Линклар

Тошкент Бишкек таклифини эътиборсиз қолдирмоқда


Расмий Тошкент Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида фуқароларга тезлаштирилган тарзда фуқаролик бериш тартибига доир таклифларни эътиборсиз қолдирмоқда.

Бу ҳақда Қирғизистон Миграция давлат қўмитаси раҳбари Ойгул Рисқулова парламентдаги чиқишида маълум қилди.

- Бизнинг бу борада шартнома имзолаш тўғрисидаги таклифларимизга Ўзбекистон жавоб бермаяпти. Лекин биз Ўзбекистондан Қирғизистонга кўчиб келган фуқаролар, жумладан, этник қирғизларга фуқаролик мақомининг тезлатилган тартибда берилиши учун барча имкониятларни ишга солмоқдамиз, деди Ойгул Рисқулова.

Қирғизистон ҳукумати бир неча йил олдин “Қайрилман” дастурини қабул қилган эди. Бу дастур доирасида бошқа давлатлардан тарихий ватанига кўчиб келган этник қирғизларга тезлаштирилган тарзда фуқаролик бериш, уй-жой ва иш билан таъминлаш назарда тутилган.

Айни пайтда¸ Қирғизистонга кўчиб келаётган этник қирғизларнинг асосий қисмини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади.

Ўзбекистон билан бу борада тегишли шартнома имзоланмагани туфайли Ўзбекистондан кўчиб келган этник қирғизларга фуқаролик бериш жараёни бир неча йилларга чўзилиб кетмоқда.
XS
SM
MD
LG