Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:23

Ўзбекистон минтақани боғламоқчи


Ўз ҳудудида халқаро стандартларга мос келадиган магистрал йўллар қуриш орқали Ўзбекистон мамлакатни минтақани боғловчи асосий савдо йўлига айлантирмоқчи.
Ўз ҳудудида халқаро стандартларга мос келадиган магистрал йўллар қуриш орқали Ўзбекистон мамлакатни минтақани боғловчи асосий савдо йўлига айлантирмоқчи.

Ўзбекистон мамлакатни Қирғизистон ва Қозоғистон билан боғловчи 1427 км.лик автомобил йўлини қайта қуриш ва таъмирлашни режаламоқда. Аммо глобал инқироз даврида йўл қуришдек қиммат ишга ким пул беради¸ деган савол очиқ қолмоқда.

Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг Марказий Осиё бўйича NBCA лойиҳаси маълумотига кўра, Ўзбекистон шимолидан то жанубга қадар чўзилган 1427 километрлик автомобил йўлини қайта қуриш ва таъмирлаш лойиҳасида 18 та катта, 600 та ўрта ва кичик ҳажмдаги кўприк, 180 та ёқилғи қуйиш шаҳобчаси, автомобил инфратузилмаси билан боғлиқ бошқа объектларни қуриш режаланган.

Мутахассислар ҳисоб-китобига таяниб, www.gazeta.uz сайтининг ёзишича, автомобил йўлини қайта қуриш ва таъмирлаш лойиҳаси тўлиқ амалга ошган тақдирда¸ Ўзбекистон бўйлаб халқаро юклар ташиш ҳажми 50 фоизга ошади.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Малик Абдураззоқов бу лойиҳадан кўзланган мақсаднинг иқтисодий ва ижтимоий таранг вазиятни юмшатиш бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

- Ҳозирги иқтисодий бўҳрон сабабли¸ Россия ва Қозоғистонда ишлаётган ўзбекистонликлар ватанга қайтиб келмоқда. Бу лойиҳалардан кўзланган мақсадлардан бири¸ уларни ишга жалб қилишдан иборат.

Ички меҳнат бозорида ишсизлик муаммо эди, ишчи мигрантларнинг қайтиши вазиятни янада оғирлаштиради. Ҳозир Россия ва Қозоғистон ишчи мигрантларга квоталарни камайтиряпти. Улар Ўзбекистонга қайтса, иқтисодий ва ижтимоий муаммолар янада кучаяди, дейди Малик Абдураззоқов.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Виктор Ивонин автомобил йўлларини қайта-қуриш ва таъмирлаш лойиҳасини амалга ошириш¸ янги иш жойлари яратади¸ деган фикрга қўшилишини айтди.

- Ушбу транспорт лойиҳаси ҳамманинг манфаатини ҳисобга олган. Бу лойиҳа Андижон, Намангандан - Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм орқали Нукус ва ундан ҳам узоққача бориб етади. Буни амалга оширишдан ҳамма вилоят ўзи учун керак бўлган нарса, яъни, янги иш жойларига эга бўлади.

Бу лойиҳада ҳамма баробар қатнашади. Ҳамма ўз ҳудудида қурилиш ва таъмирлаш ишларини олиб боради. Энг муҳими бу ишларда¸ асосан маҳаллий материаллар ишлатилади. Шу билан бирга йўл ўтадиган ҳудудларда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфраструктураси ҳам оёққа туради, дейди Ивонин.

2015 йилгача амалга ошиши мўлжалланган мазкур лойиҳа учун 2¸5 миллиард доллар керак бўлиши айтилмоқда. Маълумотларга кўра, Осиё тараққиёт банки бу лойиҳани қисман молия билан таъминлашга рози бўлган.

Виктор Ивонин 2¸5 миллиард доллар лойиҳада белгиланган нарх эканини¸ аммо йўл қурилишини амалга ошириш учун белгиланганидан уч баробар кўп маблағ сарфланиши мумкинлигини айтади.

- Бу лойиҳада белгиланган нарх. Бошқа манбалардан молиялаштириладиган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмани ривожлантириш ҳам назарга олинса, лойиҳа анча қимматга тушади. Одатта уч баробар қимматга тушади. Лойиҳада белгиланган нарх 2¸5 миллиард доллар бўлса, у амалда 7¸5-8 миллиард долларга тушади, дейди Ивонин.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев¸ Ўзбекистонда автомобил йўллари лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган маблағнинг маълум қисмини хориж давлатлар беришини айтди.

- Бу лойиҳа қиммати 2¸5 миллиард доллар деб ҳисобланган бўлса, маълум қисмини Хитой ўз бўйнига олаяпти. Чунки иккита йўлни, яъни, темир йўл ва автомагистрал йўлини Хитойнинг ўзи қураяпти.

Учинчи лойиҳага, америкаликлар кейинги учрашувларда Ўзбекистондаги темир йўлларни замонавийлаштириш, станциялардаги бор аппаратура, техник анжомларни замонавий турларини келтириб бериш ва шуни молиявийлаштиришга розилик берган.

Шунинг учун ана шу 2¸5 миллиардлик лойиҳани амалга ошириш¸ ҳақиқатга яқин деб ўйлайман. Ҳақиқатда бу бир- икки йил ичида амалга ошиши керак.

Агар шундай бўлса, Ўзбекистон¸ ҳақиқатда халқаро меъёрдаги транзит мамлакатга айланади ва республикадаги автотранспорт воситалари компаниялари ва темирйўл компанияларининг ишлари анча унади, дейди ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG