани тўғрисидаги миш-мишлар асоссиз эканини исботлаш мақсадида шанбаликда белкурак ушлаб ер ағдарди.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев ўз соғлиғи ёмонлашгани тўғрисидаги миш-мишлар асоссиз эканини исботлаш мақсадида шанбаликда белкурак ушлаб ер ағдарди.

Қирғизистон мухолифатининг бир қисми президент Қурмонбек Бакиевни 2009 йил 23 июлида ўтадиган навбатдаги президентлик сайловларидан четлатиш ниятида эканини эълон қилди.

Қирғизистондаги ўнга яқин мухолифат партиялари ва ҳаракатларни бирлаштирган Бирлашган халқ ҳаракатининг 6 апрел куни ўтган йиғилишида шундай қарор қабул қилинди.

Бирлашган халқ ҳаракати штаби бошлиғи Азимбек Бекназаровнинг айтишича, Қурмонбек Бакиев президентлиги даврида мухолифатга нисбатан босимлар ва таъқиблар кучайган.

Мухолифат раҳбарларидан бири Аликбек Жекшенқулов қотилликда гумон қилиниб қамоққа олинган, генерал Исмоил Исақов ва унинг ўғлига нисбатан жиноят ишлари очилган.

Азимбек Бекназаров шунинг учун ҳам мухолифат Қурмонбек Бакиевнинг яна бир муддат президент бўлишига йўл қўймаслиги керак, деб ҳисоблайди.

- Сайловгача еткизмасдан масалани ҳал этишимиз шарт. Унинг сайловда иштирок этишига йўл қўймай¸ йўқ қилишимиз керак, деди Азимбек Бекназаров.

Мухолифат лидери “сайловгача еткизмай йўқ қилишимиз керак” деганда, Қурмонбек Бакиевни истеъфога чиқишга мажбур қилиш лозимлигини назарда тутди. Мана шу мақсадда мухолифат 20 апрелдан бошлаб “Бакиевсиз сайлов” шиори остида муддатсиз намойишлар ўтказишни режалаштирган.

Бирлашган халқ ҳаракати сиёсий кенгаши аъзоси Топчубек Турғуналиевга кўра, Бакиевни сайловда иштирок этишдан четлатиш принципиал масаладир:

- Сайловгача Бакиевни истеъфога чиқара олмасак, сайловлар натижаларининг сохталаштирилишига йўл очиб берган бўламиз.

Чунки Бакиевнинг сайловдаги иштироки сайлов адолатсиз ўтди, деган маънони англатади, деди Топчубек Турғуналиев.

Айни пайтда¸ қирғиз парламентидаги мухолифатчи депутатлар президент Бакиевнинг саломатлиги масаласини кўтармоқдалар.

Депутат Роза Ўтунбаева парламент раисига президентнинг саломатлиги тўғрисида аниқ маълумотлар берилиши шартлиги тўғрисида талабнома жўнатган.

Парламентдаги мухолифатчи депутатларга кўра, агар Қурмонбек Бакиевнинг соғлиғи ҳақиқатан ҳам ёмон бўлса, уни сайловда иштирок этишдан маҳрум қилиш лозим бўлади.

Мухолифатдаги “Ота макон” партияси раиси Ўмурбек Текебаев эса Қурмонбек Бакиев навбатдаги сайловда иштирок этмайди, деб ҳисоблайди.

- Бакиевнинг ўзи сайловда қатнашмайди ва президентликка ўз ворисини ўтказади. Чунки Бакиевнинг сайловда иштирок этишига унинг соғлиғи ва халқ орасидаги обрўси жуда тушиб кетгани тўсқинлик қилади, деди Ўмурбек Текебаев.

Бироқ президент Қурмонбек Бакиев ўз саломатлиги ёмонлашгани тўғрисидаги хабарлар асоссиз эканини айтди.

Тўқмоқ ўрмон хўжалигидаги шанбаликда белкурак ушлаб бир неча соат ер ағдарган президент Бакиев¸ журналистларга соғлиғидан шикоят қилмаслигини айтди:

- Менинг соғлиғим жуда яхши. Мен Худога минг марта шукур келтираман, мана шундай соғлом бўлганим учун.

Бир оз шамоллаб, икки –уч марта йўталиб қўйсанг¸ одамлар дарров “президентнинг соғлиғи ёмон экан”, деб миш-миш тарқатганига ҳайрон қоламан, деди президент Бакиев.

Иқтидордаги “Оқ йўл” партияси эса мухолифатнинг президент Бакиевни сайловдан четлатиш уринишлари натижа бермаслигини билдирмоқда.

“Оқ йўл” партиясидан парламент депутатлигига сайланган Ибрагим Жунусовнинг айтишича, “партия қурилтойида Қурмонбек Бакиевнинг номзоди президентликка кўрсатилади”.

Айни пайтда қирғиз мухолифати шу кунгача 23 июлда ўтадиган президентлик сайловларига ягона номзод кўрсатгани йўқ.

Бу сайловда иштирок этиши кутилган “Ор-номус” партияси раиси Феликс Қулов ҳамда мамлакатдаги энг обрўли мухолифатчи Ўмурбек Текебаев ўз номзодларини президентликка кўрсатмасликларини маълум қилганлар.

Бирлашган халқ ҳаракати штаби бошлиғи Азимбек Бекназаровнинг айтишича, мухолифатдан ягона номзод кўрсатиш масаласи 15 апрелгача ҳал этилади.

Айни пайтда¸ мухолифат лидерлари Исмоил Исақов, Назарбек Нишонов ва уй бекаси Дамира Ўмурқуловалар президентликка ўз номзодларини кўрсатганлар ҳамда Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни топширганлар.
XS
SM
MD
LG