Линклар

"Бакиев терговга аралашмайди"


Мухолифат лидерларига нисбатан очилган жиноят ишларини тўхтатиш талаби билан Қирғизистоннинг барча ҳудудларида кичик-кичик намойишлар бўлиб турибди.

Мухолифат лидерларига нисбатан очилган жиноят ишларини тўхтатиш талаби билан Қирғизистоннинг барча ҳудудларида кичик-кичик намойишлар бўлиб турибди.

Қирғизистон президенти мамлакат Омбудсменига мухолифат лидерларига нисбатан олиб борилаётган тергов ва суд жараёнларига аралашмаслигини айтган бўлса-да, мухолифат тарафдорлари президентнинг бу сўзлари самимий эканига шубҳа билдирмоқдалар.

Туркиялик тадбиркор Сервет Четинни отиб ўлдирилишига алоқадорликда айбланаётган мухолифат лидери Аликбек Жекшенқуловни тергов жараёни тугагунга қадар яна бир ой қамоқда сақлаш тўғрисидаги қарор ёпиқ эшиклар ортида ўқилди.

Бишкек милицияси ходимлари судя жараёнга ҳеч кимни киритмаслик тўғрисида буйруқ берганини билдириб, жамоатчилик вакиллари йўлини тўсдилар.

Шу муносабат билан суд биноси олдида юздан ортиқ одам норозилик намойиши ўтказди. Улар “Жекшенқулов озод этилсин”, “Сиёсий репрессиялар тўхтатилишини талаб қиламиз” каби шиорларни кўтариб олган эдилар.

Суд жараёни якунланиб, милиция ходимлари Аликбек Жекшенқуловни олиб кетаётган пайтда намойишчилар: “Аликбек¸ халқ сен билан”, “Ўзингни асра”, “Қирғизистон президенти шарманда бўлди”, деб ҳайқирдилар.

Аликбек Жекшенқуловнинг адвокати Нина Зотованинг айтишича, маҳкама жараёни жуда қисқа бўлган.

- Суд жуда қисқа муддатда қарор қабул қилди. Аликбек Жекшенқуловнинг бир ойлик қамоқ муддати тугагани, бироқ тергов жараёни якунланмагани ва шу сабабли ҳимоямдаги одамни яна бир ой қамоқда сақлаш зарурлиги тўғрисида қарор чиқарилди.

Мен адвокат сифатида Сервет Четин отиб ўлдирилган қурол деб айтилаётган Аликбек Жекшенқуловга тегишли тўппончани мустақил экспертизадан ўтказишни талаб қилдим. Лекин суд бу талабномани рад этди, деди адвокат Нина Зотова.

Сўнгги уч ой ичида Аликбек Жекшенқуловдан ташқари Қирғизистон мухолифатининг Исмоил Исақов, Ишенбай Қодирбеков ва Иса Ўмурқулов каби бир қатор лидерларига нисбатан жиноят ишлари очилган.

Айрим кузатувчиларга кўра, бу шахсларга нисбатан жиноят ишларининг очилишини сиёсий тазйиқ қатори баҳолаш лозим. Чунки номи зикр этилган мухолифат лидерларининг 23 июлда ўтадиган президентлик сайловларида Қурмонбек Бакиевга асосий рақиб сифатида майдонга чиқиши кутилаётган эди.

- Ҳозир мамлакатни миршаблар ҳукумати бошқармоқда. Ўз халқини қўрқитиб, тазйиқ ўтказиб, ҳур фикрлиликни йўқ қилиш асосий мақсад бўлиб қолди. Мухолифат лидерларига нисбатан жиноят ишларининг очилиши мана шундан даракдир, дейди “Фуқаролик жамияти коррупцияга қарши” нодавлат ташкилоти раҳбари Тўлайкан Исмоилова.

Айни пайтда= мухолифат лидерларига нисбатан очилган жиноят ишлари масаласи Қирғизистон Омбудсменининг президент Бакиев билан бўлган учрашуви чоғида ҳам кўтарилган.

Омбудсмен Турсунбек Акун президент Бакиевга 2008 йилда Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлашгани тўғрисидаги ҳисоботини топширган ва мухолифат лидерларига нисбатан очилган жиноят ишлари ҳақида ҳам ахборот берган.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, Қурмонбек Бакиев Омбудсменга Конституция гаранти сифатида мухолифат лидерларига нисбатан олиб борилаётган тергов ва суд жараёнларига аралашмаслигини билдирган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги эса мухолифат лидерларига нисбатан жиноят ишларининг очилишида ҳеч қандай сиёсий сабаблар йўқлигини айтмоқда.

- Биз фақат Жекшенқуловнинг тўппончасидан ким фойдаланганини ва туркиялик тадбиркорни ким ўлдирганини аниқламоқчимиз, холос.

Жекшенқуловни аниқ қотил, деб айтаётганимиз йўқ. Факт шуки, турк ишбилармони Сервет Четин унинг тўппончасидан отилган ўқдан ҳалок бўлган, деди Ички ишлар вазирлиги расмийси Эшмурза Азимжонов.

Қирғизистон Бош прокуратураси эса президентликка номзоди кўрсатилган мухолифат лидери Исмоил Исақов Мудофаа вазири лавозимида ишлаб турганида давлатга тегишли квартирани ноқонуний ўзлаштиргани ва шу сабаб унга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилган эди.
XS
SM
MD
LG