Линклар

logo-print

Ярашми ëки кураш ?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон сенаторлари ЖК га киритилган янги ўзгартишларни¸ адлия тизимининг либераллаштирилаëтгани билан изоҳламоқдалар.

Ўзбекистон сенаторлари ЖК га киритилган янги ўзгартишларни¸ адлия тизимининг либераллаштирилаëтгани билан изоҳламоқдалар.

Ўзбекистон Сенати ярашув тизимини кучайтириб¸ жиноят билан қўлга олинган фуқароларнинг ишни судга оширмай¸ ўзаро келишиб олишини рағбатлантирувчи ўзгартишларни маъқуллади.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 42 моддаси бўйича жавобгарликка тортилган шахслар энди кодексга киритилган ўзгартишларга кўра, қамоқ жазоси олмаслиги мумкин.

Жумладан, «Озодликдан мажбурий маҳрум қилиш», «Меҳнатга бўлган ҳуқуқни бузиш», «Меҳнат муҳофазаси қоидасини бузиш», «Безорилик» каби моддалар бўйича илгари 3 йилгача озодликдан маҳрум этилиш мумкин эди.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов янги ўзгартишларни ижобий дея баҳолайди.

- Биринчи навбатда таъкидлаб ўтиш керакки¸ мана шу ярашув институти киритилиши билан ўзгартиш қабул қилинган моддалар жиноят кодексида кўпинча икки фуқаронинг қанақадир манфаатлари бир-бирига зид бўлиб¸ келишмай қолиши натижасида келиб чиқадиган зиддиятларда пайдо бўладиган жиноятлар ëки ҳуқуқбузарликларга доир эди.

Мана шу моддаларга ўзгартиришларни биз Жиноят кодексини қисман бўлса ҳам либералўаштириш жараëнига хос¸ дейишимиз мумкин. Албатта¸ мана шу моддаларни аллақачон ярашув институти орқали киритиб ўзгартириш пайти келган эди. Буни ижобий баҳоласа бўлади¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Адвокат Рустам Тўлагановнинг айтишича, ҳали у ўз иш амалиётида ярашган томонларни кўргани йўқ. Унинг фикрича, қонунлар яхшию, лекин улар Ўзбекистонда ишламайди:

- Қонунларимиз умуман ëмон эмас. Дунë миқëсидаги қонунларга тўғри келиб турибди. Лекин биздаги қонунлар ишламаяпти.

Либераллаштириш қонуни неча йиллардан бери чиқиб ëтибди¸ лекин либераллаштирилган қонунларни мен ҳали кўрганим йўқ. Ижросини¸ кимгадир либераллаштириб қўлланилганини кўрганим йўқ.

Бир неча йиллардан бери тавбасига таяниб ëтганларни либераллаштириб¸ биз кечирдик деган нарса бўлганда эди¸ мен тушунардим. Либераллаштириш бор¸ лекин ижроси йўқ. Ҳозир бу тўғрида гапириш уяту¸ дейди Рустам Тўлаганов.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев ҳам Рустам Тўлаганов фикрларига қўшилади:

- Қонунларни минглаб марта ўзгартириш мумкин. Лекин бу қонунларни ҳаëтга тадбиқ этиш механизми йўқ. Ўзбек жамиятида бор қонунлар ҳаëтга тадбиқ этилмаган. Такрор айтаман¸ механизм йўқ.

Бу механизмни ишлаб чиқиш учун аввало ўзбек жамиятида демократик тузум ўрнатилиши керак. Ҳолбуки бизда авторитар режим¸ дейди Бахтиëр Ҳамроев.

Адвокат Руҳиддин Комиловнинг сўзларига кўра, ярашув институти Ўзбекистонда қўлланиляпти. Янги ўзгартиришлар эса унинг қамровини кенгайтиради:

- Ўша моддаларга айнан тушса¸ ишлаб турарди. Ўша дастлабки терговда ярашувга бориларди. Бу томонларга боғлиқ¸ иккала томон ярашаман деса¸ бу нарса бўлади. Ярашув бир тарафлама эмас¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Фарғоналик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Баҳодир Элбоев фикрича, ярашув институти амалда кенг қўлланилиши мумкин. Лекин милициядаги коррупция бунга йўл қўймайди.

Иккинчидан эса,милиция ходимлари мансаб пиллапояларидан кўтарилиш учун ҳам жиноят ишларини судга оширишни яхши кўради. У бунга шундай мисол келтиради:

- Яқинда битта иш билан шуғулланиб турган эдим. Ўғирлик қилгани учун қамалиб чиққан бола билан унинг оғайнилари баҳслашиб қолишган. Оғайниси “Сен зўр ўғри бўлсанг ҳам¸ уйимга кира олмайсан” деган. Бу баҳс чойхонада бўлган.

Ҳалиги ўғри бола ўртоғининг уйига кирган ва қочиб кетмасдан ўртоғининг келишини кутган. Ўртоғи уйига келганда¸ унга “Мана уйингга кирдим” деб айтган. У дарров милицияга телефон қилган. Милиция бўлса яраштирувни ишлатмасдан айбловлар қўйиб¸ куч ишлатиб¸ иш ҳозир терговда. Уйнинг эгаси бўлган бола ва унинг отаси “Ҳеч қанақа даъвоимиз йўқ” деб ëзиб ҳам берган¸ дейди Баҳодир Элбоев.

Унинг фикрича, жиноят бўйича биринчи суриштирув ишлари олиб борадиган милициянинг ўз қонуни ҳали қабул қилинмаган экан, янги қоунунлар қабул қилишдан фойда йўқ.

- Жиноят кодексига қўшимча яраштирув киритишдан олдин¸ милиция тўғрисидаги қонунни қабул қилиш¸ тасдиқлаш керак. Уни амалга тадбиқ қилиш керак. Ана шундан кейин қўшимча қонунларни чиқариш мақсадга мувофиқ бўлади¸ дейди Баҳодир Элбоев.

Адвокат Руҳиддин Комилов эса унинг бу фикрларини рад этади:

- Қонун йўқ¸ лекин Жиноят процессуал кодекси милицияга суриштирувчи¸ тергов қилувчи орган сифатида маълум бир ваколатларни берган¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячиларининг айтишларича, оддий қонунларни билмаган фуқароларнинг жиноий ишларини олиб борадиган милиция учун бу коррупцияга йул очади. Зеро, улар орасида, фуқаролардан ишингни тинчитиб юбораман деб, пора олиш ҳолатлари кўпаяди.

Ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов ҳам бундай ҳолатларнинг бўлишини рад этмайди:

- Бунақа муаммо Ўзбекистонга ўхшаб коррупция ботқоғига ботган давлатлар учун доимо бор. Қонунларнинг амалда қандай ишлаб кетиши ҳуқуқ-тартибот органларига¸ фуқароларнинг ўзларига¸ уларнинг адвокатларига боғлиқ. Лекин қонуннинг ўзининг қабул қилинишига баҳо берадиган бўлсак¸ бу яхши¸ албатта. Энди бу ëғини вақт кўрсатади¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Ўзбекистон сенатори Мирзаюсуф Рустамбоевнинг Регнум ахборот агентлигига берган маълумотига кўра, мамлакатда ярашув институти жорий қилинган 2001 йилдан буён 80 минг киши қамоқ жазосидан қутулиб қолган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG