Линклар

Молдовадаги намойишлар зўравонликларга айланди


Молдова пойтахти Кишинёвда якшанба куни ўтказилган парламент сайлови натижаларига қарши ўтказилган норозилик намойиши зўравонликларга айланиб кетди.

Сўнгги маълумотларга кўра, намойишчилар ва полиция ўртасида рўй берган тўқнашувларда 40 қа яқин одам тан жароҳати олган.

Озодлик радиосининг Кишинёвдаги мухбири намойишчилар президент қароргоҳини қўлга олганини хабар қилди:

- Менимча¸ намойишчилар президент саройини қўлга олган, боиси мен мазкур бино томида байроқ кўтарган ёшларни кўрдим. Бироқ унга яқин парламент биноси олдида қуролланган полиция ходимларини ҳам кўрдим. Ҳозирча улар намойишчилар томон юришга журъат этгани йўқ.¸ деди Озодлик мухбири.

Айни пайтда минглаб намойишчининг парламент биноси олдига тўплангани айтилмоқда.

Россия ахборот агентликлари президент Владимир Ворониннинг норозилик намойишлари мамлакатдаги вазиятни издан чиқаришга қаратилган, деган сўзларидан иқтибос келтирди.

Намойишчиларнинг таъкидича, мамлакатда ўтказилган парламент сайловлари чоғида коммунистларнинг ғалабага эришиши учун жиддий қонунбузарликларга йўл қўйилган.

Молдова Марказий сайлов комиссиясига кўра, парламент сайловларида коммунистлар 50 фоиз овоз тўплашга муяссар бўлган, мухолифатдаги учта партия эса қарийб 35 фоиз овоз тўплаган.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Хавъер Солана намойишчиларни зўравонликлардан тийилишга чақириб, ҳукуматни тинч намойишлар ўтказишга рухсат буришга ундади.

Айни пайтда¸ Россия ва Руминия Молдовадаги воқеалар ривожидан жиддий ташвиш билдирди.
XS
SM
MD
LG