Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:04

Гуантанамо уйғурлари озодлик эшигида


Шу кунларда Обама маъмурияти Гуантанамодан озод этиладиган бегуноҳ тутқунларни қабул қилишни сўраб¸ ўз иттифоқчиларига юзланмоқда.
Шу кунларда Обама маъмурияти Гуантанамодан озод этиладиган бегуноҳ тутқунларни қабул қилишни сўраб¸ ўз иттифоқчиларига юзланмоқда.

Уйғур ҳуқуқ фаоллари¸ террорчиликда айбланиб¸ Гуантанамо ҳарбий қамоқхонасига ташланган 17 уйғур тутқунининг озод этилиб¸ демократик давлатлардан бошпана топишларига ҳаракат қилмоқдалар.

Яқинда АҚШ Адлия вазири Эрик Ҳолдер Американинг Гуантанамо қамоқхонасида сақланган бир гуруҳ хитойлик уйғур озодликка чиқиши мумкинлигини айтди.

Вашингтон расмийлари 17 нафар уйғурнинг Гуантанамодан озод этилишига розилик берган, аммо Хитойда қийноққа солиниши мумкинлиги сабабли уларни ватанига қайтаришга рухсат бермаган.

Айни пайтда¸ АҚШ Адлия вазири уйғурлар Америка ҳудудида қолиши мумкинлигини ҳам эҳтимолдан соқит қилмади.

Уйғур сиёсий ҳаракати раҳбари, икки ўғли Хитой қамоқхонасида сақланаётган таниқли уйғур тадбиркори Робия Қодир Гуантанамо уйғурлари тақдини ижобий ҳал этиш борасида уринишлар бўлаëтганини айтади.

Робия Қодир: Ҳозир Америка ҳукумати Гуантаномадаги уйғур ва ўзбек болаларини қабул қилиши учун бутун дунë билан сўзлашувлар олиб бормоқда. Ҳали диктатор давлатлар билан сўзлашгани йўқ. Демократик давлатларнинг ҳаммасига таклиф жўнатибди.

Бизнинг дунëнинг ҳар бурчагидаги вакилларимиз Дунë уйғур қурултойи номидан Германия¸ Швейцария¸ Швеция¸ Норвегия¸ Австралия¸ Япония¸ Белгия¸ Ҳолландия¸ Англия¸ Канада каби давлатларга хат юбориб¸ уларнинг бу борадаги позициясининг ëмон эмаслигини англаган эдилар. Аммо сўзлашувлардан бироз вақт ўтгандан кейин улар¸ олмаймиз дейишди. Нима учун?

Чунки Хитой ҳукумати иқтисодий инқироздан фойдаланиб¸ қайсидир давлат бу болаларни қабул қиладиган бўлса¸ шу давлат билан бўлган иқтисодий муносабатларни тўхтатиш¸ уларга сиëсий ва иқтисодий босим ишлатишдан пўписа қилган.

Озодлик: Демак¸ Хитой ҳукумати уйғурлардан босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланаяпти?

Робия Қодир: Ҳа¸ шунақа. Хитой терроризмга қарши ҳаракатларни уйғурларга қарши ишлатди¸ дунë иқтисодий инқирозини уйғурларга қарши ишлатди. Хитой бу нарсаларни бизни миллат сифатида йўқотиш учун амалга оширди.

Хитой Гуантанамодаги уйғурларни олмаслиги учун дунëнинг кўп давлатларига шарт қўйган. Шу туфайли АҚШ ҳукумати дунë билан яна шу ҳақда музокара ўтказаяпти. Ҳозир биз бу болаларнинг Хитойга бериб юборилмаслигига ишонамиз. Чунки у диктатор давлат. Болаларимизни отиб ташлайди ва қаттиқ қийнайди. Буни бутун дунëдаги демократик давлатлар ва Америка билиб турибди.

Болаларнинг яқин орада чиқишига ишонамиз. Адвокатларимиз ҳозир яхши иш қилишаяпти. Менимча¸ ҳозир болалар билан гаплашиб қайтди. Булар энди болаларнинг жавобларига қараб иш юритади. Болалар олдингига нисбатан эркин жойга ўтказилди. Ҳамма 17 бола бир жойда. Уларга ҳеч қандай босим йўқ.
XS
SM
MD
LG