Линклар

logo-print

Лангариевларнинг "лангари" синди

  • Гулнора Равшан

Суҳроб Лангариевни қўлга олиш амалиёти пайтида ўттизга яқин бино вайрон этилиб, тинч аҳоли вакилларидан саккиз нафари ҳалок бўлган эди.

Суҳроб Лангариевни қўлга олиш амалиёти пайтида ўттизга яқин бино вайрон этилиб, тинч аҳоли вакилларидан саккиз нафари ҳалок бўлган эди.

Лангариевларнинг қудратли наркогуруҳи - ўзини ҳокимиятга олиб келишда хизмат кўрсатган иттифоқчиларини бирин-кетин йўқ қилаëтган Тожикистон президентининг навбатдаги нишонига айланди.

Тожикистон Халқ фронти собиқ лидерлари Лангари Лангариевнинг укаси Суҳроб Лангариев, Халқ фронти собиқ бош қўмондони Сангак Сафаровнинг 22 ёшли ўғли Нурмуҳаммад Сафаров, уларнинг яқинлари Ғафуров, Бўриев, Ризоев, Сулаймонов ҳамда Афғонистон Ислом жумҳуриятининг икки фуқароси - Ҳабибраҳмон валади Султоназиз, Ғуломсиддиқ валади Муҳаммадийлар Тожикистон Олий суди томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар.

Маҳкама жараёнини олиб борган Тожикистон Олий суди раиси ўринбосари Зафар Азизовнинг билдиришича, судланувчиларнинг барчаси ўз айбларига тўла иқрор бўлганлар.

Олий суд матбуот котиби Маҳмадали Юсупов¸ Суҳроб Лангариев гуруҳига нисбатан ўтказилган маҳкама жараёни Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасига тегишли вақтинчалик сақлаш изоляторида, ёпиқ эшиклар ортида олиб борилганини маълум қилди.

Бу гуруҳда собиқ дала қўмондони Лангари Лангариевнинг тўнғич ўғли Аъзам Лангариев ва Лангариевнинг жияни Шайдулло Султонов ҳам бўлиб, суд ҳукми билан улар 21 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Тожикистондаги фуқаролик уруши бошларида қурбон бўлган Лангари Лангариевнинг 32 ёшли укаси Суҳроб ўтган йил май ойида Кўлоб шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан 15 соат давом этган қуролли тўқнашув натижасида қўлга олинган эди.

Ўшанда Суҳроб Лангариев афғонистонлик наркотик савдогарлари билан катта миқдордаги банг моддаларини Тожикистон ҳудудига олиб кирганлик ва ноқонуний тарзда қурол сотишда гумонланган ва унинг уйи Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимларидан иборат махсус гуруҳ томонидан қуршаб олинган эди.

Суҳроб ўзига қўйилаётган айблар асоссизлиги сабабли ҳукумат кучларига таслим бўлмаслигини эълон қилган ва икки ўртада отишма бошланиб кетган эди.

Натижада 30га яқин бино вайронага айланган, 8 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Фархунда Самадованинг маълум қилишича, судланувчилар суд ҳукмига нисбатан норозилик билдиришган.

- Масалан, Лангариевнинг жияни Шайдулло Султонов устидан чиқарилган ҳукм адолатсиз бўлди.

Суд прокурор талаб қилган 19 йил ўрнига уч йил қўшиб, уни 21 йилга озодликдан маҳрум қилди, дейди Фархунда Самадова.

Айни пайтда¸ ўз фарзанди ва жигарбандлари устидан ўқилган ҳукм адолатсизлигини иддао қилаётган 86 ёшли Салмон Лангариев бир неча марта президент Имомали Раҳмон номига хат ёзиб, “Ишни шахсан президент ўрганишини” талаб қилган эди.

- Мен барибир президент ҳузурига кираман ва тожик жамиятида яна бир марта низо чиқариш режасида бўлган шахслар юзидаги ниқобни йиртиб ташлайман.

Ўғлимнинг гуноҳсизлигини ва бу ишлар оиламиз, тожиклар душманлари иши эканини унга айтаман.

Президентдан шахсан ўзи бу ишни текшириб кўришини сўрайман.

Зеро мен ва ўғилларим, раҳматлик Сангак Сафаров, қонуний ҳукумат барпо этиш учун курашдик, бу хизматларимизни ҳукумат унутмаслиги керак, деган эди матбуот анжуманларидан бирида Салмон Лангариев.
XS
SM
MD
LG