Линклар

Сармоядорлар номи ўзгармоқда

  • Ҳасанжон

Газпром ва Лукойлнинг Ўзбекистонда режалаган лойиҳаларга сармоя топиши савол остида қолаëтган бир пайтда¸ Ўзбекистон бу соҳага қизиққан бошқа давлат ширкатларига эшикларни кенгроқ очмоқда.

Газпром ва Лукойлнинг Ўзбекистонда режалаган лойиҳаларга сармоя топиши савол остида қолаëтган бир пайтда¸ Ўзбекистон бу соҳага қизиққан бошқа давлат ширкатларига эшикларни кенгроқ очмоқда.

Мамлакат нефт ва газ саноатига сармоя ëтқизиш истагидаги хориж ширкатлари сафини кенгайтираëтган Тошкент¸ ҳозирда Малайзия ва Жанубий Африка компаниялари билан 2¸5 миллиард долларлик лойиҳа устида ишламоқда.

Ўтган йил ноябр ойида ўшандаги Малайзия Бош вазири Абдулла Бин Ҳожи Аҳмад Бадавийнинг Тошкентга сафари чоғида президент Ислом Каримов Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик йўқлигини таъкидлаб, икки давлат айниқса, энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириши кераклигини¸ бунинг учун Ўзбекистон Петронас ширкатига кенг имкониятлар яратишини ваъда қилган эди.

- Петронас компанияси Ўзбекистонда ўзини ишончли ва масъулиятли шерик сифатида намоён этди ва шу боис унинг янада кенгроқ фаолият юритиши учун биз Ўзбекистонда бу компанияга янги имтиёз ва қулайликлар яратиб беришга тайёр бўлганимизни изҳор этмоқчиман, деган эди Ўзбекистон раҳбари.

Афтидан Каримов берган ваъдасининг устидан чиқмоқда.

7 апрел куни Тошкентда Ўзбекнефтегаз миллий холдинг компанияси раиси, Бош вазир ўринбосари Эргаш Шоисматов, Малайзиянинг давлатга қарашли Петронас ширкати президенти Муҳаммад Ҳасан Марикан ва Жанубий Африка республикасининг Сасол ширкати ижрочи директори Пэт Дэвиес Ўзбекистонда табиий газдан синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқарувчи завод қуриш лойиҳасини амалга оширишнинг асосий принциплари¸ шунингдек, ҳамкорлик муносабатлари ҳақида англашув меморандуми имзолади.

Келишувга мувофиқ, завод қуриш учун жорий йил охиригача қўшма корхона ташкил этилади. Интерфакс ахборот агентлиги бу лойиҳанинг қиймати 2¸5 миллиард доллар эканини маълум қилди.

Келишув ва Ўзбекистонга ётқизилажак сармоя ҳақида маълумот олиш учун Петронас компаниясига қўнғироқ қилганимизда¸ ширкат вакили келишув тафсилотлари ҳақида гапиришга вақт эрта эканини айтди.

- Бу ҳақда гапиришга вақт ҳали эрта. Шартнома эндигина имзоланди. Тафсилотлар ҳали аниқ эмас, деди ўз исмини айтмаган Петронас вакили.

Маълумотларга кўра, Петронас компанияси ҳозирга қадар Ўзбекистоннинг нефт ва газ соҳасига 750 миллион доллардан ортиқ сармоя ётқизган.

Сасол компанияси матбуот вакили Жаки О’Салливан 7 апрел куни имзоланган келишув ўз ширкатининг Ўзбекистон ҳукумати ва Ўзбекнефтегаз билан имзолаган биринчи келишуви экани ва Сасол ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканини айтди.

- Ўзбекистон ҳукумати ва Ўзбекнефтегаз биз билан жуда яхши ҳамкорлик қилди. Бу биз учун жуда яхши имконият бўлди. Ҳамкорларимиз биз билан бирга ишлашни астойдил хоҳлаяпти. Биз ҳамкорликни янги босқичда давом эттириш ниятидамиз, деди Жаки О’Салливан.

Сасол компанияси Ўзбекистондаги нефт ва газ лойиҳаларига қанча сармоя ётқизишни режалаган деган саволга О’Салливан:

- Ҳозирда лойиҳани амалга ошириш энг биринчи босқичда. Яъни лойиҳани амалга ошириш имкониятлари ўрганилмоқда. Шу боис бу ҳақда аниқ гап айтишга вақт эрта, дея жавоб берди Жаки О’Салливан.

Сасол компаниясининг интернет сайтида эълон қилган баёнотида Ўзбекистонда синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқарувчи завод қуриш лойиҳаси хорижий сармоя ётқизилиши орқали Ўзбекистон иқтисодиётига фойда келтириши баробарида янги иш жойлари яратилиши ҳам билдирилган.

Айрим кузатувчилар Петронас, Сасол каби ширкатлар билан келишувлар имзолаш орқали Ўзбекистон ўзининг нефт-газ соҳасига сармоя ётқизишни хоҳлаган хорижий ширкатлар сафини кенгайтирмоқда¸ деган фикрда.

Ўз исмини айтишни хоҳламаган ўбекистонлик иқтисодчи фикрича, Ўзбекистон ўз табиий ресурсларини ўзлаштиришда бир мамлакат инвесторларига қарам бўлиб қолмаслик учун Петронас ва бошқа ширкатлар билан шартнома имзолаш орқали турли қитъадаги сармоядорларни ўзига жалб қилмоқда.

- Бугунги кунда Малайзиянинг йирик нефт компанияси ҳам Ўзбекистондаги энергия ресурсларига қизиқиши борлигини исботлаш учун Ўзбекистон бозорига кириб боряпти. Мақсад ¸албатта¸ бозордан ўз улушини олиш ва кейинчалик Малайзия ва жануб-шарқий Осиё давлатларига энергия ресурсларини самарали сотишдан иборат.

Бу Ўзбекистонга ўз энергия ресурсларини ўзлаштиришда ҳамкорлик қилаётган бир нечта йирик хорижий ширкатларни диверсификация қилиш имконини яратади. Бунинг ижобий томонлари бор, дейди ўзбекистонлик иқтисодчи.
XS
SM
MD
LG