Линклар

logo-print

Ўзбеклар Умрага йўл олди


Ўзбекистонлик мусулмонлар шу кунларда Умра зиёратини адо этиш ниятида Саудия Арабистонига йўл олмоқдалар.

Ўзбекистонлик мусулмонлар шу кунларда Умра зиёратини адо этиш ниятида Саудия Арабистонига йўл олмоқдалар.

Ҳаж ибодатини адо этишга имкон топмаган¸ ëхуд Маккаю Мадинани яна бир бор тавоф қилишни истаган ўзбекистонлик мусулмонлар шу кунларда ҳукумат томонидан уюштирилган сафар билан Саудий Арабистонига кетмоқдалар.

Фуқароларни Ҳаж ва Умра зиёратига йўллаш бўйича комиссия маълумотига кўра, зиёратчиларни Умрага жўнатиш 30 март куни бошланган ва бу жараён 24 апрелга қадар давом этади.

Зиёратчилар дастлаб Жидда шаҳрига бориб, у ердан Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварага йўл оладилар.

Маълум бўлишича, Умрага бораётганларнинг асосий қисми Фарғона водийсидан.

Фарғона вилоят диний ишлар бошқармаси ходимасининг билдиришича, баҳорги мавсумда 700 нафар фарғоналик Умра зиёратини амалга оширади.

Фарғоналик Абдусалом Эргашев олти марта Ҳаж зиёратини адо этган.

Абдусалом Эргашев зиёратчилар орасида фарғоналикларнинг кўплигини Фарғонада Ўзбекистоннинг бошқа жойларига нисбатан Ислом динига эътиқод қилувчилар кўплиги билан изоҳлайди.

- Фарғонада иймонга интилиш, динга қайтиш сал кучлироқ. Ўзбекистонда 1991 йилдан кейин ғоя деган нарса қолмагани учун ғояга интилиш кучайиб, кўпроқ одамлар ўзларига ғоя сифатида динни танламоқдалар, дейди Абдусалом Эргашев.

Суҳбатдошимиз зиёратчиларнинг асосий қисми қариялар эканлигини айтар экан, бу ҳолатни ёшларнинг катталарга ҳурмат–эҳтироми сифатида эътироф этади.

- Зиёратчилар орасида ёшлар бор¸ лекин улар кўпчиликни ташкил қилмайди. Чунки бизнинг халқимизда¸ бизнинг миллатимизда ота-онага ҳурмат анча баланд туради. Шунинг учун имкон топганлар аввало ота-онасини жўнатишга ҳаракат қилади.

Меҳнат муҳожири бўлиб, уй-жойини¸ ота-онасини¸ бола-чақасини ташлаб чиқиб кетган йигитларнинг жуда кўпчилиги озгина пул топиши билан ота-онасини Ҳажга ëки Умрага жўнатишга ҳаракат қилишига жуда кўп бор гувоҳ бўлганман, дейди Абдусалом Эргашев.

Тошкент шаҳрида яшовчи Расулбек исмли йигитнинг айтишича, ўзбекистонлик диндор ёшлар ҳам зиёратга боришни ҳохлашади. Бироқ Расулбекка кўра, мамлакатда диндор ёшларга нисбатан босимнинг кучлилиги сабабли улар Ҳажга боришдан қўрқишади.

- Мусулмонларнинг қалбида бор, зиёрат қилиш истаги. Менимча, ëшлар Умрага ëки Ҳажга боришга чўчиса керак.

Масалан, битта уйда бир неча киши жамоа бўлиб намоз ўқиса ҳам қамаб қўйяпти. Ваҳҳобий ёки ҳизбчи деган тамға босилаяпти.

Намозни хоҳлаган жойда ўқиш мумкин. Хоҳласа масжидда ўқийди¸ хоҳласа кўчада ўқийди¸ хоҳласа бировнинг уйида ўқийди.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда диндор ёшларга нисбатан босим бор. Лекин бир нарсани унитмаслик керак , диннинг йўлини кесган одамнинг охирати куйди ҳисоб, дейди Расулбек.

Айримлар Ҳаж ёки Умрага зиёрат қилиш учун моддий имкониятлари етмаслигидан нолийди.

- Қани, маблағ бўлса, албатта борардим. Маблағ бўлса! Ҳозир зиёратга бориб келишга икки-уч миллион сўм пул керак. Шапка-папкаси билан 4 миллион бўлади. Бундай пул йўқ бизда, дейди Сурхандарё вилоятининг Бойсун қишлоғида яшовчи 84 ёшли Ҳожиқул Эшқурбонов.
XS
SM
MD
LG